🤲 ХАТМИ ҚУРЪОНДА ҚИЛИНГАН ДУО ҚАБУЛ
⏺Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қуръон хатм қилинганда ижобат бўладиган дуо бор”.
⏺Аллоҳим! Бизни энг гўзал Калом – Қуръони Карим тиловатига мушарраф қилганинг, уни хатм қилишга муваффақ этганинг учун Ўзингга ҳамду саноларимиз бўлсин!
⏺Аллоҳим! Сарвари олам, Саййидул мурсалийн, Ўзингнинг Ҳабибинг, Расулинг Муҳаммад Мустафога, у зотнинг аҳли байтлари, саҳобалари, тобеъинлар ва уларга эргашган мусулмонларга салавоту салом юбор, раҳматинг ва баракотингни зиёда қил!
⏺Аллоҳим! Бизни энг маҳбуб Расулинг умматидан қилганингга шукр.
⏺Аллоҳим! Бизни Рамазонга етказиб, ибодатингга лойиқ кўрганинг учун Ўзингга ҳамду санолар айтамиз! Ўзингнинг Каломингни тиловат ва хатм қилишни бизга муваффақ қилганингга шукрлар келтирамиз!
⏺Аллоҳим! Бизга Сен берган ва бераётган барча неъматларнинг саноғи, фазлу марҳаматинг адоғи йўқ! Барчаси учун Ўзингга ҳамду саноларимиз бўлсин!
⏺Аллоҳим! Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен барча айбу нуқсондан покдирсан!
⏺Аллоҳим! Бизнинг гуноҳларимизни мағфират этгин! Ўзинг мағфират қилмасанг, раҳм қилмасанг, зиён кўрганларлардан бўлажакмиз!
⏺Аллоҳим! Буйруқларингни тўлиқ адо эта олмадик, қайтариқларингдан қайта олмадик, аммо бўйин товлаб эмас, ожизлигимиздан. Ўзинг ожизларга меҳрибонсан, биздан меҳрингни дариғ тутма!
⏺Аллоҳим! Раҳмати билан айбу гуноҳларимизни яширувчи Зот, уларни мағфиратинг ва фазлинг ила кечириб юбор! Гуноҳларимизнинг каттаю кичиги, махфию ошкораси, билганларимиз, билмайдиганларимизни кечир!
⏺Аллоҳим! Сен афвни қилишни яхши кўрасан, бизни афв эт!
⏺Аллоҳим! Сўраганни яхши кўрувчи Зотсан, Сендан сўрамагандан ғазабланасан, ибодат ва дуоларимизни ижобат айла!
⏺Аллоҳим! Ўзинг “Дуо қилинглар, ижобат қиламан”, деб марҳамат қилгансан. Амрингга биноан дуо қилмоқдамиз, ваъдангга биноан ижобат айла! Сен бандаларингнинг қўлларини қуруқ қайтармагайсан!
⏺Аллоҳим! Бизга розилигингни, жаннатингни ҳамда уларга олиб борадиган сўз ва амалларни насиб қил! Ғазабингдан, дўзахингдан ҳамда уларга олиб борадиган сўз ва амаллардан паноҳ бер!
⏺Аллоҳим! Сендан фойдали илм, мақбул солиҳ амал, гўзал ахлоқ, ҳалол ризқ, баракали умр, солиҳ зурриёт сўраймиз!
⏺Ё Аллоҳ! Бизга кенг феъл, кетмас давлат, зикрли тил, шукрли дил ато эт!
⏺Аллоҳим! Ҳар бир ишда Сенга муҳтожмиз,! Ўзингдан ўзгага муҳтож қилма!
⏺Аллоҳим! Қуръони каримни бизга дунёда ҳамнафас, қабрда ҳамдам, қиёматда шафоатчи, жаннатда ҳамроҳ, дўзахдан парда ва барча эзгуликларга етакловчи сарбон қил!
⏺Аллоҳим! Қуръон туфайли бизга раҳм қилгин ва уни бизга йўлбошчи, нур, ҳидоят, раҳмат ва шифо этгин!
⏺Аллоҳим! Қуръон билан қалбларимизни мунаввар қил, Қуръон билан хулқларимизни зийнатла.
⏺Аллоҳим! Ушбу юртни ва бутун Ер юзини тинч-омон, осуда эт!
⏺Аллоҳим! Рамазондан бизга тақво малакаси, Ўзингга қурбат ҳосил қилишни насиб эт! Рамазондан кейин ҳам Рамазондагидек, балки янада зиёда даражада ибодат ва тоатда, ҳидоятда бардавом бўлишни насиб айла!
⏺Ё Аллоҳ! Бизни Қадр кечасини топган, унинг фазилатларидан баҳраманд бўлганлардан қил!
⏺Роббимиз! Бизга дунёда ҳам яхшилик бер, охиратда ҳам яхшилик бер ва бизларни дўзах азобидан сақла!
⏺Аллоҳим! Расулимиз Муҳаммад Мустафога, аҳли оилалари ва саҳобаларига салавот саломларимизни юбор! Бутун оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
#duo #xatm #qadr_kechasi #ramazon
✅ Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Kanalimizga obuna boʻling:
https://t.me/Rosululohizlaridan