“ҚОДИРИЙНИНГ “САРИҚ ДЕВНИ МИНИБ” АСАРИ”Яқинда олий таълим даргоҳининг журналистика йўналишини тамомлаган бир ёш иқтидор иш қидириб келди. Айтишича, кўплаб таҳририятларга борибди. “Бўш жойлар йўқлиги боис” уни ишга олишмабди. Бироз суҳбатлашдим.
Кўринишидан бинойидек…
— Охирги марта қайси китобни ўқидингиз? — деб сўрадим ундан.
— Ҳозир ўқишга вақт тополмаяпман, олдинлари ўқиб турардим…
— Хўп, ўша олдинлари ўқиган охирги китобингиз қайси унда?
— Қодирийнинг “Сариқ девни миниб” асари…
— А-а-а, улуғ адибнинг шунақа асари ҳам бор эканми?
— Қизиқ экансиз-ку, журналист бўла туриб шуни ҳам билмайсизми? — деди у уддабуронлик билан ўзининг “ҳақ” эканлигини исботлашга уриниб…
Бир сесканиб тушдим. Ёқамни ушлай десам жойида йўқ. Индамай қўя қолдим...
Кўз ўнгида – ҳалигина ўзини “журналист” деб атаган йигит. “Қодирийнинг
Сариқ девни миниб асари” деган сўзлари ҳали ҳам қулоғимда жаранглаб турибди. Бу ҳақиқатан ҳам содир бўлдими ёки қўрқинчли туш кўряпманми?
Ҳа, қўрқинчли. Чунки бундай “журналист”лар эртага газеталар саҳифаларини, ахборот манбаларини эгаллайди. Чала билим, омонат ақл ва уйдирмалар билан халққа “хабар” етказишади. Фақат бу сафар “Сариқ дев”ни эмас, балки “Журналистика”ни миниб олган бўлишади...
Индамадим. Сабабини сўраманг. Баъзан ҳақиқат шундай ачинарлики, унга бир оғиз гап ҳам қўшолмайсан... Таассуф!!!
Ислом АСИЛБЕК