3,4 млн сўмдан 15,3 млн сўмгача – соҳалар кесимидаги ўртача ойликлар маълум қилиндиҲар доимгидек ўқитувчи ва шифокорларнинг ойлиги энг камлигича қолмоқда2024 йилда Ўзбекистондаги ўртача иш ҳақи 5 млн 357 минг сўмни ташкил этди. Тошкент шаҳри (9,1 млн сўм) ва Навоий вилоятида (6,8 млн сўм) энг кўп, Қашқадарё ва Сурхондарёда эса энг кам (3,8 млн сўм) ўртача маош тўланган. Ўқитувчилар ва шифокорларнинг ойлиги энг камлигича қолмоқда.
2024 йилнинг якунида Ўзбекистондаги ўртача ойлик номинал иш ҳақи 5 млн 357 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 17,4 фоизни ташкил қилган. Бу ҳақда Статистика агентлиги маълум қилди.
Ҳудудлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори миқдори Тошкент шаҳри (9 млн 72 минг), Навоий (6 млн 766 минг) ва Тошкент вилоятида (5 млн 98 минг) қайд этилган.
Энг кам маошлар эса Қашқадарё (3 млн 785 минг), Сурхондарё (3 млн 810 минг) ва Наманган (3 млн 869 минг) вилоятларида кузатилган.
Ҳисобот даврида фақатгина иккита маъмурий ҳудудда – Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида номинал иш ҳақининг даражаси республикадаги ўртача даражадан юқори бўлиб, қолган барча ҳудудларда бу кўрсаткич республика даражасидан турли миқдорда паст шаклланган.
Ўтган йилда ҳудудлар бўйича ўртача ойлик номинал иш ҳақининг энг юқори ўсиш суръатлари Тошкент шаҳрида (21,4 фоиз), Самарқанд (17,6 фоиз), Сирдарё (16,7 фоиз), Наманган (16,5 фоиз) ҳамда Фарғона (15,1 фоиз) вилоятларида кузатилган.
2024 йилда ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблашда 3 млн 138 минг ходимнинг маълумотларидан фойдаланилган. Шундан 37,8 фоизи таълим, 18,1 фоизи саноат, 16,7 фоизи соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари ҳиссасига тўғри келган.
2024 йил якунлари бўйича соҳалар кесимида энг юқори ўртача ойлик иш ҳақи миқдори:
- банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолиятида – 15,3 миллион сўм;
- ахборот ва алоқа соҳасида –13,1 млн сўм;
-ташиш ва сақлаш соҳасида – 8,1 млн сўм;
- саноат соҳасида – 6,4 млн сўм;
- савдо соҳасида – 6,2 млн сўм;
- қурилиш соҳасида – 5,9 млн сўм;
- яшаш ва овқатланиш хизматлари соҳасида – 4,6 млн сўм;
- санъат, кўнгил очиш ва дам олиш соҳасида – 4,3 млн сўм;
-
таълим соҳасида – 3,6 млн сўм;
- соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида – 3,4 млн сўм.Манба:
kun.uz👉
Врачи Узбекистана каналига аъзо бўлинг!