#СЎНГГИ_НАФАСГАЧА
- Аданглар нимаям дердилар, болам? Аслида тўй қилиш таклифи улардан чиққанди. Аҳмаджон аканг куёв сарполарини кийиб, от миниб тўйга айтиб келганда айтгандилар "Биз ҳам шу йилдан қолмай тўй қилиб юборайлик" деб. Сени бахтингни кўриш икковимизни ҳам орзуимиз ахир.
- Ҳаа,шунақами, ойи? Маслаҳат оши аллақачон пишган денг?
- Шундоқ, болам. Фақат қиз топилса бўлгани. Қани энди ўзингни олиб қочмай жавоб берчи? Шаҳарда кўнгил қўйган қизинг борми? Бор бўлса айт?
- Йўқ, ойи. Шаҳарда фақат ўқиш билан овораман мен. Жуда келин қилгингиз келса ўзингиз таниган, билган шу қишлоғимизнинг қизларидан қидирақолинг.
- Вой тилингга шакар-а, болам?-юзи ёришиб кетди Раҳима холанинг, - ўзим ўргилай сендан. Ўзим ҳам қишлоғимиз қизларидан уч-тўрттасини кўз остимга олиб қўйгандим
-Оббо ойи-ей, сира бўш келмайсиз-а? -Абдужаббор Раҳима холага шундай деди-ю, кўнглидан "У қизларни рўйҳатида Барно ҳам бўлсин-да ишқилиб" деган хаёл кечди.
-Ҳа-да болам, энг аввал кўнглингга қўл солмоқчи эдим. Сўнг ҳар эҳтимолга қарши яхши ният билан совчиликни бошлаб юбормоқчи эдим. Ҳолбуки кўз остингга олганинг йўқ экан совчиликни энг аввало Азиз муаллимникига боришдан бошлайман.
- Қайси Азиз муаллимни айтяпсиз, ойи? - сўради Абдужаббор юраги дупурини онаси сезиб қоладигандек базўр ўзини босиб
-Нимага довдираяпсан, болам?-ажабланди Раҳима хола соддадиллик билан, қишлоғимизда ўзи битта Азиз муаллим бор-ку? Паст кўчада турадиган?! Шу муаллимнинг қизи Барнохонни айтаяпман. У қиз сенлардан бирми, иккими класс қуйида ўқиган?
- Ҳаа, -деди Абдужаббор ўзини базўр эслагандек кўрсатиб,-гапираверинг, ойи, ёдимга тушгандек бўляпти у қиз.
-Хуллас, ўша Барнохон бир қиз бўлган, бир қиз бўлган. Сочлари нақд тақимини ўпади. Тилини ширинлигини айтмайсанми? Ҳар кўришганда қўнғироқдек овози билан шунақа салом беради, шунақа салом беради, бутун жонинг эриииб битади,- Раҳима хола сўзини тўхтатиб ўйланиб қолди-ю, сўнгра яна орзумандлик билан сўзлай кетди,-агар бу қиз бўлмаса нариги кўчадаги Одил қассобнинг қизини ҳам мақташаяпти. Борган жойини тиндирадиган қиз дейишяпти уни. Ундан кейин Наби устанинг ҳам ўзи бир жаҳон, ҳусни бир жаҳон қизи бор эмиш.
-Бўлди, ойи, ҳозирча шу жойда тўхтайлик. Тўғрисини айтсам бошим айланиб кетди,- онасига оғир ботмайдиган қилиб кулимсиради Абдужаббор,-келинг яхшиси совчиликни шу қизларнинг уйи энг яқинидан бошлай қолинг. Ҳарна бир қадам бўлса ҳам яқин яхши-да, нима дедингиз?
-Жонинг соғ бўлсин-а, болам,-деди кулимсираганча Раҳима хола,-сен нима десанг шу. Ўзи кўнглим ҳаммадан ҳам шу қизга чопиб турганди.
- Ойи, дастурхонга бир фотиҳа қилиб юборинг. Юсуф даладан қайтган бўлса бир суҳбатини олиб келай.
Раҳима ҳола мўлгина кенг кўйлагининг енгини шошилмай шимариб дуога қўл очди:
- Қани овмин. Илойим тинчлик, омонлик, ҳотиржамлик доимий ҳамроҳимиз бўлсин. Ман ҳам аданглар билан сени роҳатингни кўрайлик. Илойим чиройли гўшангаларга куёв бўлгин. Ўқишларингни беш баҳоларга битириб олгин. Эл-юрт корига ярайдиган каттакон дўҳтир бўлгин. Аданглар иккимиз қариган чоғимизда невара, эвара,чевараларини чувур-чувуридан бошимиз ачиииб юраверайлик. Овмин, аллоҳу акбар...
Абдужаббор кафтларини юзига суртди-ю, дастурхонни йиғиштиришга тутинди.
- Ҳай, ҳай, болам. Сен дўстингникига боравер. Мен ўзим йиғиштириб оламан дастурхонни.
Абдужаббор Раҳима холага жилмайди:
- Ойи, сиз бироз чўзилиб дамингизни олиб олинг. Ўзи неча кундан буён холамларникидаям тўйни чоп-чоплари билан тинимингиз бўлмади. Мен кечга барвақтроқ қайтиб ўзим қулинг ўргилсин шўрва пишириб бераман.
Раҳима хола Абдужабборга "хўп, болам"деди-ю, ўзи зимдан ўғлининг бўй-бастига қараб юраги орзиқди.
/3