2#
Келинойим Шаҳзодни бешикка белаб бердилар, бувимнинг хонасида болани тебратиб ўтириб зерикдим. Бувим "сервант" деб атайдиган шкафдан оилавий расмлар турадиган альбомни олиб, вароқлай бошладим. Шу альбомни яхши кўраман . Аввал, оқ -қора, кейин рангли расмлар келади. Оқ -қора суратларда бувим билан бувамнинг бир -бирига суяниб тушган расмлари ва дадам, амаким, аммаларимнинг болаликда тушган суратлари ҳам бор. Менга энг ёқадигани ойим билан адамнинг хиёбонда қўл ушлашиб тушган суратлари.Кейин мен ва укамнинг зоопаркда, кафеда, хиёбонда дадам ва ойим билан тушган расмларимиз ҳам ёқади. Ойим жудаям чиройли бўлганлар, ҳалиям маҳалладаги ўртоқларимнинг ойисидан ёш кўринадилар. Доим ўзларига қараб юрадилар. Шунинг учунми, адам бувимнинг тили билан айтганда" ер-у кўкка ишонмайдилар". Ойим ҳам дадамга фақат жилмайиб гапирадилар. Бувам кулиб: "Хўжақўғонлик доданг ойингни исмини Ширин қўйиши керак эди. Ахир булар Фарҳод ва Ширин бўлса, -кейин ҳар доимгидай бувимга қараб, -Нима дединг, онаси"-дейдилар. Бувим бўлса, бувамга қараб ўйчан:
-Балки яхшиям, Ширин бўлмагандир, қўша қарисин, -деб қўядилар. Бувам эса:
-Ҳа, онаси адабиётчисанда, ҳамма асарнинг хулосасига қарайсан, -дейдилар.
Яхши бўлди, Шаҳзод ухлаб қолди. Секин ҳовлига чиқдим. Ойим Хўжақўрғонлик бувим билан телефонда гаплашаётган эканлар:
-Шу, соат олтиларга бораверинглар. Ўзимиз ҳам ўша пайтларда борамиз, куёвингиз келсинлар, ҳали йўқлар, ҳайронман. Туғилган кунлари ҳам ёдида йўқми дейман, телефон қилсам, ўзим қўнғироқ қиламан деб ўчирдилар, шу баравар жим. Қайинопаларим ҳам тўғри кафега борадиган бўлишди. Бўпти, укаларимга айтинг, келинлар қолиб кетмасин. Катта жой гаплашганмиз. Майли, биз секин тайёргарликни бошлайликчи, -деб суҳбатни якунладилар.
Бувам ҳар доимги одатлари бўйича ҳаммадан аввал кийиниб олиб, бувимни шоширишни бошладилар. Ойим, мен, укам, келинойим ва жиянларим- ҳаммамиз тайёр бўлдик, аммо ҳамон дадамдан дарак йўқ. Келақолсаларчи, кун кеч бўляпти. Машинанинг овози эшитилса, узун кўйлагимнинг этагини кўтариб, дарвозага югураман. Йўқ, дадамнинг машинаси кўринмайди. Энди ойим бетоқат бўла бошладилар. Бувам, бувим ҳамма қўнғироқ қилиб кўрди. Жавоб йўқ.
Бир пайт эшигимиз тагида машина келиб тўхтади ва дадамнинг кимлар биландир ҳазул -ҳузул қилиб , баралла кулишган овози келди. Ҳаммадан аввал бувам дадамнинг истиқболига чиқди. Дадам билан келганлар бувам билан сўрашишди.
Ойим ясаниб олган, аммо оёғида шиппак билан чиқиб, дадамга салом берди. Дадам шерикларига "юринглар" ишорасини қилиб ойимга:
-Ширин, залга жой тайёрла, тезроқ, -деди. Ойим кутилмаганда овозини баландлатиб:
-Ғалатимисиз, "Ором" да ҳамма сизни кутиб ўтирибди-ку, биз ҳам йўл қараб кўзимиз тешилди. Жой "заказ" қилинган бўлса, ўртоқларингизниям ўша ёққа олиб бора қолинг, Фарҳод. ака, -деди. Мен хурсанд бўлиб кетдим. Хайрият, борарканмиз. Шу пайт дадамнинг ўртоқларидан бири аввал ойимга, кейин дадамга қараб:
-Фарҳод аввал, хотинчангдан рухсат олиб, кейин бизни чақирмайсанми, кўчани ҳеч кимга бермай кериласан, қойил -деди. Келганлардан яна бири зарда билан баланд овозда:
-Этдим, бормайлик, деб, ҳамманг чиқ, машинага -деди ва дадамга қараб, -Тфу, эркак, -деди. Дадам чайқалиб кетди. Биринчи марта шунчалик ғазабли кўрдим дадамни. Аввал, ўртоқларига сўнг ойимга қаради ва баланд овозда:
-Талоқсан, уч талоқ. Минг талоқ, -деди. Боядан бери индамай ўтирган бувим додлаб юборди:
-Воййй, шўрииим...
Давоми бор.
https://t.me/Mahbuba_Bahodir_qizi