Унгача чидайвер, бовурим,
Симобдай ютилса ҳаволар.
Унгача яғриндан яғирин
Тулпорлар оларда даволаб.
Унгача, куюклим, суюклинг
Аёзда кўз ёши музласа,
Чидайвер, чидайсан бу юкнинг
Ипини баҳорлар узмаса.
Унгача қушларнинг ортидан
Дарахтлар учади олланиб.
Қақшаган дарёлар юртида
Оғочдай қоларсан зорланиб.
Отанг ҳам чидаган, сиқилма,
Эгатга эш билиб бошини.
Остонанг бошига тиғ илма,
Ўғрига едиргин ошингни.
Бахтидай ёрилиб товони
Орзуси кулук бу оналар
Унгача чидатиб дунёни
Туғади сендайин болалар.
Чидайвер ғурбатда меҳнатдан
Нон топган ҳеч кимса ўлмас-а?
Бу чидоқ қон сурар, албатта,
Боланг ҳам чидайди ўлмаса.
Чидовга ўргатгин барчани
Ғойибдан келгувчи кунгача.
Чидайвер, минг йиллик арчанинг
Умри ҳам тугайди унгача.
Қисматинг қуяди қулоққа:
“Ҳислат бу, эмасдур иллатинг!”
Чидаш-ла борурсан узоққа,
Унгача бормайди миллатинг...
Унгача чидайвер, бовурим.
Н.Э.
Декабрь, 2024
https://t.me/Najmiddin_Ermatov