БИР ИЛМИЙ ИШ ТАРИХИ (охири)
Диссертациямда орзу қилганимдек, юридик таълимда маъмурий юстиция мавзуси ўтилмоқда, унга бағишлаб дарсликлар чоп этилмоқда. Бу менинг бахтим, албатта.
Бундан ташқари ҳозир кўп ёш тадқиқотчилар шу мавзуга тааллуқли бўлган оид бошқа мавзуларда ҳам диссертациялар ҳам ёқлашмоқда. Албатта, бу гаплар билан мамлакатимизда маъмурий судлар ташкил этилишига мен сабабчиман, дейишдан йироқман. Лекин унинг илк илмий-назарий асосларини ишлаб чиқишга ҳисса қўшганимиз бор.
Ҳозир маъмурий юстиция, маъмурий судловга оид китобларни, илмий ишларни кўрар эканман бир тарафдан кўзим қувнайди. Биз тутган маёқни ёшлар илиб олға кетяпти. Иккинчи тарафдан, уларни саҳифалар эканман, ичида биронта жойда менинг илмий ишимдан иқтибос келтирганмикин, мен билан илмий полемикага киришганмикин, фойдаланилган ёки тавсия этиладиган адабиётлар қаторида менинг ҳам асаримни тилга олганмикин, деб ўзимни ахтараман.
Чунки биз илм қилган пайтда миллий адабиётларга зор эдик, уларни топа олмай саргардон бўлар эдик. Қанийди шунга оид биронта бўлса ҳам адабиёт топсаму ундан ишимда фойдалансам, керак бўлса эгасини топиб ундан маслаҳат сўрасам дердик. Бунинг устига тадқиқотнинг кириш қисмида мавзунинг ўрганилганлик даражаси бандида албатта ўзимизнинг олимларни ҳам тилга олиш лозим эди. Лекин минг афсуски, хусусан менинг мавзумда қалам тебратганларни топиш деярли имконсиз эди.
Ўзининг исми шарифини, илмий асарини бошқа асарлардан қидириш одати фақат менда эмас, ҳаммада бор. Бу табиий. Косиб оёққа қарайди, сартарош бошга. Олим ҳам шундай - эътирофни истайди.
Қолаверса, ўзидан аввалги олимларнинг асарларини тилга олиш илмий этикага ҳам тўғри келади. Ўзаро ҳурмат-эътиборни мустаҳкамлайди. Лекин афсуски, кўпинча бунга гувоҳ бўлмаяпман. Ёшлар томонидан чоп этилаётган маъмурий юстиция, маъмурий судловга оид айрим асарларда, дарсликларда ўзидан аввалгиларни эсга олиш у ёқда турсин, бизнинг асаримиздан очиқдан-очиқ, сўзма-сўз кўчиргани етмаганидек, биронта жойда иқтибос келтирмагани кишининг тепа сочини тикка қилади.
Нега шундай? Чунки назаримда ҳозир илмий мактаб деган тушунча йўқолган, Устоз-шогирд тизимига дарз кетган. Бу ҳам аслида аввалги сиёсат билан боғлиқ эди, назаримда. Чунки бир пайтлар эсингизда бўлса, нафақа ёшига етиб қолган кадрларни ёппасига мажбуран пенсияга чиқариш ёки ишлаб турганларга пенсия бермаслик кампанияси авж олган эди. Ана шунда кўп ёши улуғлар ишдан бўшаб ўрнини фақат ёшлар эгаллаб ўртада бўшлиқ вужудга келди. Қолаверса, айрим раҳбарлар Устоз-шогирд тизимининг барҳам топишига яхшигина ҳисса қўшдилар.
Тўғри, ҳозирги ёшларнинг аввалгиларга нисбатан устунлиги бор. Ҳозиргилар чет тилини биладилар, дунё билан тиллашадилар. Чет элга бирров илмий сафарга чиқиб келмаган тадқиқотчилар ҳозир кам. Университетлар ўзлари бундай сафарларни молиялаштиряпти. Бизнинг пайтимизда «хўрозқанд чет элники деса, ётволиб ялардик».
Ҳозирги авлодга прописка керакмас, исталган жойда ишлайди. Бизнинг пайтимизда бир неча иқтидорли устозлар айнан прописка сабаб ишдан бўшатилган эди.
Ҳозир уй олиш учун имкониятлар катта, прописка керакмас, имтиёзли кредитлар, субсидиялар бисёр. Аввалгилар уйсизликдан Тошкандни ташлаб кетар эди.
Ҳозир маошлар ҳам яхшигина, кўз тегмасин. Бизнинг пайтда, маош камлигидан айрим олимлар касбини ўзгартиришга ҳам мажбур бўлган ва ҳоказо...
Лекин барибир шунча афзалликларга қарамай нимадир етишмаётгандек туюлаверади. Менимча бу аввалгилар билан ҳозиргилар ўртасидаги боғловчи кўприкнинг йўқлиги бўлса, керак. Фарзанд ўз Отасининг, шогирд эса ўз Устозининг давомчиси ҳисобланади. Ота ёки Устоз номининг доим янграб туриши уларнинг фарзандлари ёки шогирдларига боғлиқдир. Бир-биримизга ана шундай кўприк бўлайлик, азизлар...
@AdolatFarzandi