#ЯНГИ_ШЕЪР
* * *
Мен-ку тушунаман: эҳтиётликдан
Ҳеч қачон ўзини оқламас лафзлар.
Аммо мавҳум бахтдан,
мужмал шодликдан
Юрагингда ёнган аниқ дард афзал.
Сиз менга эртамни шарҳламанг нисбий,
Сиз менда умидлар уйғотманг, шартмас.
Кун келиб хор бўлса шу куртак жисми,
Баҳор ҳам бахтмас!
Мен қаҳратон кечиб чиққан элданман,
Фарқига бораман иссиқ-совуқни...
Муҳтарам баҳорлар, менга чиндан ҳам
Келажак ҳақида гапингиз йўқми?!
Илмилиқ орзу ва мубҳам тақдирда
Яна қанча судраб борар бу туман.
Ҳаёт гўзал дейман, фақат тақвимда,
Энг ёмони – тушунаман!
✍
Носиржон ЖЎРАЕВ