НАВРЎЗ ТАБРИГИ
Сув – ҳаёт манбаи. Бутун борлиққа, хусусан, инсон зотига инъом этилган улуғ неъматлардан бири.
Йил яхши келди, қишда, баҳорнинг бошланишида осмондан
оби-раҳмат, қут-барака, ризқ-рўз ёғди. Омборларимиз сувга тўлди, шу боис ёзги суғориш мавсуми кўнгилдагидек ўтишига, улкан хирмонлар яратилишига сувчиларнинг умидлари катта.
Буюк аллома Ҳаким ат-Термизий бобомизнинг “Наврўзнома” асарида Наврўз ҳафтанинг қайси куни келишига кўра, унинг бирорта сайёрага тааллуқли эканлиги айтиб ўтилган. Жума куни келса, Зуҳра (Венера)га тааллуқли бўлиши, ёмғир кўп ёғиши, зироат яхши бўлиши, нархлар арзонлашиши, шодлик ва фаровонлик йили бўлиши кўрсатилган.
Бу йилги Наврўзнинг халқимиз учун азалдан меҳр-оқибат, шукроналик ва бағрикенглик тимсоли бўлиб келган муборак Рамазон ойига тўғри келиши ҳам байрам руҳини янада ошириши шубҳасиз.
Мана шундай фараҳли лаҳзаларда янгиланиш ва яшариш айёми Наврўз билан барча сувчиларимизни, уларнинг яқинлари ва оила аъзоларини чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Президентимиз халқимизни ўйлаб, озиқ-овқат хавфсизлиги ва фаровонликни таъминлаш учун соҳадаги муаммоларни ечиб бераяпти. “2024 йил – суғориш тармоқларида сув йўқотишларини камайтириш бўйича зарбдор йил”, 2025 йил – “насослар самарадорлигини ошириш йили” деб эълон қилиниши бунинг далилидир.
Бу йил сув хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш, тизимни бутунлай янгилаш, модернизация қилиш бўйича олдимизга улкан вазифалар қўйилган.
586 км каналлар, 15 минг км ички суғориш тармоқлари бетон қилинади.
97 та насос, 109 та электродвигател янгиланади, лимитга нисбатан
100 млн кВт соат электр энергияси тежалади.
500 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар, шундан 75 минг гектарда томчилатиб, 35 минг гектарда ёмғирлатиб суғориш жорий этилади.
Сув тежовчи технологиялар қамрови 2,4 млн гектарга етказилади.
Сув ресурсларини онлайн кузатиш имконини берувчи 1 623 та
“Ақлли сув”, мелиоратив кузатув қудуқларида 2 850 та “Diver” қурилмаси ўрнатилади. 15 та йирик сув хўжалиги иншоотининг бошқаруви автоматлаштирилади.
Хорижий инвестициялар иштирокидаги 10 та лойиҳа доирасида
400 млн АҚШ долларидан зиёд маблағ ўзлаштирилади.
Шўрланган майдонлар 500 минг гектарга камайтирилади.
Қишлоқ хўжалигида 10 млрд куб метр сув иқтисод қилинади.
Ишонаманки, сувчиларимиз бир ёқадан бош чиқариб бу вазифаларни сидқидилдан уддалайдилар.
Зиммамизда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасидаги ишларни якунига етказиб қўйиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бўйича режадаги дарахт кўчатларини тўлиқ экиш масъулияти ҳам турганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни кўклам нафаси юртимиз узра кезаётган мана шундай тароватли кунларда яна бир бор Наврўзи олам билан муборакбод этаман.
Сиз азизларга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.
Гўзал ва жонажон юртимизда шодиёналар, қувончли кунлар кўп бўлсин.
Ҳаётингиз баҳор тонгидек тиниқ, бахтиёр ва фаровон бўлсин!
Баҳорий уйғониш ва нафосат тимсоли – Наврўзи оламнинг қадами қутлуғ ва баракали келсин, сувларимиз мўл бўлсин!
Шавкат Хамраев,
Ўзбекистон Республикаси
Сув хўжалиги вазири
2025 йил 20 март