Сизни “Тепада бир танишингиз борми?”Одамлар билан суҳбатлашганда тез-тез учрайдиган иборалардан бири — шу. Оддий қилиб айтганда, бирор киши қандайдир ишни тезроқ ва осонроқ ҳал қилиш учун таниш-билишларини ишга солишга уринганини эшитиб қоламиз.
“Юқорироқда танишинг бўлса ишинг битади” ёки “қўли узунроқ қариндошинг бўлса, фойдаси тегади” каби сўзлар жамиятимизда одатий ҳолатга айланган.
Бироқ, бу сафарги мавзумиз бу ҳақда эмас.
Гап шундаки, баъзи одамлар жиддий ва муҳим ишларни бошламоқчи бўлганларида, авваламбор уларга ёрдам бериладиган бирор таянч бўлишини исташади.
Бошқача айтганда, уларга ишонч берувчи “юқорида танишлари” ёки “қўли узун” қариндошлари борлигини ҳис қилиш керак бўлади.
Сиз буни ўқиб, “Ҳа, бундай одамлар бор”, деб ўйлаб, ўзингизга алоқаси йўқ деб ўйлаб ўтиб кетишингиз мумкин.
Лекин, чуқурроқ назар ташласак, биз ўзимизда ҳам шундай тушунчанинг шаклланганини кўрамиз: қандайдир ишни бошлаш учун, гўёки, орқангда биров бўлиши керак, танишинг бўлиши керак.
Нима иш қилмайлик, кўпинча биринчи қадамимиз — “таниш” қидириш бўлади. Бу эса, назаримда, бизга сингиб кетган ҳолат.
Энди асосий савол: нега?
Мени қизиқтирган савол шу бўлди: нега одамлар шундай йўл тутишади? Нега бевосита ҳаракат қилиш ўрнига, биров орқали ҳал қилишни устун қўйишади?
Бир қарашда жавоб оддий: чунки бу ишни тезроқ, осонроқ ва камроқ қаршилик билан битиради.
Лекин мен изланишларим жараёнида бутунлай бошқа — ички жавобни топдим.
Бу жавоб — инсон фитрати билан боғлиқ эди.
Қандай қилиб? Қани айтаман.
Инсон фитратида — яъни, унинг табиий ички тузилишида — ўзида мавжуд бўлмаган кучга таяниш, ундан ёрдам сўраш ва орқали турли масалаларни ҳал қилиш истаги бор. Бу юқори куч — Худо.
Инсон табиатан ўзидан юқоридаги Кучга юзланади, Ундан сўрайди, Унга талпинади. Бу — ёзилган, синаб кўрилган ва бошқача бўлиши мумкин бўлмаган ҳақиқат.
Фитратни ўзгартириб бўлмайди
Аллоҳ инсонни шундай яратган: Унга сиғиниш ва Унга боғланиш инсон табиатининг бир қисми.
Лекин, масалан, собиқ Иттифоқ давридаги каби Худосизлик ҳукм сурган шароитларда, одамлар Аллоҳни унутдилар.
Аммо фитратларидан қоча олишмади. Натижада — раҳбарларга сиғиниш, уларни илоҳийлаштириш каби ҳолатлар вужудга келди.
Бир шахсга сиғинишни нормал деб қабул қилиш — фитратнинг бурилиши эмас, балки йўналишини алмаштириш холос эди.
Имон сусайса, таянадиган куч ҳам ўзгаради
Шундай экан, инсон фитрати — ўзидан юқори Кучдан ёрдам сўраш, Унга боғланишдир. Лекин агар иймон сусайса, ақийда сустлашса, инсон ўша фитрати асосида, Аллоҳ ўрнига таниш-билишлар, мансабдорлар ёки "қўли узун" қариндошлар орқали ишни битиришга ҳаракат қилади. Чунки у талпиниш ҳиссини қолдиролмайди — фақат йўналиши ўзгаради.
Демак, таниш-билишчиликка барҳам бериш учун фитратга, яъни Аллоҳга қайтиш керак.
© Bekzod Azizov@MubashshirAhmad