АГАР ҲАЁТ ШУ БЎЛСА...
Ресторанлар...
Барлар...
Мусиқа...
Сассиқ урён болдирлар...
Тослар...
ирканч лаблар...
Сигареталар...
Ҳаром-ҳариш ўпишлар...
Наҳслар...
Шу ҳаётми!..
Хиёнатлар...
Ҳасадлар...
Кинлар...
Сиёсатлар...
Фитналар...
Қонлар...
Ғижимланган тунд қош-қабоғлар...
Тирсиллаган сийналар...
Рақслар...
Бу нокаслар...
Бу баланд-пастлар...
Шу ҳаётми!..
Йилтиллаган юзлар...
Ҳовузлар...
Шир яланғоч шаҳвоний қизлар...
«Валет», «Дама», «Корол»лар, «Туз»лар...
Мулозимлар...
Ҳаром жиз-бизлар
Шу ҳаётми!..
Данғиллаган саройлар, кўшклар,
ўркач-ўркач елкалар тўшлар,
ўргатилган кўппаклар қушлар,
ит ётишлар, мирзатуришлар...
Шу ҳаётми?!
Бир қўшниси очидан ўлган,
бир қўшнисин томи тўкилган,
бирин қадди етмиш букилган,
ўзи қонлар ичиб қутурган...
Шу ҳаётми?!
Бир кўчада гадолар лак-лак...
Бир кўчада «Тўйлар муборак!»
Бирин оши - ушоғу туршак...
Бирида йўқ на нону намак...
Шу ҳаётми?!
Бировининг хотини аждар...
Бирови хас-хашакдан баттар...
Бирови бу дунёни қарғар...
Бирови бу дунёни ямлар...
Шу ҳаётми?!
Билолмадим, эй ғариб бошим,
Билмам, қирққа кирдию ёшим...
Агар ҳаёт шу бўлса тикка
тупурдим мен унинг бетига...
© АСҚАР МАҲКАМ
📡
@JavohirHaliljonov