САМАРҚАНД АЭРОПОРТИДА КОРРУПЦИЯ ВА МАНСАБ ВАКОЛАТИНИ СУИИСТЕЪМОЛ ҚИЛИШ АЙБЛОВЛАРИ
Гуруҳ ходимлари аэропорт директорига қарши жамоавий шикоят билан чиқишди
Самарқанд халқаро аэропортининг бир гуруҳ ходимлари Uzbekistan Airports раҳбарияти ва назорат органлари номига жамоавий шикоят топширди. Бир неча ходимлар томонидан имзоланган ушбу ҳужжатда аэропорт директори Шодибек Кучкаров коррупция, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва меҳнат қонунчилигини қўпол равишда бузишда айбланмоқда.
Шикоят нусхаси Элтуз ихтиёрига келиб тушди. Унда Шодибек Кучкаровга давлат маблағларини ноқонуний сарфлаш, сохта штатлар яратиш, ходимларга босим ўтказиш ва мансаб ваколатини ошириб юбориш каби жиддий айбловлар илгари сурилган.
Ходимларнинг таъкидлашича, Кучкаров 2024 йил июль ойида директор лавозимига тайинланганидан сўнг дарҳол ўз кабинетига катта маблағ сарфлаган – қимматбаҳо мебеллар, гиламлар ва элита гуллар сотиб олинган. Шунингдек, хизмат машинаси Chevrolet Malibu учун 30 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилган, кейин эса Chevrolet Traverse харид қилиш ниятида эканини маълум қилган.
«У ўз мавқеини бошқарув раиси билан тенглаштириши керак деб айтган», – дейилади шикоятда.
Шунингдек, футбол майдони қуриш ва жамоа тузиш ташаббуси ҳам тилга олинган. Ходимларнинг сўзларига кўра, бу жамоа Uzbekistan Airports раҳбарияти жамоасига қарши мусобақада қатнашиш учун ташкил қилинмоқчи бўлган.
Шикоятда Давронов Музаффар Рузиевич ишга расмий қабул қилингани, аммо бирор марта иш жойига келмагани, аммо мунтазам равишда маош олгани айтилмоқда.
Яна бир ҳолатда Рузиев Машраб номли ходим аэропорт меҳмонхонасида 200 кундан зиёд вақт давомида бепул яшаб келаётгани таъкидланган. Ҳисоб-китобларга кўра, бунинг иқтисодий зарари 30 миллион сўмдан ортиқни ташкил этади.
Шунингдек, шикоятчилар мукофот ва маош қисқариши ноқонуний амалга оширилаётганини айтишмоқда. Масалан, 2024 йил декабр ва 2025 йил январь ойларида айрим ходимларнинг маоши 100% камайтирилган, бўлим бошлиқларидан бири эса 2024 йил июлдан декабргача KPI тўловларидан маҳрум қилинган, бу эса 14 миллион сўм зарар келтирган.
Шикоятчиларнинг сўзларига кўра, Кучкаров ходимларга таҳдид қилиш ва уларни ўз ваколатига кирмайдиган ишларга мажбурлаш усулларидан фойдаланади.
2025 йил 21 февралда содир бўлган мана бу ҳолатни ҳам мисол сифатида келтириш мумкин: директор персонал бўлими раҳбарини ер ковлашга мажбурлаган, кейин эса Пайариқ туманига шахсий топшириқ билан юборган.
Шунингдек, шикоятда Кучкаров ўз қўли остидаги ходимларни миллатига қараб камситгани иддао қилинади.
Самарқанд аэропорти ходимлари масалага Коррупцияга қарши курашиш идораси, прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати ва Транспорт вазирлиги эътиборини жалб қилишни сўрашмоқда.
Шунингдек, шикоятчилар Кучкаров уларга босим ўтказилиши мумкинлигидан ташвишда эканликларини қайд этганлар.