БИР КЎЗА СУВ
Гўзаллар соф ва тиниқ кўзгу истаганлари каби, жўмардлик ҳам фақир ва заиф кимсаларни истайди.
Гўзалларнинг ҳусни кўзгуда акс этганидек, инъом ва эҳсоннинг гўзаллиги ҳам фақир ва ғарибларни шод қилиш билан намоён бўлади.
Мавлоно Жалолиддин Румий
Бир фақир бадавий араб жазирама саҳрода хотини билан чодир тикиб яшар эди. Бир кеча хотини:
– Бутун йўқчилик, қийинчиликни биз чекмоқдамиз. Ҳамманинг умри фаровонлик билан ўтмоқда. Фақатгина бизлар фақирмиз. Нонимиз йўқ, қатиғимиз оз. Пиёламиз йўқ,сувимиз кўз ёши… Кундузи кўйлагимиз қуёш, кечаси тўшагимиз ой. Очликдан ойни нон хаёл қилиб ғалаёнга тушамиз. Бу кетишда ҳолимиз нима бўлади? – деб ҳасрат қилди.
Бадавий бунга жавобан шундай деди:
– Эй хотин, қачонгача дунё моли учун ҳасрат чекасан? Бу дунёда қанча умримиз қолди? Ақлли кишилар озкўпга қарамайдилар. Ёшлигингда қаноатли эдинг, қариган сари ҳирсинг ортмоқда. Олтин истайсан, ҳолбуки авваллари ўзинг олтин каби эдинг. Сенга нима бўлди?
Хотин бу сўзларга қулоқ тутмай, жаврашда давом этди:
– Эй номус нималигини билмайдиган одам!.. Сенинг беҳуда сўзларингдан тоқатим тоқ бўлди. Аҳволимизни кўриб уялмайсанми? Менга қаноатли бўл дейсан. Қачонгача сабр қилай? Сабр қачон жонингга оро кирган эди? Ундан кўра, бойиш йўлини изласангчи?
Бадавий:
– Сен аёлмисан ёки бошимга битган баломисан? Мен фақирлигим билан фахрланаман. Бошимни оғритма! Мол, мулк ва пул бошдаги кулоҳ каби бир нарса. Кулоҳ эса калларнинг нажоти. Бойлар қулоғига қадар гуноҳга ботган кишилар бўлиб, бойликлари уларнинг гуноҳларини яшириб туради. Фақирлик нималигини сен қаердан билар эдинг? Фақирликни хорзорлик ўрнида кўрма! Аллоҳ кўрсатмасин, менинг бу дунёдан таъмам йўқ. Кўнглимда эса қаноат ва сабр тўла бир олам бор.
– Эй хотин, жанжални бас қил. Бас қилмасанг, мени тинч қўй. Мен яхшилик билан ҳам, ёмонлик билан ҳам жанжал қила олмайман. Жанжалга тоқатим йўқ. Жанжал уёқда турсин, хотиржам пайтларда ҳам жанжални ўйласам кўнглим беҳузур бўлади… Шунинг учун овозингни ўчир, бўлмаса бошим оққан томонга кетиб қоламан…
Аёл эрининг ўз сўзларидан қайтмаслигини кўриб, кўзига ёш олди, гўё пушаймон бўлди. Бадавий ҳам хотинининг кўз ёшларидан таъсирланиб, айтган сўзларидан афсус чекди.
Эрининг пушаймонлигини сезган аёл унга шундай маслаҳат берди:
– Кўзада ёмғир суви бор. Бутун молмулкимиз шундан иборат. Бу кўзани олиб, подшоҳлар подшоҳининг ҳузурига кир, унга келтирган совғангни тақдим этиб, шундай де:
– Бизнинг бундан бошқа ҳеч бир мол-мулкимиз йўқ, зотан чўлда бундан яхши совға топа олмайсиз. Подшоҳимизнинг хазиналари тўла бўлса ҳам, унда бундай сув топилмаса керак. Зотан бундай сувни топиш унчалик осон эмас.
Бечора аёл Бағдоднинг ўртасидан Дажла дарёси оқиб ўтишини қаердан ҳам билсин? Шунинг учун ўзи тўплаган сувни мақтагандан мақтади. Эри ҳам уни қўллабқувватлади....
(Давоми бор)
@JaloliddinRumiyy✅ Яқинларингизга ҳам улашинг... 💌
┄┄┅┅✿🍃❀🌺❀🍃✿┅┅┄┄
🎓 Jaloliddin Rumiy Aforizmlari kanaliga obuna bo’ling👇
https://t.me/+-Kyi-g0JR8A1MDJihttps://t.me/+-Kyi-g0JR8A1MDJi