💖ХАЙР, ҲАЙНАН!
Хитойликларнинг жуссалари кичкина, оддий кийинади. Чўнтагида юз минг юань бўлса ҳам, футболка, красcовка, пахталик шалпиллаган шимда юради. Хитой чойнинг ватани бўлишига қарамай хитойлик чой кўп ичмайди, қимматбаҳо ичимлик ичаётгандай, кичкинагина чашкада тантана ва виқор билан ичади. Агар уларнинг олдида чойга шакар қўшсангиз, ўзбекнинг олдида шўрвага мураббо қўшганингизда қандай ҳайрон қолса, чойга шакар қўшганингизни кўриб улар ҳам шундай ҳайрон ва ҳайратда қолади.
Қизил ранг хитойликларнинг севимли ранги. Улар учун қизил ранг бахт, муҳаббат, омад тимсоли. Шунинг учун ҳар бир хитойликнинг хонадонида қизил шарлар, қизил аждарҳоларнинг суратлари, ясама тулумлари осиғлиқ туради. Биз болалигимизда таққан қизил галстукларни, пионер галстукларини хитойлик ўқувчилар ҳали ҳамон тақишади. Қизлар никоҳ куни қизил либосларга, ҳашаматли қизил кўйлаг-у қизил чочвонларга бурканишади. Бизнинг тўй куни киядиган оқ либосларимизга, фаталаримизга кафанликка қарагандай қўрқув ва ваҳима билан қарашади.
Хитойликлар овқатни чапиллатиб ейди. Қанчалик қаттиқ чапиллатсангиз, демак овқат шунчалик ширин. Индамай есангиз демак овқат бемаза бўлган, демак ошпаз ношуд, индамай ейиш овқатнинг бемаза эканлигини индамай айтишдир.
Хитойликлар савдо сотиқда, ошхона кафе, таксида доллар ишлатмайди. Сизни ҳам ишлатишга қўймайди, доллар ҳеч жойда ўтмайди. Доллар фақат давлат банкларида юаньга алмаштириб берилади.
Қизиқ маълумот сифатида шуни айтиб ўтиш мумкинки, қоғоз пулнинг ватани Хитойдир. Қоғознинг ватани Хитой бўлганидан кейин, қоғоз пулнинг ватани Хитой бўлиши табиий. Хитойда, эрамиздан аввалги биринчи асрда қоғоз пул муомалага чиққан. Ғазначилик департаменти фаолият юритган.
Хитойда катталарга ҳурмат, кичикларга иззат қатъий йўлга қўйилган. Хитойлик аввал ота онасини ҳурматини жойига қўяди, еб ичиради, кийинтиради, жаъми эҳтиёжини таъминлайди, сўнгра боласига қарайди, боласини кўнглини овлайди. Бу қатъий қонун сифатида йўлга қўйилган.
Баъзилар нега хитойликларни бунча мақтаяпсан дейиши мумкин, ҳақиқатдан ҳам хитойликлардан кўп нарсани ўрганишимиз керак. 1949 йилда Хитой аҳолисининг 90 фоизи саводсиз, ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмасди. Ҳозир улар интеллектуал салоҳият бўйича дунёда энг олдинги ўринларда туради. 1980 йилларда хитойлик ёзувчилар Тошкентга келиб, оғзи очилиб қолганлигини, кийим кечак, озиқ овқатларни сумкалари тўлганича олганлигини ўз кўзим билан кўрганман. Хитой кўз ўнгимизда, қирқ йил, эллик йил ичида дунёдаги энг қудратли, энг буюк, энг бой давлатлардан бирига айланди. Бу мақолаларни ёзишдан мақсад биз ҳам мана шундай мувоффақиятларга эришайлик, ривожланиш сирларини буюк давлатлардан ўрганайлик Бир ярим миллиард аҳолиси бор Хитой 2021 йил қашшоқлик тугатилди деб эълон қилди.
Ишонаманки, ўзбек Ер юзининг қаерида бўлмасин у ўзбек бўлиб қолаверади, танида қатра қон қолгунча ўзбек бўлиб яшайди, ўз миллатини севади, ўзбеклигидан фахрланади.
Хаш паш дегунча саккиз кун ўтиб кетди. Мана Ҳайнан билан хайрлашиш фурсати келди. Хайр гўзал денгиз, хайр мафтункор боғлар, хайр чакалакзорлар! Хайр хушҳаво сайилгоҳлар!
Muhammad Ismoil ijodidan
https://t.me/jonajon_ustozlar_kanali