Хуршид ДАВРОН 40-44 ЙИЛ АВВАЛ БИТИЛГАН ШЕЪРЛАРДАН
* * *
Мен истайман шеъримда
Жарангласин ҳар сатр.
Худди қиз кулган каби
Ё тушган каби садр.
Мен истайман шеъримда
Сўз куйин, сўз рақсини,
Нон деган сўздан кейин
Анқиган нон исини.
Мен истайман шеъримда
Яра ҳақда куйласам,
Оқаётган қоннимас,
Оғриқни туйсин одам.
Мен истайман шеъримда
Бўлсин менинг нафасим,
Оғриғим, бахтим, дардим,
Ичимда қолган сасим
Ва баҳорга ташна қалб,
Қорлар босгач изини,
Менинг шеъримдан узиб
Ҳидласин “Гул” сўзини.
Ватан, сени севишим,
Халқим, сени севишим,
Гулим, сени севишим
Бўлсин менинг шеъримда.
1981
ХУАН ГОЙТИСОЛО МАВЗУИДА
– Нега шоир бўлдинг? – дейман мен,–
Нега ялпиз тушимга кирди?
…Қўшним ўғли, менинг тенгдошим
Миршабликка ўқишга кирди…
– Нега шоир бўлдим? – дейман, оҳ…
Чўнтак қуруқ, келажак – жумбоқ.
Миршаб қўшним янги уй солди,
Сотиб олди қишлоқдан чорбоғ.
– Нега шоир бўлдим-а, – дейман,
Қоғозларни кўмиб ёшимга.
Ўзимни зўр шоир санардим,
Шеър ёзолсам қўшним бошига.
Фақат боши жуда қаттиқ-да,
Икки қўли икки милтиқдай.
Мен бир куни ўлишим тайин
Шу милтиқдан отилган ўқдан…
1982
* * *
Қадимий битикни варақлаб бир қур
Дуч келган ҳасратли сўзларга кўзим:
“Келур куз, кечар ёз, борар бу умур,
Тугатди умурни бу ёзим, кузим”.*
Саккиз асрлик дард бўғзимда қотди,
Ўгрилиб орқамга боқдим дафъатан.
Неча ёз, неча куз, неча қиш ўтди
Умр деб аталган шошқин сафардан.
Ялт этган нигоҳдек ўтди саратон,
Қуш бўлиб осмонга сингиб кетди куз.
Қор каби эриди кафтда қаҳратон,
Баҳорни-ку, илғаб-илғамади кўз.
Эй кўкат, эй дарахт, эй шамол, эй тош,
Эй замин – сиз бунча, о бунча шошқин!
Сиз дейсиз: — Кун бўйи порлади қуёш!
Мен дейман: — Зулматда чақнади чақин!
Куз недир, ёз недир, саратон недир –
Дам ўтди, он ўтди, кечди лаҳзалар.
Йилларга тенг эди, асрларга тенг
Улардан юракда қолган ларзалар.
Куз-ку куз, ёз-ку ёз, баҳор-ку баҳор –
Бахт ўтди, ғам ўтди, қолди сўроқлар.
Оппоқ совуқ қорга кўмилди алёр –
Болалик кунларим – момоқаймоқлар.
Саккиз асрлик дард бўғзимда қотди,
Ўгрилиб ортимга боқдим дафъатан.
Неча ёз, неча куз, неча қиш ўтди
Умр деб аталган оний сафардан
Ва унинг қордай оқ варақларида
Қолди ёз, қолди куз, қолди қаҳратон.
Баҳор қолди шеърим туроқларида,
Қолди бўғинларда қайғу, ҳаяжон.
Бу оқ варақларга кўздан сингиб нур,
Он келар, битурман энг сўнгги сўзим:
“Келур куз, кечар ёз, борар бу умур.
Тугатди умурни бу ёзим, кузим”.
* Югнакий мисраси