Tезкор-қидирув: Шахсий телефонингиз шахсий сирларингиздирБизга келаётган мурожаатлар орасида шахсий уяли алоқа телефонини тезкор ходим (опер) олиб қўйганидан норози мазмундагилари ҳам кўп учрамоқда.
Кўп ҳолларда инсонларнинг мобил телефон қурилмалари “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасида назарда тутилган “техник воситаларни текшириш” дан иборат тезкор-қидирув тадбир турини ўтказиш орқали олиб қўйилмоқда.
Бу тезкор-қидирув фаолиятининг вазифаларини ҳал этиш учун аҳамиятга эга бўлган шахслар, фактлар ҳамда ҳолатларни аниқлаш мақсадида алоқа қурилмаларини бевосита ёки билвосита (техник воситалардан фойдаланган ҳолда) кўздан кечириш ҳамда ўрганишдан иборат бўлган тадбир.
Шундан келиб чиқсак, қуйидагиларга кўра тезкор ходимларнинг бошқаларга тегишли шахсий алоқа қурилмаларини олиб қўйишларини қонуний, деб бўлмайди:
Биринчидан, ушбу моддада алоқа қурилмаларини
олиб қўйиш назарда тутилмаган. Олиб қўйиш кўздан кечириш ва ўрганишдан бошқа ҳаракат ҳисобланади. Қонуннинг 17-моддаси эса, шу Қонуннинг 14-моддасида
назарда тутилмаган тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишни
тақиқлайди.Иккинчидан, мобил телефонни олиб қўйиш, кўздан кечириш ва ўрганиш шахснинг телефон орқали сўзлашувлари, ёзишмалари ва бошқа хабарлари (тижорий, касбий, тиббий, оилавий, шахсий ва бошқа сирлар) сир сақланишидан иборат ҳуқуқи чекланишига олиб келади.
Конститиуциянинг 31-моддаси 2-қисмида “Ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.”, - деб белгилаб қўйилган.
Шундай экан, сир сақланиши ҳуқуқининг чекланиши фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
Бизга тақдим этилаётган “техник воситаларни текшириш” дан иборат тезкор-қидирув тадбирини ўтказиш ҳақидаги қарорларга асосан мобил телефон қурилмаларини олиб қўйилиши аввало “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида” ги Қонунга, қолаверса, суд қарори мавжуд эмаслиги учун ҳам Конституциянинг 31-моддаси 2-қисми талабига зиддир.
Ҳуқуқий оқибати: Далилнинг Қонун ва Конституция нормалари талаблари бузилган ҳолда қўлга киритилиши уларнинг
номақбул далил, деб топилишига хизмат қилади. Номақбул далил эса шахсни бирор бир ҳуқуқ бузилишини содир этганликда айблаш учун асос бўла олмайди.
Advokat Abdullayev
👉
@yurist_muzaffar