КОБУЛ ДУСОВга ҳукм ўқилди!
Бугун жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида К. Дусовга (1984 йилда Самарқанд вилоятида туғилган) оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.
Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг судьяси С. Мамадиев раислигида биринчи инстанцияда кўриб чиқилди.
Суд судланувчининг жиноят содир этишдаги айби жабрланувчининг кўрсатмасидан ташқари, жиноят ишида тўпланган далиллар билан, яъни жабрланувчиларнинг аризаси, тушунтириш хатлари, гувоҳларнинг кўрсатмалари, судга доир лингвистик экспертизалар хулосалари, ёзувлар скриншоти, Facebook ижтимоий тармоғидаги “Кабул Дусов” номли профилни ва Telegram мессенжеридаги “Kobul Dusov | RASMIY KANAL” номли канални кўздан кечириш баённомаси, судга доир комплекс экспертизалар хулосалари ҳамда жиноят иши бўйича барча тўпланган, текширилган, ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланган далиллар билан тўлиқ исботланган деб ҳисоблади.
Суд ҳукмига мувофиқ К. Дусов жабрланувчи Ф. Боқиевга нисбатан Жиноят кодексининг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Жиноят кодексининг 48-1-моддасига (озодликни чеклаш) асосан К. Дусовга сутканинг муайян вақти, яъни кеч соат 21:00 дан эрталабки соат 07:00 га қадар яшаш жойидан чиқиш чекланиши ва унга қўшимча интернетдан фойдаланмаслик, оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик, ҳар ойда бир маротаба яшаш жойи бўйича ИИО ФМБ Пробация бўлимидан рўйхатдан ўтиб туриш ҳамда маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик каби тақиқлар юкланиши белгиланди.
Мазкур жиноят иши бўйича манфаатдор тарафларга етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари мавжудлиги тушунтирилди.
Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади.
ОЛИЙ СУД
✨
𝐓𝐞𝐥𝐞𝐠𝐫𝐚𝐦 | @HURRIYAT_UZ