Амир Темур салтанатида хавфсизлик ташкилотлари фаолияти
Хавфсизлик хизмати (истихборот, хабарлашув, разведка, жосуслик, айғоқчилик) ҳар бир мамлакатнинг кўрар кўзи, эшитар қулоғи десак, муболаға бўлмайди. Бу хизмат душманларнинг аҳволини, ҳарбий салоҳиятини яхши чамалай оладиган, шунга яраша чора-тадбирларни белгилайдиган ва шу орқали муваффақиятга осонроқ эришишга сабаб бўладиган ташкилотдир. Бу ташкилотнинг бўлиш-бўлмаслиги гўё кўзи кўрадиган билан кўзи ожиз одамнинг ўртасидаги фарққа ўхшайди. Амир Темурнинг ўттиз беш йиллик ҳукмронлиги даврида ўн етти марта катта жанглар қилиб, бу жангларда асло енгилмаганида, йигирма етти ўлкани фатҳ этганида айнан хавфсизлик ташкилотининг хизматлари беқиёсдир. Амир Темур хавфсизлик тизими фаолиятини шу қадар мукаммал йўлга қўйган эдики, ўз мамлакати ичида хабар тўплайдиган махсус ходимлар билан бир қаторда хорижий ўлкаларда ишлайдиган жосуслари ҳам бор эди.
Бу жосуслар сўфий, дарвеш, савдогар, мунажжим, аскар, санъаткор, курашчи, денгизчи, сув сотувчи, кўзбоғлағич ва афсунгар қиёфасида бошқа мамлакатларда юришар, бу ўлкаларнинг шаҳар-қишлоқлари, йўллари, дам олиш жойлари, шаҳарлар ўртасидаги масофалар, ҳар бир юртнинг ўзига хосликлари, нуфузли кишилари ҳақида маълумот йиғиб, Соҳибқиронга етказиб турар эдилар. Амир Темур шу тариқа ўзи фатҳ этадиган давлатлар ҳақида энг кўп маълумотларга эга бўлар, у ерни эгаллаганидан кейин юртнинг эътиборли кишиларинм ўз олдига чақириб, улардан бирига "Фалончи билан Пистончининг ўртасида масала нима бўлди? Фалон муаммо қандай ечилди?" каби саволлар бериб, уларни ҳайратдан ёқа ушлашга мажбур қилар эди.
Ибн Арабшоҳнинг айтишича, "
Амир Темур айёрликда сув билан ўтни бир орага келтира олган, ҳақ билан ботилни ёнма-ён қўйган, ҳикмат ва далил келтиришда Ибн Синони мағлуб этиб, мантиқда юнонларни мот қилган эди". Амир Темур ташкил истиҳборот тизими ўз даврининг энг тартибли қонун-қоидаларига эга эди. Темур ҳар бир ҳудудда, ҳар бир мамлакатда, ҳар бир қўшин орасида
воқеанавис котиблар (кундалик ишларни ёзиб борувчи ҳисоботчилар) тайин қилган. Соҳибқирон бу котиблардан ҳокимлар, қўмондонлар, маҳаллий ва ажнабий аскарлар, мамлакат ҳудудига кирган ва мамлакат ҳудудидан чиққан мол-мулклар, хорижий ўлкалардан келган ва юртни тарк этган чет эллик фуқаролар, турли ўлкалардан келган карвонлар, подшоҳларнинг сўзлари ва ишлари, узоқ жойлардан ўзининг ҳузурига келган уламо ва фузалолар ҳақидаги маълумотларни ёзиб боришни талаб қилар эди. Агар улар сўзга хиёнат қилиб, бирор воқеани ўзгартириб тақдим этадиган бўлса, хиёнатлари исботланиб, хабар ёзган бармоқлари кесиларди. Ҳарбий маълумотларни яшириб, уни аслидан бошқача ёзган котибларнинг эса қўли кесиларди. Агар бирор ғаразли мақсадда кимларгадир бўҳтон ва туҳмат қилиб ёзадиган бўлса, ўша маълумотни юборган ходим ўлимга ҳукм қилинар эди.
Барча йўлларда бу ташкилотдан ташқари хабарларни тезкорлик билан етказувчи
алоҳида гуруҳлар ҳам бор эди. Уларнинг воситасида ҳар қандай ўлкалардаги маълумотлар бир-икки кун ичида Самарқандга етиб келар эди. Амир Темур Шерозда турганида Тўхтамишнинг Самарқандни ишғол қилгани ҳақидаги хабарни самарқандлик чопарлар
ўн етти кунда етказишади. Улар кунига ўртача бир юз қирқ километр йўл босиб ўтишади. Отлиқ чопарлар Амир Темурга салтанатнинг ҳар тарафидан келадиган хабарларни мана шундай тезликда келтиришар эди.
Барча юришларида бўлгани каби, Амир Темур ўз аскарлари хавфсизлиги, уларнинг жонини сақлаб қолиш учун аввало айғоқчилик тизимидан унумли фойдаланди. Йилдирим Боязидга қарши жангга киришишдан олдин Онадўлидаги кайфиятни ўз фойдасига буриш, одамларнинг фикрини билиш мақсадида жосусларини юборди. Хусусан, Амир Темур жосуслар ёрдамида Онадўлининг мудофаа нуқталари қанчалик мустаҳкамлигини, ҳимоя учун кўрилган чора-тадбирларни, пистирма учун қайси жойлар танланганини яхшилаб ўрганди.
✍Аҳмад Шимширгил
📚Амир Темур
@suhrob_buranov