Ҳақиқат баҳсларда туғилади
Сўз эркинлиги жамият тарқаққиётининг муҳим шартларидан биридир. Жамиятнинг турли қатламлари оммавий ахборот воситалари ёки ижтимоий тармоқларда воқеа-ҳодисаларга нисбатан ўз фикри, фуқаролик позициясини билдираркан, давлатчилик мустаҳкамланишига ўз ҳиссасини қўшиб боради. Тармоқларда турли ижтимоий қатламларнинг конструктив фаоллиги бу фақатгина жамият тараққиётига хизмат қилади.
Сўнгги бир неча кун ичида бизнинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишларимизга нисбатан жамиятнинг турли қатламларидан муносабатлар янграётгани бизни хурсанд қилди. Зотан, турли доираларнинг чиқишларимизга бефарқ эмаслиги жамиятда фикрлар хилма-хиллиги, плюрализм тараққиётини кўрсатади.
Бироқ кутилмаганда Тошкент давлат юридик университетининг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари томонидан бизни малакасизлик ва ҳайпчиликда айблаган, шаън ва қадр-қимматимизни бадном қилишга қаратилган чиқишлар рўй бермоқда. Биз муҳтарам устозларимиз азалдан тармоқларда фаол бўлиб, ижтимоий қатламнинг вакиллари сифатида ўз фикрларини билдириб келишганида вазиятдан ҳайрон бўлмасдик. Афсуски, уларнинг муносабатлари остида шарҳ қолдираётган аноним ёки ёлланма троллар чиқишларида бизнинг қадр-қимматимизни ерга урувчи шарҳлар пайдо бўлмоқда.
Биз жамоатчилик фаоллари сифатида бизнинг чиқишларимизга бефарқ бўлмаган профессор-ўқитувчилар, жамиятнинг бошқа қатламларига оид шахсларни очиқ конструктив мулоқотга чақирамиз ва улар билан дебатлар, давра суҳбатлари уюштиришга тайёр эканимизни билдирамиз. Исталган платформада, исталган аудитория қаршисида, хоҳ улар талабалар бўлсин, жамоатчилик вакиллари ёки журналистлар бўлсин, уларнинг қаршисида очиқ мулоқотларга тайёр эканимизни билдирамиз.
Сиз чақиринг биз борайлик, биз чорлаганимизда Сиз келинг, омма олдида, жамоатчилик кўз ўнгида зиддиятли қарашларга ойдинлик киритайлик. Чиқишларимиз жамиятнинг турли қатламлари, давлат бошқаруви бўғинларига етиб боришида журналист дўстларимиз кўмагига таянайлик. Нимадан норозилигингизни айтинг, қўлимиздан келса, жавоб берайлик, биздан ҳам айрим саволлар бўлиши мумкин, сиз фикрингизни айтинг!
Расул Кушербаев, Камолидин Раббимов, Абдураҳмон Ташанов, Зарифбой Ибодуллаев, Анора Содиқова, Илёс Сафаров, Эркин Абдулаҳатов ва бошқалар.
@haqiqatdaIlyos