Китоблар меросиТвиттерга китоб жавонимнинг бир суратини қўйгандим, бир ўқувчи "Фарзандларингизга катта кутубхона қолдираркансиз 👍" деб ёзибди. Бу твит сабаб умрини китоб йиғиб ўтказган одам дунёдан ўтгач, шунча китоби нима бўлиши ҳақида бир воқеани ҳикоя қилгим келди. Балки сизларга ҳам қизиқ бўлар.
Бир неча йил олдин факултетимдаги ёши катта профессор менга "Профессор Иэн Нишни биласанми?" деб сўраб қолди. "Албатта биламан!" деб жавоб бердим. Бу домлани ҳаққоний равишда Британияда японшунослик, Япония тарихининг оталаридан деса бўлади. Ниш домла ҳамкасбим билан Лондон иқтисодиёт мактабида (London School of Economics, LSE) бирга ишлаган экан. Ҳамкасбим, "Ниш домланинг анча ёши ўтиб қолган. Уйидаги кутубхонасини университетларга тарқатиб беряпти экан. Сизларга қизиқ бўлса, гаплашиб бераман," деди.
Университетимизда Японшунослик маркази бор, кўп бўлмасада, япон тили ва тарихига қизиқадиган талабаларимиз бор. Тарихчи бўлганим учун, шундай буюк тарихчининг кутубхонасини нафақат мерос қилиб олиш, балки бир кўриш менга жуда қизиқ эди. Баъзиларингиз
подкаст орқали танийдиган дўстим Ра Мейсон билан марказ раҳбаридан маслаҳат сўрадик. Маблағ тежаш учун, домланинг уйига машинада ўзимиз бориб келишни таклиф қилдик.
Марказ бизни қўллаб, озроқ маблағ ажратадиган бўлди. Аввал Ниш домланинг уйига бориб, китобларни кўриб, санаб келиш менинг зиммамга юклатилди. Поездда домла яшайдиган Лондон четидаги шаҳарчага отландим. Бу пайтда 93 ёшда бўлган Ниш домла мени илиқ кутиб олди, кампири иккаламизга қаҳва олиб кирди, суҳбатлашдик. Кейин домланинг уй кутубхонасига кириб, олишимиз мумкин бўлган китобларни суратга олдим. Суҳбат чоғида китобларининг катта қисмини Эдинбург ва бошқа бир нечта университетларга топширгани, қолган қисмини эса биз олишимиз мумкинлигини айтди.
Жавонлар орасида ажойиб ва ноёб асарлар тахланган бир жавонга кўзим тушиб, сўраганимда, Ниш домла "Бу китоблар ҳали ўзимга керак, буларни беролмайман," дегани ҳеч эсимдан чиқмайди. Қоғозларга тўла иш столига қараганда, ёши 90дан ошган бу ажойиб тарихчи ҳали-ҳануз нимадир ёзаётганди. Ҳайрат ва ҳавасга тўлиб, домла билан хайрлашдим, уйга қайтдим. Суратларга қараб, 200 тача китоб олишимизни ҳисобладик, шунга яраша бизга марказ машина топиб берди. Августнинг илиқ бир кунида Ра билан йўлга отландик. Уч соатдан кўп йўл босиб, Ниш домла билан яна бироз қаҳва ичдик, кейин бизга берилган китобларни машинага юклаб, қайтдик.
Бу китоблар марказимизнинг "Ниш кутубхонасига" асос бўлди. Уларнинг аксарияти инглиз тилида бўлсада, орасида ноёб японча китоблар ҳам кўп. Орадан бир неча ой ўтиб, Ниш домладан мактуб олдим. Қўлда ёзилган, конвертга солиниб, марка ёпиштирилган мактуб. Бу хат менга яна бир неча қути китоб олиб кетишим мумкинлиги ҳақида хабар берди. Яна машина топиб, йўлга чиқдик, яна бир неча қути китоб билан қайтдик. Бу сафар ҳам менга энг қизиқ бўлган жавондаги китобларни ололмадик 😅
2022 йил февралида домланинг уйини охирги марта зиёрат қилдик. Уйига кириб, бу даврга келиб домла ёлғиз қолганини, рафиқаси у дунёга равона бўлганини билдик, таъзия изҳор қилдик. Шунда креслода ўтирган домла менга қараб, қўлида ўқиб ўтирган китобини кўрсатди.
Қарасам—менинг китобим. Чиққанига энди бир ой бўлган бўлсада, 95 ёшли Ниш домла китобни ўқий бошлаганидан алоҳида ғурур туйдим. Бироз китоб ҳақида суҳбатлашдик, домла унга жуда ижобий баҳо бериб, кўнглимни кўтарди. Яна бир неча қути китоб билан қайтдик. Бу пайтга келиб, домланинг кутубхонаси бўшаб қолган эди.
Шундан кейин мен уч ойга Японияга кетдим; кейин билсам, мен Токиодан Лондонга учган куним Ниш домла оламдан кўз юмибдилар (LSE сайтида у кишини хотирлаб ёзилган
хабардан билдим). Узоқ умр кўриб, ўнлаб шогирд тайёрлаб, минглаб талабани ўқитиб, унданда кўпроқ одамларнинг йўлини ёритган бу ажойиб инсонни ҳозир ҳам илиқ хотирлайман. Аммо менда энг кўп ҳайрат ва ҳурмат уйғотгани—охирги кунгача интизом билан ишлашда, ўқишда, изланишда давом этгани, китобларини кўз қорачиғидай асраб, улардан охиригача фойдалангани, фойдаланиб бўлгач, кейинги авлодларга тартиб билан, ўз вақтида мерос қилиб кетгани бўлди.
#Китоблар
@profsherzod