#Шаъбон ойи фазилати.
Бу муборак ойда инсон хотирасида қоладиган ва ибрат олишга арзийдиган кўплаб ҳодиса ва воқеалар бўлиб ўтган. Шулардан энг улуғи ҳижрий сананинг иккинчисида, шаъбон ойининг ярмида, душанба куни қибланинг Байтул Мақдисдан Каъбаи муаззамага бурилиш воқеасидир. Шунда имони заиф айрим кимсалар: "Ислом тавҳид ва холислик динидир. Ибодат вақтида Каъба ёки Ақсо масжидига қараб юзланадими ёки юзланмайдими барибир эмасми? У ёки бу бинони улуғлаш кўзда тутиладими?"-деб айтишди.
Уларнинг бу шубҳали саволларига:" Аллоҳ таолонинг Ўзи маъбуди барҳақ, ибодат ва улуғлашда Ундан ўзгаси қасд этилмайди", деб айтилади: Зеро, бу ҳақда Парвардигор марҳамат қилиб айтган:
"Айтинг: Албатта, намозим, ибодатим ва ҳаёту мамотим оламлар Рабби Аллоҳ учундир. Унга (ҳеч қандай) шерик йўқдир. Мана шу ақидага буюрилганман ва мен (Аллоҳнинг буйруқларига) таслим этувчиларнинг аввалиман"(Анъом сураси, 162-163-оятлар).
Шуни яхши биламизки, намоз вақтида қалбнинг ҳузур-ҳаловатда бўлиши барча ибодатларнинг асосий устунларидан бири бўлиб ҳисобланади. Қалб ҳузури фақат инсоннинг ибодат вақтидаги ножоиз ҳаракатлари тўҳтаб, у тинч бўлган вақтда ҳосил бўлади. Инсон ўз ибодатида муайян бир томонга юзланса, унда сокинлик ва ҳотиржамлик вужудга келади.
Шунинг учун ҳам Ислом таълимоти Аллоҳ таолога юзланишда, намоз ўқишда сокинлик, хотиржамлик ва хузуъга халал берувчи барча ҳаракатлардан тийилишга чорлайди.
Бу билан Аллоҳ таоло ҳар бир холис ибодат қилувчига гўё шундай демоқчи бўлади:" Сен бандамсан, Каъба менинг "уйим", Намоз менинг шиорим, Байтимга қараб юзлан. Улуғлигим ҳузурида бандалигингни изҳор эт, яккаю-ягоналигим ва шарафимга қалбинг ва бор вужудинг билан юзлан ва боғлан. Мен сени яратиб, дунёда сени мукаррам этдим".
Мана шундай қилиб, Аллоҳ таоло бу муборак шаъбон ойида ҳазрати Пайғамбар алайҳиссаломни намоз вақтида Байтул Мақдисдан Ўзининг Байти-Каъбага қарата юзлантирди. У зот бу илоҳий амрни интизорлик билан кутган эдилар, дарҳол юзларини Каъбаи муаззамага қараб бурдилар.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло хабар бериб шундай дейди:
" Гоҳо юзингизни (ваҳий кутиб) осмон бўйлаб ўгириб туришингизни кўряпмиз.(Хотиржам бўлинг) Сизни ўзингиз рози бўладиган қиблага (Каъбага) юзингизни ўгиртирамиз. Юзингизни Масжиди Ҳаром (Каъба) томонга буринг!( Эй, мўминлар, сизлар ҳам) қаерда бўлсангиз, юзларингизни ўша тарафга бурингиз!.. "(Бақара сураси, 144-оят).
Ислом дини нуқтаи назаридан шаъбон ойининг ўз ўрни ва қадри бор. Унинг ярмисида бўладиган кечани ибодат, зикр, истиғфор айтиш ва қалбларни поклаш, кундузлари ҳайру эҳсон ва мурувватлар қилиш билан ўтказиш, айни савобли амаллардан бўлиб ҳисобланади.
Бу муборак кечада қандай яхши амаллар қилиш ҳақида Сарвари коинот бундай таълим берганлар:
" Шаъбон ойи ярмининг кечаси келса, тоқатга яраша ибодат, зикр, истиғфор ва таҳажжуд намозлари ўқинглар ва кундузи рўзадор бўлинглар"(Имом Ибн Можа ривояти).
Аллоҳ таоло бу муборак ойда барчаларимизга солиҳ ва савобли амаллар қилишликни насиб айласин!
Уйчи туман бош отинойиси К Абдуллаева.
Манба асосида.
https://t.me/zakiyyauz