ДЕМАДИ ДЕМАНГЛАР, ДЕМАГАНМИДИМ? Ўзбекларни итга тенглаштирган шахснинг видеотасвири сабаб ижтимоий тармоқларда рус миллатига қарши норозиликнинг кучайиши ортидан “Провокацияга учманг” сарлавҳали мақола ёзгандим.
Мақолада бу шахснинг миллати русми, украинми ёки латишми эканлиги номаълумлиги, асосий мақсади эса рус ва ўзбек миллати орасида низо чиқариб, уруш ўзанини Ўрта Осиёга буриш эканлигини айтиб, видеотасвирни тарқатишни тўхтатишга чақиргандим.
Қизиғи шундаки, обуначилари юз мингдан ортиқ бўлган обрўли канал эгалари мени руспарастликда айблаб мақолани чиқаришни рад қилишди.
Аммо,
inspector_uz телеграм канали ва яна миллат тақдирига бефарқ бўлмаган бир нечта каналлар масаланинг моҳиятини тўғри англаб мақолани дарҳол эълон қилишди.
Айтганимдек, Россия ташқи ишлар вазирлиги бу шахснинг Россия фуқароси эмаслигини билдирди.
Шунингдек, Россия Федерацияси ФСБ хизмати: ўзбек миллати вакиллари хақида миллий шовинистик тарзда гапирган шахс Украина Давлати Николаев вилоятида туғилган Николай Кочмарук исмли шахс эканлиги;
Николай Кочмарук Украина қуролли кучларини тарғиб қилувчи Youtuber эканлиги ҳақида маълумот берган.
Демоқчи бўлганим: гап миллат тақдири ҳақида кетар экан – ҳеч қайсимизнинг тарафкашликка, чалғишга, адашишга, ҳиссиётларга берилиб хулоса чиқаришга ҳаққимиз йўқ!
Мирзабек ЖАПАҚОВ, ҳуқуқшунос журналист.