Рўза риёдан холи ибодатдирАллоҳ таоло банданинг ихлосига кўра унинг самимий қилган амали мукофотини кўпайтириб боради. Киши амалларида ва Аллоҳ таоло билан ўртасидаги муносабатга риё аралашмаса, банданинг амалини қабул қилиш хабарини беради Ҳақ субҳонаҳу ва таоло.
Агар риё аралашса, Аллоҳ таоло банданинг амалларини қабул қилмайди. Аллоҳ таолога ширк келтириш энг катта гуноҳлардан бири ҳисобланади. Қай бир ишда банда Аллоҳ таолога бирор нарсани шерик қилса, Аллоҳ таоло унинг ўзини ҳам, ширкини ҳам тарк этади.
Амалларга риё аралашиб қолиши мумкин. Аммо Рамазон рўзаси бундан мустасно. Яъни Рамазон рўзасининг ўзига хос хислатлари бор. Рўза бошқа ибодатлардан фарқ қилади. Чунки бошқа ибодатларга риё ва ширкнинг аралашиши осон бўлади. Рўзага эса риёнинг аралашиши қийин.
Дарҳақиқат, рўзадор саҳар вақти, рўза тутмаган одамлар ухлаётганда оғзини ёпиб, Аллоҳ таолога сўз беради. Унинг рўза тутганини кимдир ё билади ёки билмайди. Риёнинг камлиги шундандир. Аммо бошқа ибодатларда ундай эмас. Масалан, киши намоз ўқиши учун унга бир неча нарсалар керак бўлади. Унинг намоз ўқиётганини бошқалар кўради ва билади. Унга риёнинг аралашиб қолиши кўпроқ бўлади. Рўза шундай жиҳатлари билан фарқ қилади.
Рўзадор одамга иккита катта хурсандчилик бор:
1) Рамазоннинг охирида, Шаввол ойининг биринчи куни, Рамазон ҳайити куни энг катта хурсандчилик бўлади. Рўзадор учун аслида ҳар бир ифтор вақти хурсандчиликдир. Аммо умумий маънода Ҳайит куни энг катта хурсандчиликдир.
2) Аллоҳ таолога йўлиққан маҳал иккинчи хурсандчиликдир. Аллоҳ таоло ўзига йўлиққан рўзадор одамга жуда катта ажр ва мукофотлар беради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“Қуръон ва рўза Қиёмат куни эгасига шафоатчи бўлади” (Имом Аҳмад ривояти).Қуръон ва рўзанинг шафоатчи бўлиши банда учун жуда кераклидир. Чунки инсон нуқсонлидир. Ҳар бир кишининг ўзи биладиган катта-кичик гуноҳлари бор. Қуръон ўқиган, рўза тутган инсон ўзига енгиллик қилган бўлади. Бу шафоат орқали гуноҳлар кечирилади ва ҳатто дўзахдан озод қилинади.
Рўзадорнинг оғзидан чиқадиган ҳид дунё мезонида унча ёқимли саналмаса-да, аммо Аллоҳ таолонинг ҳузурида ёқимли саналади.
https://t.me/Qalb_Gavhari