ИЛҲОМ ПАРИСИ
Дединг: – Надир сенга Илҳом париси,
кўнглингда ранг-баранг иқлимлар қурган?!
Надир ул, илоҳий робита тузиб,
руҳингга ғойибдан саслар еткурган!
Ўз умринг чархида ипак қатимлар
гарчи чексиз эмас, гарчи учма-уч,
олис фалакларда юлдузлар билан
меҳр боғлаттирган қандай буюк куч?!
Кипригинг майсасин қатор ёш айлаб,
қоронғулик узра ёқиб вулқонлар,
бир олмос нуқтага жамлаб оламни,
тафаккур уфқингда отган қай тонглар?!
– Эй дўст, надир менга Илҳом париси?
Кимдир ўз билгича бергувчи фармон?!
Балки ҳар жойдаги жўшқин умид у,
балки ҳар жойдаги жавобсиз армон...
Эмиш, юнонларда, Олимп тоғида
шеърни ёқлагандир Аршнииг эгаси.
Шундан, олий маснад йўриқларидан
шоир воқиф бўлган, бўлган Пегаси.
Аммо айни шу пайт Қипчоқ даштида
Бойчибор боради ўтдай бурқираб.
Туёғига унинг ғаним қоққан мих
юрагига қадар етиб, сирқираб...
Қай сувратда эди Илҳом париси
бу ваҳшат пойгада, билмам, бу жангда, –
лекин шу зафари боис Алпомиш
қўшиққа айланиб қолди ватанда.
Элга ҳақ йўллари торлигин кўриб,
Алишер ҳайқирса – ёнди Каҳкашон:
«Ким бир гулистонким эрур бу жаҳон,
балке жаҳоне гул ичида ниҳон».
Инсон идрокига етти иқлимни
очди унинг «Садди Искандарийси».
Бу гал ҳам халқнинг азиз орзуси
шоирга бўлмишдир Илҳом париси.
Аммо кўп шоирлар нечун майга ром,
начун сарвларга фақат маҳлиё,
Парвонада кўрди бири эрк рамзин,
бири митти шамда халоскор зиё...
Тўғри! Қафасдаги булбул эди Шарқ,
гулгун чаҳраларнинг эрки – тўрт девор...
Аммо қонидаги ҳур чақмоқларни
ошкор этолдику Машраб – исёнкор!
Кечагина кўрдим: жажжи болакай
келтирди хирмонга бир дўппи пахта,
у ҳали билмайди ўлчаш, сотишни...
Гўдакман – виждонлар синалар вақтда.
Башорат айтолса замон зайлидан,
Феруза бўшлиқдан илғаса хабар,
Ҳар гул япроғидан ўқиса достон,
демак, шоир қалби – илоҳий самар...
Мухтор элчилари менинг руҳимнинг
Ҳаётнинг ҳар жабҳа – қабатинда бор:
Шаҳбоз юракларнинг қанотидир у,
тушкун кўнгилларга ҳамшира ва ёр.
Қонимнинг тарихи бўйлаб, фидойи,
қўшинлар келмоқда йиқила-тура.
Илҳом, бу – элнинг зўр эҳтиёжидан
шоир юрагига тушган ғулғула!
Илҳом, бу – ватанни севмоқ мастона!
Ҳа суймоқ! Севишнинг бўлмас шартлари!
Менга Ўзбекистон – Илҳом париси,
унинг қувончлари, унинг дардлари!
1983
ОМОН МАТЖОН
ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ШОИР
Дединг: – Надир сенга Илҳом париси,
кўнглингда ранг-баранг иқлимлар қурган?!
Надир ул, илоҳий робита тузиб,
руҳингга ғойибдан саслар еткурган!
Ўз умринг чархида ипак қатимлар
гарчи чексиз эмас, гарчи учма-уч,
олис фалакларда юлдузлар билан
меҳр боғлаттирган қандай буюк куч?!
Кипригинг майсасин қатор ёш айлаб,
қоронғулик узра ёқиб вулқонлар,
бир олмос нуқтага жамлаб оламни,
тафаккур уфқингда отган қай тонглар?!
– Эй дўст, надир менга Илҳом париси?
Кимдир ўз билгича бергувчи фармон?!
Балки ҳар жойдаги жўшқин умид у,
балки ҳар жойдаги жавобсиз армон...
Эмиш, юнонларда, Олимп тоғида
шеърни ёқлагандир Аршнииг эгаси.
Шундан, олий маснад йўриқларидан
шоир воқиф бўлган, бўлган Пегаси.
Аммо айни шу пайт Қипчоқ даштида
Бойчибор боради ўтдай бурқираб.
Туёғига унинг ғаним қоққан мих
юрагига қадар етиб, сирқираб...
Қай сувратда эди Илҳом париси
бу ваҳшат пойгада, билмам, бу жангда, –
лекин шу зафари боис Алпомиш
қўшиққа айланиб қолди ватанда.
Элга ҳақ йўллари торлигин кўриб,
Алишер ҳайқирса – ёнди Каҳкашон:
«Ким бир гулистонким эрур бу жаҳон,
балке жаҳоне гул ичида ниҳон».
Инсон идрокига етти иқлимни
очди унинг «Садди Искандарийси».
Бу гал ҳам халқнинг азиз орзуси
шоирга бўлмишдир Илҳом париси.
Аммо кўп шоирлар нечун майга ром,
начун сарвларга фақат маҳлиё,
Парвонада кўрди бири эрк рамзин,
бири митти шамда халоскор зиё...
Тўғри! Қафасдаги булбул эди Шарқ,
гулгун чаҳраларнинг эрки – тўрт девор...
Аммо қонидаги ҳур чақмоқларни
ошкор этолдику Машраб – исёнкор!
Кечагина кўрдим: жажжи болакай
келтирди хирмонга бир дўппи пахта,
у ҳали билмайди ўлчаш, сотишни...
Гўдакман – виждонлар синалар вақтда.
Башорат айтолса замон зайлидан,
Феруза бўшлиқдан илғаса хабар,
Ҳар гул япроғидан ўқиса достон,
демак, шоир қалби – илоҳий самар...
Мухтор элчилари менинг руҳимнинг
Ҳаётнинг ҳар жабҳа – қабатинда бор:
Шаҳбоз юракларнинг қанотидир у,
тушкун кўнгилларга ҳамшира ва ёр.
Қонимнинг тарихи бўйлаб, фидойи,
қўшинлар келмоқда йиқила-тура.
Илҳом, бу – элнинг зўр эҳтиёжидан
шоир юрагига тушган ғулғула!
Илҳом, бу – ватанни севмоқ мастона!
Ҳа суймоқ! Севишнинг бўлмас шартлари!
Менга Ўзбекистон – Илҳом париси,
унинг қувончлари, унинг дардлари!
1983
ОМОН МАТЖОН
ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ШОИР