301-модда. Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги
Бошлиқ ёки бошқа мансабдор шахснинг ўз ҳокимият ёки хизмат мавқеини суиистеъмол қилиши, ҳокимият ёки хизмат ваколати доирасидан четга чиқиши, шунингдек, ҳокимият ҳаракатсизлиги Қуролли Кучларнинг манфаатларига, ҳарбий хизматчи ёки бошқа фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса, —
уч йилгача хизмат бўйича чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмишлар баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказиб, содир этилган бўлса, —
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмишлар:
а) одам ўлишига;
б) бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, —
ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу моддада назарда тутилган қилмишлар жанговар вазиятда содир этилган бўлса, —
ўн беш йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
@jinoyatkodeksi_uz