Ислом молияси | Islom moliyasi


Гео и язык канала: Узбекистан, Узбекский
Категория: Экономика


Ислом молияси соҳасида билим ва кўникмаларни шакллантириш. Назария ва замонавий амалиёт, манбалар ва янгиликлар
📱t.me/IslomMoliyasi
🖥islommoliyasi.uz
🔵fb.me/IslomMoliyasi
🔴youtube.com/c/IslomMoliyasi
🔘t.me/islamic_finance_plus
⌨️ @IM_contact

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Гео и язык канала
Узбекистан, Узбекский
Категория
Экономика
Статистика
Фильтр публикаций


Молиявий саводхонликнинг аҳамияти ва долзарблиги

Молиявий саводхонлик ва аҳолини молиявий фаоллигини ошириш (яъни уларни молиявий муносабатларга жалб этиш) тарафдорлари, молиявий саводхонлик аҳолининг молиявий маҳсулот ва хизматлардан фойдаланиш даражаси ошишига ёрдам бериши мумкинлигини таъкидлайдилар. Инновациялар ва мураккаб молиявий маҳсулотлар ривожланган сари мижозлар ушбу молиявий маҳсулотлардан тўлақонли фойдаланиши учун уларни тушуниш ва улардан фойдаланиш кўникмаларини ривожлантиришга бўлган эҳтиёжи тобора кучайиб бормоқда (илгари ҳеч қачон эҳтиёж бу қадар юқори бўлмаган).

Молиявий саводхонлик қарор қабул қилиш жараёнини осонлаштиради ва молиявий хатоларга йўл қўймасликка ёрдам беради.

Манба: EJIF - European Journal of Islamic Finance (Европа ислом молияси журнали)

Изоҳ: молиявий технологияларнинг шиддатли даражада ривожланиши (электрон пуллар, хилма хил пул ўтказиш технологиялари, тўлов тизимлари, онлайн савдонинг ривожланиши ва ҳ.к.з.) ва шу билан бирга фирибгарлик технологиялари ва усулларининг ривожланиши биздан молиявий саводхонликни талаб қилади. Сўнгги пайтда фирибгарлар асосан нафақадаги инсонлар (улар кексалик туфайли сўнгги технологиялардан орқада қолишган) ва ёш болаларни ўз тўрларига илинтиришмоқда. Энди фирибгарлар сунъий тафаккур (СТ) ёрдамида инсоннинг овозини ўзлаштириб, унинг номидан унинг танишларига (фирибгарларнинг топшириғи билан СТ биринчи эҳтимолий “қурбонга” қўнғироқ қилиб, уни овозидан ҳамда унинг телефонидаги барча одамларнинг телефон рақамлардан нусҳа олиб/ўзлаштириб олади) алоқага чиқиб улардан молиявий ёрдам олишни йўлга қўйишмоқда. Хуллас, молиявий саводхонлик масаласига жиддий эътибор қаратмасак биз осонгина молиявий фирибгарларни қармоғига илинишимиз мумкин. Аллоҳ асрасин.


#қисқа_савол_жавоблар

ВАЪДАНИ БАЖАРМАСЛИК ГУНОҲМИ?

CАВОЛ: Кимгадур бирон нарсани (пул)ни ваъда қилиб ёки бугун тайёр бўлади деб айтилган вақтга қилиб бера олмасам, айтган гапимни устидан чиқа олмасам, бунинг ҳукми қандай бўлади? Жавоб учун олдиндан раҳмат.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Мусулмон киши ҳаром бўлмаган бирор ишга ёки нарсага ваъда берса, ваъдасини устидан чиқишга имкон қадар ҳаракат қилиши лозимдир. Бирор киши ваъдасини устидан чиқиш ниятида ваъда бериб, бирор (жўяли) узр сабабли ваъдасини бажара олмаса, гуноҳкор бўлмайди.

عن زيد بن أرقم عن النبي صلى الله عليه وسلم قال إذا وعد الرجل أخاه ومن نيته أن يفي له فلم يف ولم يجئ للميعاد فلا إثم عليه. (رواه أبو داود)

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам “Киши биродарига ваъдасига вафо қилиш ниятида ваъда берса, лекин ваъдасига вафо қила олмаса, ваъдалашган жойга кела олмаса, у кишига гуноҳ йўқ”, дедилар. (Имом Абу Давуд ривояти)

Аммо, ваъдани бажаришда сусткашлик қилса ёки бажармаслик ниятида ваъда берса-ю ваъдасини бажармаса, қаттиқ гуноҳкор бўлади. Чунки ваъда бериб, узрсиз уни бажармаслик шаръан ҳаром иш бўлиб, мунофиқлик аломатидандир (“Мирқот ул-Мафотиҳ” китоби). Валлоҳу аълам.

Манба: Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

"Ислом молияси"дан қўшимча изоҳ: бугунги кунда жамиятда ваъдабозлик ва ваъдага вафо қилмаслик авж олган. Бу муаммо айниқса молиявий муносабатларда жуда кўп муаммоларга сабаб бўлмоқда. Иккита ибодатли (сиртдан қараганда) инсон бир бирига берган ваъдасига жиддий сабабсиз вафо қилмаслиги оддий хол бўлиб қолди. Ислом молия муассасалари мушорака ва музораба каби шерикчиликка асосланган молиявий битимларни эмас, асосан муробаҳа каби нархи ва шакли анъанавий кредитларга ўхшаган қиммат насия савдо битимларидан фойдаланишига ҳам жумладан шу иллат сабабчи, чунки шерикчилик битимига киришиш учун томонлар ишончли бўлиши, бир бирига берган ваъдасига жиддий қараши, ўзаро муносабатларда ишонч ва омонатдорлик юқори даражада бўлиши лозим.


#AAOIFI #стандартлар

AAOIFI Шаръий меъёри №5: «Кафолатлар» (бешинчи қисм)

4. Гаров (Раҳн)

Гаров (Раҳн) – бу молиявий актив ёки унинг ҳукмидаги нарса билан қарзни кафолатлаш бўлиб, қарз тўланмай қолган тақдирда, ушбу актив ёки унинг қиймати ҳисобидан қарз ёпилади...


давоми веб-саҳифамизда 👉
🌐 https://islommoliyasi.uz/uz/8141-2/

@IslomMoliyasi канали


Айтинг-чи, AAOIFI нинг «Кафолатлар» тўғрисидаги Шаръий меъёрига асосан қуйидаги фикрларнинг қайси бири нотўғри?
Опрос
  •   Қарз берувчи томон (кредитор) ўз қарзини қарздордан ҳам, кафилдан ҳам талаб қилишга ҳақли
  •   Кафиллик шартномаси қарз шартномасининг таркибий қисми бўлиши ҳам, алоҳида шартнома бўлиши ҳам жоиз
  •   Кафилликни бирор муддат билан, масалан, бир йил амал қилади, деб чегаралаб қўйиш мумкин
  •   Кафил бўлганингиз учун қарздордан қарз суммасининг 5 фоизи миқдорида комиссия олишингиз мумкин


#қисқа_савол_жавоблар

БИРЖАДА ИШЛАШ ЖОИЗМИ?


CАВОЛ: Мусулмон одам биржада ишлаши мумкинми?

ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Биржада ишлаш мумкин ёки мумкин эмаслиги у ерда қандай фаолият олиб боришга боғлиқ. Аввал, Ислом Фиқҳи Академиясининг 1404 ҳижрий сана, 11-16 Робиъус-сонийда бўлиб ўтган биржа бозори ҳақиқати, унда юзага келаётган акция, қарз векселлари, товарлар ва қоғоз пулларнинг нақд ва насия битимларини ўрганиб, Ислом шариати ҳукмлари асосида муҳокама қилганидан сўнг, қилган хулосасини кўриб чиқсак.

“Ислом Фиқҳи Академияси биржа ва ундаги бўладиган акция, қарз қоғозлари, савдо моллари, пуллар ва бошқа савдолар билан яқиндан танишиб, ўрганиб чиққанидан кейин шариат аҳкомлари асосида қуйидаги қарорларни қабул қилган:

Биржанинг асосий мақсади доимий бозор яратиш ва унда иштирок этувчилар учун савдо-сотиққа, маҳсулотларини савдога қўйиш ва сотиб олинган маҳсулотларни талаб қилишга енгиллик яратишдир. Бу ерда савдо қилиш жуда ҳам осон бўлиб фойдали ва яхши иш бўлиб, савдо-сотиқда тажрибаси йўқ, ҳақиқий нарх-наводан хабари йўқ, аммо олди-сотдига муҳтож кишилар баъзи ғаразгўйлар томонидан алданиб қолишларининг олдини олади. Шунингдек, сотувчи ва олувчиларга катта ёрдам беради.

Лекин шу билан бирга, биржа савдосида шариат рухсат бермаган қиморга ўхшаш, бировнинг ҳисобидан фойда кўриш ва одамларнинг молини ботил йўл билан ейиш каби муомалалар ҳам бор. Шунинг учун биржа ҳақида умумий ҳукм чиқариб бўлмайди. Балки, унда бўладиган ҳар бир муомалага алоҳида тўхталиб ўтишга тўғри келади:

Қарз қоғозларининг устига фойда қўйиб сотишнинг барча турлари рибо бўлгани учун шаръан жоиз эмас. Насия савдонинг барча турлари акция ёки савдо моллари бўлсин, модомики сотувчининг мулкида эмас экан, биржадаги услубда сотиш шаръан жоиз эмас. Чунки, бунда шахс ўзининг қўлида бўлмаган нарсани кейинроқ бошқа тарафдан сотиб олиб бериш шарти билан сотади.

Бу эса Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган:

لَا تَبِعْ مَا لَيْسَ عِنْدَكَ(رواه الترمذي)

яъни: “Ўзингда бўлмаган нарсани сотма” деган ҳадисга биноан шариатда ман қилингандир. Шунингдек, Имом Аҳмад ва Имом Абу Довудлар Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:

فإن رسول الله صلى الله عليه و سلم نهى أن تباع السلع حيث تبتاع حتى يحوزها التجار إلى رحالهم.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Савдо моллари сотилган жойида токи тожирлар ўз молига қўшиб олмагунча қайтадан сотилмас”, деганлар.

Агар биржа ёки электрон савдо жараёнлари ислом шариатига мослаштирилса шаръан тўғри бўлган савдога айланади.

Мусулмон киши биржада воқеликда бор бўлган нарсани сотиб олса ва сотишдан олдин ўзи ёки вакили орқали у молни қўлига олса ёки ҳали мавжуд бўлмаган нарсани сотиб олиб савдо битими тузилган мажлис тугамасидан аввал молнинг пулини топшириб шу ҳолатда савдо қилса, биржада ишласа бўлади, акс ҳолда биржада ишлаш шаръан мумкин эмас. Валлоҳу аълам.

Манба: Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати


​​Ассалому алайкум!

Бугун, ислом молияси тамойилларига мувофиқ бўлган тижорий шартномалардан кўзланган асосий мақсад, уларнинг таркиби ҳамда уларнинг доирасида кўзда тутилиши лозим бўлган масалаларни муҳокама қилдик.

Албатта, ҳар қандай тижорий шартномадан кўзланган мақсад фойда/манфаат олиш, лекин ўша фойдани олиш учун аввало шартнома тўғри тузилган бўлиши ва у нафақат ислом дини талабларига, балки амалдаги қонунчилик талабларига ҳам зид бўлмаслиги керак.

Қуйида, бундай шартномалар нималарни инобатга олиши кераклигини кўриб чиқамиз:

Анъанавий ва ислом молияси тамойилларига мос бўлган умумий талаблар:
1️⃣ Шартнома мавзуси (яъни шартнома нима ҳақда эканлиги);
2️⃣ Шартнома томонлари;
3️⃣ Тўлов пул бирлиги (яъни шартнома бўйича тўлов қайси валютада амалга оширилиши);
4️⃣ Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
5️⃣ Фавқулотда ҳолатлар юзасидан алоҳида бандлар;
6️⃣ Томонларнинг манзили ва уларнинг ҳисоб-рақамига оид тафсилотлар;
7️⃣ Томонларнинг имзоси ва сана;

Ислом молияси талаблари инобатга олинган шартномаларда эътибор қаратилиши шарт бўлган масалалар:
1️⃣ Шартноманинг мавзуси умумий ислом дини талабларига зид бўлмаслиги, масалан, шартнома маст қилувчи ичимликлар ишлаб чиқариш, уларни олди-сотди қилиш кўзда тутилмаслиги ёки мусулмон ахлоқига зид бўлган фаолият турларини тарғиботига хизмат қилмаслиги лозим;
2️⃣ Шартномада қимор ёки судхўрлик ва уларга олиб борувчи шартларнинг бўлмаслиги, масалан, тўлов кечикканида қўшимча тўлов ундириш шартининг бўлмаслиги ёки лотерея каби тасодифга асосланган даромадлар қилиш режалаштирилмаслиги;
3️⃣ Шартномада ғарар (яъни мавҳумлик/ноаниқлик билан боғлиқ хатар) даражаси юқори бўлмаслиги, яъни томонлардан бири шартнома доирасида иккинчи томонга нисбатан кўпроқ маълумотга эга бўлиши (масалан, қўшимча ички маълумотга эга бўлиши) ёки шартномада бир томоннинг ҳуқуқлари иккинчи томонга нисбатан кўпроқ бўлиши);
4️⃣ Шартнома ўз моҳиятига мос бўлиши керак. Масалан, муробаҳа шартномасида сотилаётган молнинг таннархи ва сотувчининг устамаси ҳақида харидорга маъулумот берилиши керак, акс ҳолда, бу муробаҳа шартномаси ҳисобланмайди ёки музораба шартномасида музорибга бизнесга пул киритиш/тикиш шарти қўйилиши мумкин эмас, агар шундай шарт қўйилса, унда бу музораба шартномаси деб тан олинмайди;
5️⃣ Шартнома эҳтикор (монополия)га олиб бормаслиги керак.

@IslomMoliyasi канали


#қисқа_савол_жавоблар

КЎПКАРИГА ПУЛ ТИКИШ ҚИМОРМИ?

CАВОЛ: Кўпкари ўйинига пул тикса ва ютса ҳалол бўладими?

ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Фуқаҳоларимиз "Мағлубларнинг молидан ғолибга берилиши шарт қилинган ҳар қандай ўйин — қимордир" деб айтганлар ("Таърифоту Журжоний" китоби). Шундан келиб чиқиб, от ўйинлари ва кўпкари каби ўйинларда ўйин иштирокчилардан муайян сумма йиғиб олиб, ғолибга берилса — бу қимор ҳисобланади. Шунингдек, мухлислар ичида ўзаро келишиб, отларга пул тикилса ва ғолиб отга тикканлар қолганларнинг пулини оладиган бўлса — бу ҳам қимор саналади. Қимор эса шариатимизда ҳаромдир. Бунга Аллоҳ таолонинг ушбу ояти асос бўлади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالأَنصَابُ وَالأَزْلاَمُ رِجْسٌ مِّنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

"Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз" (Моида сураси 90).

Лекин  ҳеч ким пул тикмасдан, балки, бир киши ёки бир неча киши ғолиб учун муайян мукофот эълон қилиб, уни ғолибга берилса, қимор ҳисобланмайди. Валлоҳу аълам.

Манба: Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати


#AAOIFI #стандартлар

AAOIFI Шаръий меъёри №5: «Кафолатлар» (тўртинчи қисм)

3/2 Ҳали номаълум бўлган ва зиммада вожиб бўлмаган қарзлар учун кафиллик бериш

Миқдори аниқ бўлмаган қарз мажбурияти учун кафиллик бериш мумкин, шунингдек, ҳали юзага келмаган (зиммада бўлмаган) қарз учун ҳам кафиллик берилиши мумкин, бироқ бунда қарз мажбурияти юзага келишидан олдин, кафиллик сўралган томонни огоҳлантирган ҳолда берилган кафилликни қайтариб олиш жоиз...


давоми веб-саҳифамизда 👉
🌐 https://islommoliyasi.uz/uz/8132-2/

☪️ @IslomMoliyasi канали


#мулоҳаза

2024 йил якунлари бўйича эълон қилинган маълумотларга кўра, Nvidia ходимларининг тахминан 76 фоизи долларда миллионер, уларнинг учдан бир қисми эса $20 миллиондан ортиқ бойликка эга. Бунга компания акциялари қийматининг 2019 йилдан бери 3775 фоиздан(!) дан ортиққа ошганлиги сабаб бўлган.

Маълумот учун, 1993 йилда ташкил этилган NVIDIA, бугунги кунда бозор қиймати бўйича дунёда биринчи ўринда турувчи АҚШнинг технологик корпорацияси бўлиб (компаниянинг бозор қиймати 3.6 триллион долларга тенг), процессорлар ва чиплар ишлаб чиқади. Компания томонидан ишлаб чиқилган юқори самарадорликка эга технологик тизимлар мустақил ҳаракатланишга қодир бўлган (автопилот) автомобиллар ишлаб чиқаришда ҳам кенг қўлланилади. Айнан мустақил ҳаракатланиш имкониятига эга бўлган автомашиналар ишлаб чиқилиши муносабати билан NVIDIAнинг маҳсулотларига бўлган талаб қаттиқ ошди.

Умуман олганда, технологик компаниялар маҳсулотларига бўлган талабнинг кескин ошиб кетиши ушбу компаниялар акциялари нархи кўтарилиши ва шу сабабли уларнинг акциядорлари бойликлари тез суратлар билан ортиб боришига сабаб бўлмоқда. Афсуски, технологик ривожланиш асосан ғарб давлатларида кузатилмоқда. Ислом ҳамкорлик ташкилоти аъзолари бўлган 57 давлатнинг деярли барчаси бу жараёнлардан орқада.. Бу эса бугунги кунда жуда хатарли (дунёда юз бераётган жараёнларга эътибор қаратсак, технологик жиҳатдан ривожланган давлатлар истаган ишларини қилишаётганлигини кўришимиз мумкин). Хуллас, технологик ривожланишга етарли даражада эътибор қилмаган давлатларнинг бунга ўз вақтида эътибор ва маблағ сарф қилган давлатларга техник ва технологик жиҳатдан қарам бўлиши табиий.

@IslomMoliyasi канали


#AAOIFI #стандартлар

AAOIFI Шаръий меъёри №5: «Кафолатлар» (учинчи қисм)

3. Кафиллик

3/1/1 Мижознинг муассаса олдидаги қарз мажбуриятларини кафолатлаш мақсадида муассаса мижоздан бир ёки бир неча кафил тақдим этишни талаб қилиши жоиз.

3/1/2 Кафиллик 2 турга бўлинади...


давоми веб-саҳифамизда 👉
🌐 https://islommoliyasi.uz/uz/8126-2/

☪️ @IslomMoliyasi канали


#қисқа_савол_жавоблар

ҚЎҒИРЧОҚ ЯСАБ СОТИШ ЖОИЗМИ?

CАВОЛ: Оила аъзоларим билан миллий қўғирчоқ ясаймиз. Шу ишимиз жоизми?

ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Уламоларимиз жисмли тимсол ва ҳайкалларни ясаш шаръан ҳаром эканига фатво беришган бўлса-да, бундан болалар ўйинчоқларини истисно қилишган.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз шундай дейдилар:

"كُنْتُ أَلْعَبُ بِالْبَنَاتِ عِنْدَ النَّبِىِّ، عليه السَّلام، وَكَانَ لِى صَوَاحِبُ يَلْعَبْنَ مَعِى - فَكَانَ رَسُولُ اللَّهِ عليه السلام إِذَا دَخَلَ يَتَقَمَّعْنَ مِنْهُ، فَيُسَرِّبُهُنَّ إِلَىَّ فَيَلْعَبْنَ مَعِى".

"Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида қўғирчоқ ўйнар эдим. Менинг ўртоқларим бор эди, мен билан ўйнашарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирганларида эса у зотдан яшириниб олишарди. Шунда У Зот уларни аста мен томон юборардилар ва улар яна мен билан ўйнашар эди".

Ушбу ҳадис шарҳида Аллома Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейдилар:

واستدل بهذا الحديث على جواز اتخاذ صور البنات واللعب من أجل لعب البنات بهن وخص ذلك من عموم النهي عن اتخاذ الصور وبه جزم عياض ونقله عن الجمهور وأنهم أجازوا بيع اللعب للبنات لتدريبهن من صغرهن على أمر بيوتهن وأولادهن

"Ушбу ҳадисни далил қилиб ёш қизалоқчалар ўйнаши учун қизчаларнинг қўғирчоғини ясашга рухсат берилган ва бу суратлар чизиш ва уйда сақлаш ҳақидаги умумий қайтариқдан истисно қилиб хосланган. Қози Иёз буни жазм билан айтиб, жумҳур уламолардан "Қизалоқларнинг уй ва болага қараш ишларини ёшлигидан машқ қилиши учун уларнинг қўғирчоқларини сотиш жоиз", дейишганини нақл қилиб келтирган" ("Фатҳул Борий" китоби). Валлоҳу аълам.

Манба: Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати


#қисқа_савол_жавоблар

КОМПЪЮТЕР ГРАФИКАСИДАН ФОЙДАЛАНИШ ЖОИЗМИ?

CАВОЛ: Мен киноларда графика билан шуғуланаман, бунда оддий кадрлардаги инсонларни юз қиёфасига жароҳат етказилган ҳолатлар ва ўқ отилиб инсонга жароҳат етказган ҳолатлар компьютер графикасида тайёрланади ва бундан ташқари кўп тарихий филмлар учун йиртқич ҳайвонларни компьютерда худди хақиқий ва жонлидек ясалади, саволим шундан иборатки: мен графикада кадрда бўлмаган ҳайвонларни ясаб уларни филмларда ишлатишим мумкинми ва филмда инсонга жароҳат ҳолатларида юзига ўзгартириш киритиб зомби ҳолатларига киритишим мумкинми ва мен бу графикачи иши касби орқали гуноҳкор бўлмайманми? Бу касб шариатимизда ҳалолми?

ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Кино ва мультфилм ишлаб чиқаришда компьютер графикасидан фойдаланиш масаласида замонамиз уламолари турлича фикр билдирганлар. Баъзи уламолар шариатимизда инсонни, жонли нарсаларнинг суратини тўла ҳолда чизиш тақиқлангани эътиборидан уни жоиз эмас, дейишган. Ушбу уламолар ўз сўзларига Имом Муслим ва бошқа бир қанча муҳаддислар ривоят қилган расм чизишнинг мумкин эмаслиги борасидаги ҳадисларни далил қиладилар. Жумладан, Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни Aллоҳнинг ҳузурида энг қаттиқ азобда бўладиган одамлар мусаввирлардир”, – деганлар. Бу мазмундаги ҳадислар кўплаб саҳобалар томонидан ривоят қилинган бўлиб, уларга кўра жонли нарсаларнинг суратини чизишга изн йўқлиги, одамлар ўша суратларни илоҳ қилиб олишлари хавфи борлиги, натижада эътиқодий бузилишлар юзага келиши айтиб ўтилган. Айниқса, жонли нарсаларнинг суратини чизишда инсон Аллоҳнинг яратганига ўхшатишга уриниш маъноси борлиги ҳадисларда очиқ таъкидланган.

Шунингдек, замонамиздаги кўпчилик уламолари компьютер графикасидан фойдаланиш жоиз эканига фатво берганлар. Ушбу уламоларнинг таъкидлашларича, компъютер графикаси орқали яратилган сурат – фотосурат ва киноматографик суратлар кабидир. Зеро, буларнинг барчасида акс олиш ва уни электрон экранда намоён қилиш бор. Қолаверса, бунда инсон томонидан Аллоҳ таоло яратган нарсага ўхшатишга уриниш, ундай нарсаларга ибодат қилиш маъноси ҳам йўқ. Электрон фото худди ойнага акс тушгандек гап. Фақат бу ерда тасвирнинг акси ойнада забт бўлиб қолмайди, балки фотода забт бўлиб, уни қоғозга чиқариш мумкин бўлади.

Мисрнинг фатво ҳамда Исломий тадқиқотлар уюшмасининг уламолар Кенгаши 2010 йил декабрь ойида бўлиб ўтган ўн иккинчи мажлисида “Ислом аҳкомлари ва одобларини таълим беришда қўлланиладиган анимацион расмларнинг ҳукми”га доир 161-сонли Қарорини эълон қилган. Унда мусулмон ёшларни таълим-тарбияси ҳамда исломий маданиятини ривожлантиришда электрон расмларни яратиш жоиз экани таъкидланган.

Хулоса қилиб айтганда, замонамизнинг кўпчилик уламолари эълон қилган фатво – компьютер графикасидан фойдаланишнинг жоиз экани далил жиҳатдан қувватли ва замон руҳига мос саналади. Чунки ҳозирги пайтда динимиз душманлари томонидан компьютер графикасидан кенг фойдаланган ҳолда оломонча маданиятини сингдириш учун тизимли ишлар амалга оширилаётган бир пайтда мусулмонлар томонидан динимиз меъёрларига тўла мос келувчи фильм ва мультфилмлар яратиш бугунги куннинг заруратига айланмоқда. Айниқса, буюк ва намуна бўлган тарихий шахсларнинг ибратли ҳаёти, Исломдаги одоб-ахлоқ, таълим-тарбия, илм-фанга тарғиб ва эзгу ғояларни шакллантирувчи образларни яратиш ёшларимизнинг эътиқоди ва ахлоқ меъёрларини сақлаб қолишга хизмат қилади. Валлоҳу аълам.

Манба: Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

"Ислом молияси" изоҳи: ҳар қандай ишни бошлаётганда биз ният-мақсадимизни аниқлаб олишимиз керак. Агар мақсад ноаниқ бўлса (шунақаси ҳам бўлади), у ҳолда инсон ўзига ўзи қуйидаги саволларни бериш орқали мақсад ва унинг натижаларини аниқлаштириб олиши ва шу жавоблардан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қилиши лозим:
- бу ишни нима учун қиляпман?
- шу бошлаётган ишим диним нуқтаи назаридан жоизми;
- бу иш жорий қонунчиликка хилоф эмасми;
- у мени ҳаётим ва охиратим учун ҳамда шу ишим натижасидан фойдаланидиган одамлар ҳаёти ва охирати учун нима беради;
- шу нарсани ўзимга ва яқинларимга раво кўрган бўлармидим.
..


#AAOIFI #стандартлар

AAOIFI Шаръий меъёри №5: «Кафолатлар» (иккинчи қисм)

2/3 Ижара берилган мулкларнинг жавобгарлиги

Ижарага берилган мулкнинг жавобгарлиги мулк эгаси зиммасида бўлади, ижарага олувчи учун эса бу мулк омонат ҳисобланади. Ижарага берилган мулкка талафот етганда уни қоплаш учун ижарага олувчидан кафиллик, гаров ёки шунга ўхшаш кафолатларни талаб қилиш жоиз эмас. Агар кафолат таъаддий (тажовуз қилиш), лоқайдлик ёки битим шартларини қасддан бузиш ҳолатлари учун бўлса, унда жоиз...


давоми веб-саҳифамизда 👉
🌐 https://islommoliyasi.uz/uz/8121-2/

☪️ @IslomMoliyasi канали


#қисқа_савол_жавоблар

ҚУРЪОНИ КАРИМ МУСҲАФИНИ СОТИШ ЖОИЗМИ?

CАВОЛ: Қуръони каримда “Менинг оятларимни арзимас матоҳга алмаштирманглар…” қабилида оят бор. Шу оятга амал қиладиган бўлсак, муқаддас Қуръони карим китобини сотиш жоизми?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ҳанафий мазҳабимиз ҳамда моликий, шофеий мазҳаби олимларининг якдил фатволарига кўра, Қуръони карим мусҳафини сотиш жоиздир. Чунки сотиладиган нарса қоғоз, сиёҳ, жилд ва шу кабилардан иборатдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Бақара сурасида: “Аллоҳ савдо-сотиқни ҳалол қилди”, деган (275-оят).

Саволда зикр қилинган Аллоҳ таолонинг: “Оятларимни озгина баҳога сотмангиз ва Мендангина қўрқингиз!” (Бақара сураси, 41-оят) мазмунидаги ояти каримаси Бану Исроил қавмига хитобан нозил қилинган бўлиб, улар ўзларининг муқаддас китоблари “Таврот”нинг айрим оятларини пул эвазига ўзгартиришган эдилар. Валлоҳу аълам.

Манба: Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати


#AAOIFI #стандартлар

AAOIFI Шаръий меъёри №5: «Кафолатлар» (биринчи қисм)

Ушбу Меъёрнинг мақсади (мажбуриятлар бажарилишини таъминлашга қаратилган) кафолатга доир шариат ҳукмлари, уларнинг жоиз ва ножоиз турлари ҳамда Ислом молия муассасалари томонидан уларни амалда қўлланишига оид энг муҳим масалаларни баён қилишдир...


давоми веб-саҳифамизда 👉
🌐 https://islommoliyasi.uz/uz/8109-2/

☪️ @IslomMoliyasi канали


#қисқа_савол_жавоблар

ИЛМИЙ ИШЛАРНИ ЎЗГАЛАРГА СОТИШ ЖОИЗМИ?

CАВОЛ: Ўзим ёзган ё тайёрлаган ижодий ишларни (мақола, очерк, шеър, ҳикоя, диплом иши) харидор бўлган одамга сотсам бўладими? Бунда сотиб олган одам унда ўзини муаллиф қилиб кўрсатади.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Киши ўзи тайёрлаган моддий ва маънавий нарсаларни хоҳлагандай ишлатиши мумкин. Лекин бошқанинг ижодий ишини сотиб олиб, ўзини муаллиф қилиб кўрсатишда ёлғон ва алдов бор. Айниқса, сотиб олинган ўзгаларнинг илмий ишлари ортидан бирор шаҳодат (диплом), илмий унвонга эга бўладиган ва моддий манфаат кўрадиган бўлса, бунинг гуноҳи ҳам, зарари ҳам бошқалариникидан каттароқ бўлади.

Динимизда гуноҳга ёрдам бериш йўқ, ўзи қилмаган ишни қилдим дейиш ва йўқ сифатлари билан мақтаниш ман қилинган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

لَا تَحْسَبَنَّ الَّذِينَ يَفْرَحُونَ بِمَا أَتَوْا وَيُحِبُّونَ أَنْ يُحْمَدُوا بِمَا لَمْ يَفْعَلُوا فَلَا تَحْسَبَنَّهُمْ بِمَفَازَةٍ مِنَ الْعَذَابِ وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ

яъни: “Ўз қилмишлари билан мағрурланадиган, қилмаган (яхши) ишлари учун мақталишни севадиганлар азобдан халос бўладилар деб, ҳисобламанг, асло! Уларга (охиратда) аламли азоб (бордир)” (Оли Имрон сураси, 188-оят).

Ўзгаларни алдашнинг оқибати ҳақида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

مَنْ حَمَلَ عَلَيْنَا السِّلاَحَ فَلَيْسَ مِنَّا ، وَمَنْ غَشَّنَا فَلَيْسَ مِنَّا (رواه الامام مسلم).

яъни: “Ким бизга қарши қурол кўтарса ва ким бизни алдаса, биздан эмас” (Имом Муслим ривояти). Валлоҳу аълам.

Манба: Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати


#янгилик

“Alif Uzbekistan” Ислом савдо-молия корпорациясидан Ipak yo'li banki орқали $3 млн. жалб қилди

“Alif Uzbekistan” Ислом тараққиёт банки гуруҳига кирувчи Ислом савдо-молия корпорацияси (ITFC)дан 3 млн.доллар жалб қилди. Жалб қилинган маблағлар ислом молияси тамойиллари асосидаги “Насия” муддатли тўлов хизматини ривожлантириш ва кенгайтиришга йўналтирилади.

“Alif” гуруҳи Ислом тараққиёт банки гуруҳига кирувчи Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси (ITFC) томонидан молия маблағлари жалб қилди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати маълум қилди.

Битим ITFC ва “Ипак Йўли банки” ўртасида Ўзбекистонда хусусий тармоқни молиялаштиришни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги мавжуд битим доирасида амалга оширилди.

Битим доирасида “Ansher Capital” ва “TMT Global Advisors” инвестиция компаниялари “Alif”нинг молиявий маслаҳатчилари сифатида иштирок этишди. “Alif Uzbekistan” бош директори Нуриддин Лафизовнинг таъкидлашича, компания ITFC билан ҳамкорлик орқали мижозлар учун финтек хизматларидан фойдаланишни кенгайтиришни режалаштирмоқда.

Ушбу ҳамкорлик “Alif "нинг Ўзбекистонда ўз фаолиятини кенгайтириш учун сармоя жалб қилиш ва молиявий хизматлар бозорида ўз мавқеини мустаҳкамлаш бўйича узоқ муддатли стратегиясини акс эттиради. “Alif”, шунингдек, ислом қимматли қоғозлари бўлган “Сукук”ларни чиқаришни режалаштирмоқда”, — дея қўшимча қилган Лафизов.

Компания матбуот хизматининг изоҳ беришича, қимматли қоғозлар эмиссияси хорижда, “Euroclear” депозитарийсида рўйхатдан ўтган ҳолда амалга оширилади. Олинган пуллар Ўзбекистондаги истеъмолчиларни молиялаштиришда фойдаланилади, дея аниқлик киритди Лафизов “Spot"га берган изоҳида.

Бундан олдин, 2024-йил декабр ойида “Alif Uzbekistan” Американинг “Accial Capital” инвестиция компаниясидан “Насия” хизматини ривожлантириш учун $20 млн жалб қилганини эълон қилганди. Бу битим доирасида ҳам “TMT Global Advisors” маслаҳатчи компания сифатида иштирок этган эди.

“Alif Uzbekistan”нинг ўз маълумотларига кўра, ўтган йилни ўзида хорижий сармоядорлардан $50 млнга яқин маблағ жалб қилган. Бугунги келиб, финтех компанияси бўлинмаси томонидан жалб қилинган инвестицияларнинг умумий ҳажми $150 млн.дан ошган.

Хусусан, октабр ойида компания Британиянинг “Cur8 Capital” фондидан 5 млн. АҚШ доллари миқдорида молиявий маблағлар жалб қилиш бўйича битим имзолаган эди (биз бу ҳақда маълум қилган эдик).

🌐 Манба: https://www.spot.uz/

@IslomMoliyasi канали


#фойдали_маълумот

Турли тадқиқотлар натижасида, бизнесда муваффаққиятга эришиш учун ҳиссиётларни бошқариш жуда муҳим деган хулосага келинган.
Бугунги кунда инглиз тилида Emotional intelligence деган ибора ҳам ишлатилмоқда. Бу ибора инсон ўзининг ва бошқаларнинг ҳис-туйғуларини тушуниш ва бошқариш қобилиятини ангалатади. Демак, агар сиз муваффаққиятга эришмоқчи бўлсангиз, ўз ҳис-туйғуларингизни бошқаришни ҳамда бошқаларнинг ҳис-туйғуларини тушуниш ва уларни эътиборга олишни ўрганишингиз керак. Шунда сиз тўғри қарорлар қабул қилишингиз ва кутилган натижаларга эришишингиз осон бўлади.

Манба: https://www.business.com

“Ислом молияси”дан қўшимча:
Албатта инсон ўз ҳиссиётларини назорат қилиши ҳамда бошқаларнинг ҳис-туйғуларини инобатга олиб иш қилиши нафақат бизнесда, балки умуман ҳаётда жуда яхши натижалар беради.

Аллоҳ таоло Шууро сурасида* шундай марҳамат қилади:
36. Сизга берилган нарсалар дунё ҳаётининг матоҳи, холос. Аллоҳнинг ҳузуридаги яхши ва боқий нарсалар эса, иймон келтирган ва Роббиларига таваккал қилганлар учундир.
37. Катта гуноҳлар ва фоҳиша ишлардан четда бўладиган ва ғазабланган вақтда кечириб юборадиганлар учундир.
38. Роббиларига ижобат қилган, намозни тўкис адо этган, ишлари ўзаро шууро ила бўлган ва уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ қиладиганлар учундир.


Кўриб турганимиздек, динимизда дунёлик ҳаётимиз ва охиратимиз учун муҳим кўрсатмалар бор. Демак:
1. Мўмин одам аввало ҳар қандай ҳолатда ҳам бу дунё қувонч ва ташвишлари ўткинчи эканлигини ёдида тутади. Бу унга жуда қаттиқ хурсанд бўлиб кетиш ёки жуда қаттиқ тушкунликка тушиб қолишдан сақлайди. Зеро, бу икки ҳиссиётнинг ўта даражада бўлиши инсонга зарар келтириши ҳаётда жуда кўп маротаба исботланган.
2. Ибодатларида қоим бўлади. Намоз инсонга интизомли бўлишни, вақтни тежаш ва тартибга солишни ўргатади.
3. Муҳим ишларни атрофидагилар (ота-она, яқинлар, устозлар, ҳамкасблар, тажрибали инсонлар ва ҳ.к.з.) билан маслаҳат қилади. Ўзбекни мақоли билан айтганда, “Маслаҳатли тўй тарқамас”.
4. Аллоҳга таваккал қилади. Инсон ҳеч бир ишининг натижаси қандай бўлишини олдиндан билмайди, Аллоҳ унга берган ақл-фаросатини ишлатади, ўзидан тажрибалироқ инсонлар билан маслаҳат қилади, имкон қадар барча ҳисоб-китобини, ҳаракатини қилади, лекин якунида барибир таваккал қилади. Бунинг тўғри кўриниши эса дуо билан Аллоҳдан хайрлисини сўраган ҳолда таваккал қилишдир.
5. Ғазабланган вақтда кечириб юборади. “Ғазаб келганда, ақл қочади”, деган гап бор ва бу бежиз эмас. Инсон ғазаб қилган пайтда содир бўлган муваффаққиятсизлик учун айбдор қидиришга, бошқаларни айблашга мойил бўлади. Шундай пайтда кечиримли бўлиш, мулоҳаза билан иш кўриш, ҳолатни холис/адолат билан баҳолаш тўғри хулосалар чиқариш ва вазиятни ўнглаш имконини беради.
6. Инфоқ-эҳсон қилади. Зотан, Аллоҳ таоло: “Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз” (Оли Имрон сураси, 92-оят) деб марҳамат қилган.
Валлоҳу аълам.
---------------------
*“Шууро”ни муфассир уламолар маслаҳат/машварат деб таржима қилишган.


#мулоҳаза

Британиялик олим, муфтий Фараз Адам биткоин ҳақида тез-тез турли мақолалар қўйиб туради. Бу сафар ҳам www.linkedin.com да шу мавзуда ўз фикрларини бир пост шаклида қўйган экан, шуни ўзбек тилига умумий маъноларини таржима қилиб қўйишга қарор қилдик. Ушбу мақола фатво эмас, балки бир олимнинг биткоин ҳақидаги фикрлари холос. Биз ўзимиз ҳам олимнинг ушбу фикрларини қўллаб қувватламаймиз ва уларни тарғиб қилиш фикридан йироқмиз. Шунинг учун ҳам олимнинг ушбу фикрларини #мулоҳаза рукни остида беряпмиз.

┈•┈•┈•⊰✿📖✿⊱•┈•┈•┈

Биткойнни “жозибадорлиги” нимада?

1⃣ Устунлиги
Биткоинни ишлаб чиқариш қийин. Ишлаб чиқарилиши қийин бўлган пул эса талаб ошган пайтда бошқа валюталардан устунлиги намоён бўлади. Қийин ишлаб чиқариладиган пулда сақланган бойликлар узоқроқ вақт давомида ўз қийматини ушлаб туради, осон ишлаб чиқариладиган пулда сақланган бойликлар эса ўз қийматини тезроқ йўқотади. Умуман олганда ҳам, узоқ муддатли истиқболда қийин ишлаб чиқариладиган активлар пул сифатида муваффақиятга эришади.

2⃣ Таклифнинг чегараланганлиги
Фиат (қоғоз) пулларни осонликча ишлаб чиқариш мумкин. Биткойн эса бундай эмас. Унинг чекланган миқдори унинг қийматини инфляция орқали тушириш имкониятини чеклайди. Биткойннинг умумий сони 21 миллион тангадан ошмайди (деган маълумот бор). Бу чекланганлик эса унинг фиат пулларидан фарқли равишда қийматсизланишини олдини олади.
Биткойн барча айирбошлаш воситалари орасида энг кам таклиф қилинаётган восита бўлиб, ушбу таклиф энг паст ўсиш суръатига эга (яъни таклиф узоқ муддат давомида ошмасдан турибди). Албатта, бундай назорат остидаги таклиф, узоқ вақт давомида биткоиннинг қиймати ва барқарорлигини мустаҳкамланишига сабаб бўлиб келмоқда.

3⃣ Чекланганлиги
Бошқа активлардан фарқли ўлароқ, Биткойнни ишлаб чиқариш чекланган, чунки Биткойнни ишлаб чиқариш ва тармоқ ҳавфсизлигини ҳимоя қилиш жараёни жуда катта қайта ишлаш қувватлари талаб қилади. Бу эса ўз навбатида унинг ишончлилиги ва хавфсизлигини оширади.

4⃣ ₿ даги муносабатлар занжири
Қиймат сақлаш воситасига талаб (пайдо бўлиши) ➔ Нарх кўтарилиши ➔ Ишлаб чиқариш (майнинг) даромадлироқ бўлиши ➔ ишлаб чиқаришга янада кўпроқ қувват йўналтирилиши ➔ Тармоқ хавфсизлиги таъминланиши ➔ Қиймат сақлаш воситасига талаб ошиши.

5⃣ Мустақиллиги
Биткойнда ягона таклиф маркази йўқ, яъни уни марказий ҳокимият ёки бирон бир ташкилот назорат қилмайди. Бундай тизим Биткойнни мустақиллигини таъминлайди.

6⃣ Чегара билмаслиги
Биткойн бутун дунё бўйлаб интернетга уланган ҳар ким учун мавжуд. Унинг чегарасизлик хусусияти глобал даражада воситачиларсиз амалиётларни осонлаштиради. Демак, Биткойн инсон аралашувисиз, қайсидир маънода автоматик молия сиёсатини таклиф қилади. молиявий амалиётлар (транзакциялар) марказлашмаган тармоқда амалга оширилади. Бунда шаффофлик бор ва бу жараён самарадорликни таъминлайди.

7⃣ Пул бирлиги сифатидаги хусусиятлари
Биткойн ўзида олтиннинг чекланганлиги ва мустаҳкамлигини ҳамда қоғоз пулларга хос бўлган сақлаш ва ташиш қулайлигини мужассам қилган.

8⃣ Биткоин кредит пули эмаслиги
Биткойнга эга бўлиш бошқалар олдида иқтисодий-молиявий мажбуриятлардан холи бўлган муайян активга эгалик қилишни англатади, бу эса ҳақиқий эгалик ва молиявий мустақилликни англатади.

@IslomMoliyasi канали


Ассалому алайкум!
Ислом молиясига бевосита алоқаси бўлмаса ҳам қуйидаги маълумот молиявий ҳамда кўпчиликка алоқадор бўлгани учун беришга қарор қилдик:

1. Тошкентда автобус ва метрода нақд пул шаклдаги йўлкира нархи ошади


Тошкент шаҳрида жамоат транспортида нақд шаклидаги йўл ҳақи 2000 сўмдан 3000 сўмга оширилди. Нақдсиз тўловда (яъни платик карталар орқали ёки махсус транспорт карталари орқали) нарх ўзгармай, 1700 сўм бўлиб қолади. Автобуслар салонида йўл ҳақини нақд пулда олиш амалиётидан воз кечилади*, бекатлардаги тўлов қурилмалари орқали бир марталик QR-кодли чипта харид қилиш керак бўлади.

«Тошшаҳартрансхизмат» чиптадан қандай фойдаланишни тушунтирганди. Унга кўра, QR-кодли чиптани керакли масофада валидаторга тутиш керак. Чиптага эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиб, уни букламаслик ёки шикастламаслик ҳамда уни текшириш учун қатнов охиригача сақлаш лозим.

2. Умумий овқатланиш корхоналарига қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС)нинг бир қисми кешбэк** шаклида қайтарилади
Ойлик айланмасини нақд пулсиз амалга оширганларга эса ҚҚСнинг 40 фоизи тўланган заҳоти қайтарилади. ҚҚС тўлашга ўтган ресторан ва кафеларнинг фойда солиғи 2 каррага камаяди.
___________________
- *кўриб турганимиздек, ушбу чоралар жумладан нақдсиз тўловни рағбатлантиришга қаратилган, чунки бу чора пулларни расмий банк-молия тизими орқали айланишини ва шу орқали мамлакат иқтисодиёти ривожланишини таъминлаши кўзда тутилган.

- **кешбэк юзасидан қуйидаги ҳаволани очиб танишиб чиқишингиз мумкин: https://t.me/diniysavollar/6642

Показано 20 последних публикаций.