ГЕРМАНИЯДАГИ ФАОЛИЯТИ
Акаси Абдулҳай Қаюмқори билан алоқаларВали Қаюмхоннинг Тошкент билан алоқада бўлиб туришида акаси тадбиркор инсон Абдулҳай Қаюмқорининг хизмати катта бўлган. У Германияда таҳсил олаётган укаси Вали Қаюмхон билан алоқага ўта эҳтиёткорлик билан ёндашади. Аввало ўз фамилиясини алмаштириб, Абдулҳай Қориев тарзида хатлар алмашади. Абдулҳай Қориев Вали Қаюмхонга хатлар билан бирга 1931-йилгача «Меҳробдан чаён» ва бошқа янги асарлар ҳамда мунтазам равишда Ўзбекистон матбуоти газеталаридан намуналар юбориб турган. Абдулҳай Қориевнинг жиноят ишида унинг 1930-йил 23-декабрь куни укаси Вали Қаюмхонга ёзган хатида: «… Ботуни сўрабсан. Унинг анчадан бери қаердалиги номаълум. Тошкентда ҳам, иш жойида ҳам йўқ». Демак, шу нарса маълум бўладики, ёзда қамоққа олинган Ўзбекистоннинг Маориф халқ комиссари Ботунинг тақдири ҳамон кўпчиликдан сир тутилган. Бу эса қатағон айнан Марказ томонидан режали амалга оширилганлигини исботлайди. Шундан сўнг Абдулҳай укасига Тошкентдаги ҳолат ҳақида маълумот бериб, «… мана совуқ тушди ўтин 90 сўм, гўшт қадоғи бир сўм, ун 40 сўм. Совуқдан одамлар қотиб ўлмоқдалар. Уларнинг ҳаммаси ўзбеклар. Ўрислар ўзларига уй ва иссиқлик таъминоти масалаларини аллақачон ҳал этиб қўйишганлар» деб хат сўнгида «сўраган газеталарингни юбораяпман» деб фикрини тугатади.
Германияда Вали Қаюмхон рассом Войтех ва хотини фрау Елизабетларнинг уйида ижарада турган. Уч фарзанди бўлган бу олмон оиласи Вали Қаюмхон учун кўп йиллар ҳақиқий қўрғон вазифасини ўтади. Вазият йил сайин мураккаблашиб борди. У ўзини ҳам, Тошкентдаги қариндошларини ҳам ҳимоя қилиши зарур эди. Абдулҳай Қориев энди хатларни уй бекаси мадам Елизавет номига жўнатган.
1951-йил 29-апрель куни Вали Қаюмхоннинг акаси Абдулҳай Қориев қамоққа олинди. Уйида тинтув ўтказилиб, барча ҳужжатлар, суратлар, китоблар олиб кетилди. Сўроқ пайтида нима сабабдан фамилияси ўзгартирганлиги суриштирилди. Сўнг Вали Қаюмхонни суриштиришди. Абдулҳай Вали Қаюмхоннинг тахминан 1935-1937-йилларда бир олмон қизига уйланганлиги ҳақида эшитгани, бироқ 1941-йилдан буён бутунлай алоқаси узилганлигини, Гитлер ҳукумати билан қанчалик алоқаси бор йўқлигини билмайман, дейди.
Абдулҳай Қориев тергов чоғида қийноқлар билан 1951-йил 11-июлда ўлдирилган.
Германияда таҳсил1921-йил Бухоро ҳукумати Берлинга талабалар юборди. Бу ишларни ташкиллаштириш учун «Кўмак» ташкилоти тузилди. Пул масалалари халқ томонидан йиғиб берилди. Бухоро ҳукумати талабалар назорати учун «Бухоро култур комисцион»и тузди. Бу комиссия Берлиндаги 5 қаватли меҳмонхонага жойлашди. Комиссияга раҳбар этиб Олимжон Идрис (татар), Хемниц (немис яҳудийси), Абдулвоҳид Бурхонбеклар тайинланди.
Бухоро ҳукумати бошчилигида 50 га яқин талаба олиб келинди. Файзулла Хўжаев Вали Қаюмхонни ўзи билан бирга Берлинга алоҳида олиб келган.
Вали Қаюмхон дастлаб Берлиндаги қишлоқ хўжалик мактабида, кейин эса Берлин университетида таҳсил олган.
-----------------------------
© Жасур Раббимов
Канал: @RabbimovJasur