📝 КЕЛИНИМ ЧУВ ТУШИРДИ.
Турмуш чорахаларидан .
— Халқимиз бежизга “Камбағални туянинг устида ҳам ит қопади”, демас экан. Ночор, ожиз бўлсангиз, сиздан ҳамма фойдаланишни кўзларкан. Ёлғизгина ўғлимнинг бахти барбод бўлгани юрагимни вайрон қилди.
Она ўзига етган ҳар қандай бало-қазога чидайди, тоқат қилади. Аммо боласига етган озор жон-жонидан ўтиб кетаркан.
Ҳаммаси мазам бўлмай, ўзимни шифокорга кўрсатгани шаҳарга борган кунимдан бошланди. Биласиз, бундай жойларда навбат катта бўлади. Менам ўз навбатимни кутиб ўтиргандим, ёнимдаги аёл гап қотди:
— Шаҳарда турасизми?
— Йўқ, — дедим-да, қаердан келганимни айтдим.
— Менам узоқдан келганман, — дея уям ўзи яшайдиган туманни тилга олди. Сўнг яна сўради: — Болаларингиз борми?
— Ҳа, бир қиз, бир ўғлим бор. Қизимни чиқарганман.
— Вой, иккитагина туғдингизми? — гурунгимиз қизий бошлади.
— Агар эрим ҳаёт бўлганида яна туққан бўлармидим? Болаларим жуда кичиклигида у вафот этиб кетган. Ўзим катта қилдим.
— Тақдир-да, энди роҳатини кўринг.
— Шукр, ҳамма қийинчиликлар ортда қолди. Ўғлим ҳам катта йигит бўлди, ишлаяпти. Энди уйлантирсам бўлгани.
— Йўғ-е, ширин ташвишдан айирмасин. Ортда қолгани рост бўлсин. Яхши, эрингиз уй-жой қилишга улгурган экан.
— Қайда? — дедим хўрсиниб. — Ота-онамдан қолган ҳовлида яшайман. Опа-укаларим тақдирим бунақа бўлгач, уйни менга беришган.
Биз анчагина суҳбатлашдик. Шифокор ҳузурига кириб ҳам чиқдик.
— Опа, телефон рақамингизни беринг. Менга ёқиб қолдингиз. Аҳволингизни сўрайман-да. Энди хаёлимдан кетмайсиз. Тузалиб кетдимикан, йўқмикан, деб ўйланиб юрмай, — деди у.
Шу билан икки-уч бор қўнғироқ қилиб, ҳол сўради. Бир куни эса кутилмаганда деди:
— Опа, уйингиз қаерда? Мен иш билан сизларнинг туманга келгандим. Кўриб кетай. Уйдамисиз?
— Ҳа, уйдаман. Қаерда ҳам бўлардим? Келаверинг, — дея манзилимизни тушунтирдим.
Уйда анча ўтирди. Меҳмон қилдим. Ўғлим ҳам сменадан қайтиб қолди. У билан сўрашгач, оғзидан бол томди:
— Ўғлингиз мунча чиройли, келишган йигит экан. Унга дунёдаги энг чиройли қизни олиб беринг.
— Суриштириб юрибман. Лекин ҳали бирортанинг эшигига бормадим.
— Менинг ҳам чиройлигина синглим бор. Агар ота-онам узоқ демаса, ўғлингизга жуда мос, — деди у кулиб. — Иккаласини бир учраштирсак бўларкан.
Индамадим. У эса кейин ҳам қўнғироқ қилди:
— Опа, мен синглим билан шаҳарга келгандим. Ўғлингизга айтинг, бир келиб кетсин.
Одам бундай пайтда “йўқ” дея олмас экан. Ўғлимга қаерга боришини тушунтирдим.
— Ўша қизникига совчиликка бораверинг, — деди ўғлим учрашувдан қайтгач, терисига сиғмай.
— У туман бизга узоқ бўлса, яна яхши билмаймиз уларни.
— Бошқа қизга уйланмайман!
Ўғлимнинг авзойидан билдимки, қиз кўнглига ўтирибди.
Ёлғизгина ўғлим бўлгани учун совчиликка борганда суриштирган бўлдим.
— Яхши оила. Қизнинг отаси ўқитувчи. Онасини сал ўткир демасангиз... — деди бир аёл.
“Ўғлим қайнонаси билан яшамайди-ку! Қизи яхши бўлса, бўлди-да!” дедим ўзимча.
Ҳаш-паш дегунча тўйни ҳам бошлаб юбордик. Тўғрироғи, биз эмас, улар тезлаштирди. Келиним шундай сеп билан келдики, кўрган одамнинг ҳайратдан оғзи очиларди. Ўғлимнинг бир кўриб севиб қолганича бор экан. У шунчалар чиройли эдики, бир қараб кўз узмай турсам дердингиз. Тағин келинлик кийимларини айтмайсизми? Ҳар бир кўйлагига мослаб, бошига дўппи, оёғига пойафзал олган. Кийиниб чиқса, тикилиб тўймайсиз.
— Бу келинни қаердан топдингиз? Ўғлингизга бирам мос. Бир кўриб, яна қарасам дейсан, киши, — кўрган одам борки, шу гапни айтарди.
Ўзим ҳам “Кўз тегиб қолмасайди”, дея хавотирга тушиб қўярдим. Ўғлим ҳам атрофида гирдикапалак. Аммо ҳали кичкина чилласи ҳам чиқмай туриб, улар ғижиллашиб қолишди. Ўғлим ҳатто унга қўл кўтарди. Дарров уни ёнимга ўтқазиб, койидим:
— Ҳозир уришадиган эмас, энг ширин яшайдиган пайтларинг. Унақа қилиб, келиннинг кўнглини қолдирма. Бахти бўламан, десанг, ҳамма гапни яхшиликча тушунтир. Яна қўл кўтарганингни кўрсам, нима қилишни ўзим биламан!
Улар бир кулиб, бир тумтайиб чилласини ҳам чиқаришди. Роппа-роса қирқ икки кун деганда келиним оғриб қолди. Рангида ранг йўқ. Қалтирайди.
— Кириб ётинг, — дедим.