💥Соя. 12-қисм.
Муаллиф: Чарос Хайитова.
-- Лекин сен кеча...
-- Жаҳл устида нима деганимни билмайман, ака. Илтимос кечаги кунни эсламайлик.
Умид билан мўлтираб қарашларим ўз кучини кўрсатиб, акам қисқагина ҳўп деб қўйди. Аммо суҳбатимиз якунланмаганини сезиб турар эдим.
-- Кеча Азизни уйни яқинида кўрган эдим. Бу ёқда Шоҳруҳ ҳам юрибди.
Асабийлашиб гапирдилар.
-- Ҳа, шунақами? Эрта ётгандим. Хабарим йўқ эди. Нимадир бўлдими?
Тезда ўзимни гулликка солдим.
-- Нимадир бўлиш керакми Алия? Асалга ҳам айтаман. Сен ҳам билиб қўй. Унаштирилган бўлсаларинг ҳам, кечаси учрашувга чиққанларингни кўрсам, оёғингизни ўриб синдираман.
-- Ҳозиргина кечир деяётган эдизку.
-- Гап қайтарма.
Таҳдид қилиб ўқрайиб қўйдилар. -- Қани энди, нонуштага чиқ.
Осон қутулдим, жуда осон. Қани эди, ҳамма нарса шунақа осон бўлса... Нима бўлганидан қатъий назар, акамни ўзимга қайтиб берган Аллоҳимга минг шукур.
***
Заҳрони жуда соғиндим. Унга қўнғироқ қилмоқчи бўлдиму, аммо ишдалигини ўйлаб ҳалал бергим келмади. Лекин бу уйда яна бироз шу аҳволда қолсам, ё ақлдан озиб қоламан, ёки биронта касалликка чалинаман.
Ўйлаб-ўйлаб, Заҳрони ёнига ўзим боришга аҳд қилдим. Уйдан чиқаётганимда эса онам.
-- Сенга ҳам сарполар олиб келган эдим. Бир кўр, ёқармикан?
Деб, қолдилар. Лекин мени аразим тарқамаган эди. Қолаверса, улар нима олгани мени умуман қизиқтирмади.
-- Тоза ҳавода айланиб келмоқчиман. Уйда сиқилиб кетдим.
Дедим, ортиқча гапларсиз.
-- Ҳа, майли. Айланиб-айланиб қол. Тўйдан кейин вақтинг бўладими, йўқми?
Ичимда кўп нарсалар ўтди. Бироқ тилимга чиқармадим. Индамай йўлимда давом этдим.
Катта йўлга чиқиб такси тўхтатгунимгача, кеча Азиз айтган гаплар ҳаёлимда айланди. Онасига бўлган меҳри сабаб, ҳурматим ошди, унга. Ҳар ким ҳам, бошқасини севган қизга билиб туриб уйланиб кетавермайди ахир.
Машина светафорнинг қизил чироғига тўхтаганда, узоқроқда қад ростлаб турган, таниш бинога кўзим тушдию, юрагимни уриши ўзимга аниқ ва равон эшитилди. Қандай қилиб, таксичига йўл четига тўхтатишини айтганимни ўзим ҳам сезмай қолдим.
Бу ерга илк бор келганим ёдимда. Бахтдан сармаст бўлиб юрган эдим. Шоҳруҳни менга аталган совғасини йўққа чиқариб қочиб қолгандим ушанда. Қани энди вақтни ортга қайтара олсам...
Бино тепасига кўтарилгунимча кўз олдимдан бахтиёр онларим бирма-бир ўта бошлади. Улар оз бўлса-да, бор эди ҳаётимда.
Томга чиқиш эшиги ёнига етганимда, уни негадир қулф бўлса керак деб ўйладим. Аммо омадимми, ёки йўқ у очиқ экан. Фақат мен чиққан томнинг биринчи кўринишидан асар ҳам йўқ эди. У шунчаки, бошқаларидан фарқ қилмасди.
-- Нега ҳаммаси бундай бўлиб кетди? Пешонангга ёзилмаса, бекор деб шуни айтишадимикан?...
Ҳаёлга чўмиб қанча ўтирдим билмайман. Кун совуқ бўлса ҳам, бу ердан атрофни томоша қилиш менга ёқаётган эди.
-- Алия?...
Исмимни эшитгандек бўлдим. Аммо ким ҳам бу ерда мени бундай чақириши мумкин? Қолаверса, мен ёлғиз ўзим бўлсам... Ҳей, тўхтачи. Балки, ёлғиз эмасдирман.
Шошиб ортимга қарадим. Шоҳруҳни менга қараб турганини кўриб, кўзларим катта катта бўлиб кетди. У билан учрашиб қолишни ўйлаганмидим, йўқ умуман. Қизиғи, унинг юзида ҳам кукариш излари бор. Ҳеч иккиланмай айта оламанки, Азизда ҳам энг камида шу ҳолат. -- Алия, Алиям. Сен ҳам келибсанда.
Шоҳруҳни кўзлари бахтдан ёнганини кўрдим. Бир дақиқа ҳам ўйланмай, келиб мени қучиб олди. Қаршилик қилишга улгурмадим ҳам.
Бирок, сочларимдан силай бошлаганда, ўзимни ток ўргандек ҳис қилдим. Ундан ўткир спирт ҳиди анқиб турганидан, кайфи борлиги ма'лум еди. Тезда ундан ҳалос бўлишга ўриниб уни ўзимдан узоқлаштирдим. Ажабланарлиси, мен негадир энди унинг ёнида олдингидек ҳаяжон ҳис қилмаябман. Қувонмаябман...
Йўқ, аслида мен уни кечиролмаябман. Опамга текган қўллари менга тегишини истамаябман. Айни дамда, мен иккига ажратиб қолгандек. Бири, Шоҳруҳ деб ҳайқирса, иккинчиси уни рад этар эди.