“Нодон онангни кечир, ўғлим!”
Унда ҳали ёш эдим. Бир куни уй тозалаш билан овора бўлиб қолибман, кичик ўғлим жавонни очиб, энг яхши биллур идишимни ерга тушириб юборди. Қимматбаҳо буюм кўз ўнгимда чил-чил синди. Дунёни зулмат босгандай бўлди, фиғоним фалакка чиқиб, ғазабдан дағ-дағ титрадим. Жаҳл устида: “Нима қилиб қўйдинг?! Ҳе, балога йўлиққур! Илоё, девор тагида қолгин, мана шу идишга ўхшаб сингин сенам! Онам берган биллур эди-я! Шу уй дардисарни тозалай депман-да! Э, ҳиқиллама! Йўқол кўзимдан!” дея бақирдим. Яна нималар дедим – эсимда йўқ. Беш-ўн кундан кейин ҳатто бу воқеанинг ўзи ҳам ёдимдан кўтарилиб кетди. Лекин орадан узоқ вақт ўтиб, ҳаёт уни яна эсимга солди.
Кенжам улғайди, олий маълумотли бўлди, яхши жойга ишга кирди. Энди унга келин қидириш ҳаракатига тушдим. Ўзи ҳам тўйга ҳаракат бошлади, дадаси билан маслаҳатлашиб, эски уйни янгилаш режасини тузди.
Кўп ўтмай усталарни олиб келишди, ҳақ масаласида осон тил топишишди, шекилли, ишни тезда бошлаб юборишди. Ҳилвироқ эски уй гупиллаб қулади. Шу пайт қандайдир саросима, югур-югур бошланди. Усталар билан хўжайиним қулаган уй уюми атрофида айланар, бақир-чақир қилар, ҳар ким қўлига илинган нарсани олиб четга ирғитарди. Кўнглим аллақандай кўнгилсизликни сезиб, беҳаловат бўлди, ҳовлиқиб етиб бордим. Уюм остидан ингроқ ва бақириқ товушлари эшитиларди. Бечора ўғлим уй тагида қолиб кетибди! Оёғим мадорсизланди, кўз олдим қоронғулашиб, ерга ўтириб қолдим. Кейинги воқеалар элас-элас ёдимда: кийимлари кир-чир, баъзи жойлари қонталаш ўғлимни кўтариб четга олиб чиқишди, “Тез ёрдам” машинасига солиб олиб кетишди.
Шуурим карахт эди, тилим эса тинмай: “Аллоҳим, тавба қилдим… Аллоҳим, ўзинг кечир…” дея такрорларди. Энг суюкли, мени еру кўкка ишонмайдиган, эъзозлаб, ардоқлайдиган болам, жигарпорам ғарибу нотавон бўлиб деворлар остида қолиб кетса-я! Бирдан хаёлимга ёшлигим, айтган қарғишим тушди. Ўша сўзни айтгунча тилим узилса бўлмасмиди, ўша биллур идишдан мингтаси синиб-парчаланиб кетса бўлмасмиди!..
Аммо энди бу сўзлардан, ҳасрату надоматлардан фойда йўқ. Ҳолсиз, мажолсиз ётган, ҳатто киприкларини кўтаришга ҳам кучи етмаётган боламнинг кўзларига қараб ич-ичимдан фарёд тошиб келади, “Мен нодон онангни кечир, ўғлим!” дея тўлиб-тўлиб йиғлайман. Таскин-тасаллилар фойдасиз. Кўзёшларим охири қуриб битар, лекин юрагимдаги оғриқ, афсус-надомат битмайди.
Эй бўлар-бўлмасга фарзандини қарғаётган оналар! Кўзингизни очинг! Ҳар гапга фаришталар омин дейди. Кун келиб мендай ҳасрат чекманг, пушаймон ёшларига ғарқ бўлманг! Ҳатто арзирли сабаб бўлса ҳам, болангизни дуоибад қилманг. Жигаргўшангизни балою офатлардан, ёмонликлардан Яратганнинг ўзи асрасин…
Онаизор ҳикояси.
https://t.me/GALABA_YAQIIN