Аср ошган шеърлар
ТАСКИННасиб этгай сенга олий бахт –
Ўз осмони бўлмиш бир лочин!
Сен ҳам уни эркалаб хушбахт,
Қанотида куйламоқ учун
Ел бўласан, шамол бўласан,
Сен бир бахтли аёл бўласан!
Бошгинангнинг оғриғи қолар,
Асаб дарди бўлур фаромуш.
Ва аксингни тортқилаб кулар
Тиниқ сувлар, сен боқсанг хомуш.
Сувда қувноқ ҳилол бўласан,
Сен бир бахтли аёл бўласан.
Бегинг мамнун ишдан, ўзидан,
Гоҳ сархуш, гоҳ хушёр келади.
Бир кун... унинг тўрхалтасида
Тўрт донами анор келади:
Ўқтин-ўқтин беҳол бўласан,
Сен бир бахтли аёл бўласан.
Унутасан заҳил рангингни,
Тўлишасан, ғамларинг кетар.
Баъзан тонглар орзуларингни
Тебратади бешиктебратар.
Тағин соҳибжамол бўласан,
Сен бир бахтли аёл бўласан.
Гулга кўмар бир гўдак даҳо
Умрингни бўш кўчаларини...
Мен ҳам сева биларманми, о,
Унинг жажжи қўлчаларини?
Унда такрор аён бўласан,
Сен бир бахтли аёл бўласан.
Бахт шу сенга – тинч бўлур жонинг,
Юпатишмас, бу – вақт шиори.
Бахтдир сенга Ўзбекистоннинг
Ёзи, кузи... биринчи қори.
Ўзинг бахтга тимсол бўласан,
Сен бир бахтли аёл бўласан!
Тугамайди ҳаёт эртагинг,
Кўп йилларни тилаб яшайди.
Умр бўйи масрур эркагинг
Сочларингни силаб яшайди!..
Сен бир бахтли аёл бўласан,
Менинг учун хаёл бўласан.
1981
Мирзо Кенжабек
@m_kenjabek┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•