БЕШИНЧИ МУСОФИР Муҳаммадали Ғаффоровга бағишладим.Шимол ўлкасига тун чўкди бенур,
кўнгил ўлкасида порлаб чиқди кун:
ахир, Яккабоғда уйғонган шуур
барфин ўрмонларда топмовди якун.
Уйғонди,
тўлғонди:
соғинч,
илҳом,
шеър.
Бу тун бутун шеърдир –
кўнгил тўқ эди.
Олтига уч метр вагон-контейнер
ичра ундан бўлак шоир йўқ эди.
Вужудини шимол аёзи чимдиб,
ухламай шеър ёзиб ўлтирарди Шарқ,
ногоҳ гумбурлади нимадир,
тинди,
ногоҳ совуқ тунни ўртаб ўтди барқ.
Узоқ-яқиндаги шуълалар ўчди,
темир бошпанани тарк этди зиё,
чироқсиз вагонни қаҳратон қучди
ва совий бошлади қонлар ҳам гўё.
Темир бошпанани дақиқа сайин
ишғол қилар экан совуқ аёз, қиш,
тўртта ҳамхонасин уйғотиб тайин,
шеър ўқиб бергувчи шоирга олқиш!
Совуқ контейнерни илитмади шеър,
турдилар,
юрдилар,
сакрадилар боз,
машқ ҳам қилдилар,
тепиндилар ер...
на чироқ келдию
на тинди аёз.
Совуқ санчиларкан бамисоли ўқ,
музлаб қолмасин деб қўл,
оёқ,
дил,
онг...
шу тун тўрт мусофир ухлагани йўқ,
шу тун шеър эшитиб оттирдилар тонг.
Бешинчи мусофир шеър ўқийди, шеър,
ҳар бир шеър гўё бир парча чўғ эди;
олтига уч метр вагон-контейнер
ичра ундан бўлак шоир йўқ эди.
Ниҳоят, тонгга ҳам етдилар омон,
ниҳоят, иш-ишга тарқади бари,
фақат иш жойига келмади шу тонг
қўшни вагондаги ҳамқишлоқлари.
Кеча –
ток станция портлаган маҳал,
чироқ,
иситкичлар ўчган ўша тун,
нариги контейнер аҳлини
ажал
олиб кетган экан бус-бутун...
Асли, бу гапларни не керак сўзлаб,
кечмиш ҳасратлардан озурда бўлмоқ?!
Демак, тақдир экан аёзда музлаб,
ғафлатда,
ҳасратда,
фурқатда ўлмоқ.
Ўкинмай,
ўксинмай бўларми бироқ,
бари ватандошу
бари дўст-қарин.
Худо раҳмат қилсин
эл-юртдан йироқ
жон берган жувонмарг жонларнинг барин.
Не чора бор, ахир,
ким нима ҳам дер,
бариси навқирон,
ғайир йўқ эди,
лекин бу вагонда
уйғотиб,
шеър-пер
ўқиб берадиган шоир йўқ эди.
Ҳали ҳам совуқдир шимол, дўстларим,
ҳали ҳам бир ғафлат қувар эрларни...
Аёзда чироқсиз қолдирма, Тангрим,
шоири йўқ контейнерларни!
Мансур Жумаев@sherSehri