РОЗИ ҚИЛИНГ
Майли суйиб эркалатинг болангизни,
Қароқ нури,дил пайванди лолангизни,
Гар етишмоқ истасангиз жаннатларга,
Энг аввало рози қилинг онангизни,
Дуосини олинг ҳар кун отангизни.
Қандай келса шундай кетар давронингиз,
Номингизни уч кун эслар ёронингиз,
Қалбингизни кемирмасдан армонингиз.
Бу дунёда рози қилинг онангизни,
Дуосини олинг ҳар кун отангизни.
Кўзга суртинг,ўпиб қадоқ қўлгинасин
Ўкситмангиз сизни суйган дилгинасин,
Тавоф қилинг юриб турган йўлгинасин,
Бу дунёда рози қилинг онангизни,
Дуосини олинг ҳар кун отангизни.
Ҳол сўргани кутиб турманг байрам кезин,
Ҳаволарга бериб қўйманг олтин сўзин,
Оғрисангиз оловларга ташлар ўзин,
Бу дунёда рози қилинг онангизни,
Дуосини олинг ҳар кун отангизни.
Муҳтож эмас берган тузи нонингизга,
Илтижоси қалқон бўлар жонингизга,
Улар борки шон қўшилар шонигизга
Бу дунёда рози қилинг онангизни,
Дуосини олинг ҳар кун отангизни.
Миннатларга қорилмасин хайри савоб,
Яратганни ҳузурида бордир жавоб,
Дўзахлардан асрар сизни ул моҳитоб,
Бу дунёда рози қилинг онангизни,
Дуосини олинг ҳар кун отангизни.
Кечиксангиз фарёдингиз малҳам бўлмас,
Пушаймондан кетганларнинг ўрни тўлмас,
Минг ёлвориб-ялинсангиз қайтиб келмас,
Ўз вақтида рози қилинг онангизни,
Дуосини олинг ҳар кун отангизни.
Бугун бормиз,эртамизни Худо билар,
Меҳр қадринг меҳрибондан жудо билар,
Не қилсангиз болангиздан қайтиб келар,
Бу дунёда рози қилинг онангизни,
Дуосини олинг ҳар кун отангизни.
✍️Нилуфар Тоҳир
https://t.me/nurimsankuu