#Табрик ОФТОБЖАМОЛ АЁЛЛАР! Муҳтарама онахонлар!Азиз ва суюкли опа-сингиллар! Айни шукуҳли онларда сизларни, сизлар тимсолингизда юртимиздаги барча хотин-қизларни яшариш ва янгиланиш фасли ҳисобланмиш кўкламнинг илк байрами, нафосат ва гўзаллик айёми, 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбдан муборакбод этаман!
Башарият ҳаётига нафосат бағишловчи нозик хилқат вакилалари жамолини офтобга қиёс этсак арзийди. Сизлар дунёга шундай бир ёруғлик бахш этасизки, бу нур атрофингизни нафақат гўзаллик, балки меҳр ва эзгулик билан тўлдиради. Зеро, шонли тамаддун солномасининг ҳар бир саҳифасида давлатчилик ва жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшган қаҳрамон аёллар етарли. Бу ёруғ оламни ёритган нур манбаи – аёл қалбидаги меҳрдир. Инсонга ҳаёт туҳфа этган, унга ғамхўрлик, сабр, матонат, зукколик ва эзгулик сабоқларини берадиган ҳам аёлдир!
Қадрли опа-сингиллар! Бугун юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Уларнинг давлат бошқарувидан тортиб, илм-фан, тиббиёт, тадбиркорлик ва ҳарбий хизмат каби соҳаларда юксак марраларни забт этаётгани, жамият ривожи, халқ фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнат қилаётгани ҳам сўзимизнинг ёрқин далили бўла олади.
“Адолат” социал-демократик партияси ҳам юртимизда амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар жараёнида аёлларни пассив кузатувчи эмас, фаол иштирокчи, ўз ҳақ-ҳуқуқларини билган, қарорлар қабул қилиш жараёнида ўз сўзини айта оладиган қатлам сифатида кўришни мақсад қилган.
Партиямиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Бир “адолатчи” — юз аёлга ҳимоячи” лойиҳаси аёлларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш, уларни қонун ҳимоясида бўлишини таъминлашга қаратилган. Шунингдек, хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш ҳафталиклари, бепул тиббий кўриклар, сиёсий ўқувлар ташкил этилиши партиянинг фақат қонунчилик ташаббуслари билан чекланиб қолмай, амалий ҳаракатлар билан хотин-қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш ва ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш йўлида жадал иш олиб бораётганини кўрсатади.
Бундан ташқари, Сайловолди дастуримизда ижро ҳокимияти тизимида аёлларнинг нуфузини ошириш мақсадида раҳбарлик лавозимларининг камида 30 фоизини аёллар эгаллашига оид қоида киритишни таклиф қилдик. Чунки аёллар ижтимоий тараққиётда ҳал қилувчи куч эканини ҳаётнинг ўзи исботламоқда.
Муҳтарама онахонлар!
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақияти, аввало, зиммасига Ватан равнақидек шарафли масъулиятни оладиган, ҳар томонлама баркамол, кенг тафаккурли, юксак салоҳиятли ва фидойи ёш кадрларга боғлиқ. Ана шундай буюк мақсадларга қодир авлодни дунёга келтириш, уларни давлат ва жамият тараққиётига тўсиқ бўлувчи масъулиятсизлик, бепарволик ва коррупция каби иллатларга муросасиз руҳда тарбиялашда, шубҳасиз, Сизларга таянамиз!
Азиз ва суюкли қизлар!
Бугунги кунда мамлакатимизда сизларнинг жисмоний ва маънавий камолотингиз йўлида, орзу-истакларингизни рўёбга чиқаришингиз учун кенг имкониятлар яратилган. Сизлар бу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, Тўмарис, Бибихоним, Нодирабегим каби буюк аждодларимизга муносиб ворис бўласиз, деган умиддамиз. Зеро, аёл-қизлари баркамол бўлган миллатнинг келажаги, шубҳасиз, буюкдир!
Қадрли ҳурмат ва эҳтиром соҳибалари!
Сизларни яна бир бор ўз номимдан ва бир миллион нафардан ортиқ “адолатчилар” номидан Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбимдан табриклайман! Ҳар бир кунингиз шодлик ва қувончга тўлсин! Оилангиз тинч ва қалбингиз хотиржам бўлсин! Юзингиздан табассум аримасин!
Adolat.uz | Facebook | Telegram | Instagram