💫
ФИРОҚ ҲАҚИДАСен йироқда,
Ёринг йироқда,
Ўртанади жонинг фироқда.
Тугаб борар бардош — саботинг,
Учай десанг йўқдир қанотинг.
Севар ёринг васлига муштоқ
Кечаларинг ўтади уйғоқ…
Аммо ғамдан бошингни букма,
Шаҳло кўздан ёшингни тўкма.
Дилбар, буни фироқ дема ҳеч,
Ёрим мендан йироқ дема ҳеч.
Чунки оро кириб жонингга,
Бахтинг бир кун келар ёнингга.
Сени ноҳақ
Ранжитди ёринг,
Ё ўзгадан рашк этди ёринг.
Нолишингга қулоқ солмади,
Изҳорингдан кўнгли қонмади.
Кетди, боқмай ҳатто қайрилиб…
Сен буни ҳам дема айрилиқ.
Дил ўртама, йиғлама асло.
Сен бу ҳижрон зулмати аро
Пок севгингни айлагин чироқ, —
Висол билан алмашур фироқ.
Сен севасан,
Севмайди ёринг,
Ёр кўнглига етмайди зоринг.
Севганингни ёки билмайди,
Ё билса ҳам кўзга илмайди.
Айрилиқда ёнасан бироқ —
Сен буни ҳам атама фироқ.
Чунки севгинг бўлса агар чин
Ҳижронларни қилар чилпарчин.
Ишон фақат, ҳеч толмай ишон,
Ишонч бўлса чекинар ҳижрон…
Ёринг бўлса
Ёнингда доим,
Ёринг бўлса — кўркам, мулойим,
Ҳар онингни кечирсанг бирга,
Бирга бўлсанг бутун умрга,
Ҳаёт қуриб, улаб жонга жон,
Яшасанг-у йиллар ёнма-ён —
Аммо бўлса кўнгиллар йироқ,
Дунёда йўқ бундан зўр фироқ.
Бу фироққа сира йўқ даво,
Бу фироққа йўлиқма асло!
✍
Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов, 1961 йил👇👇👇
🌐 www.facebook.com/evohidov
🌐https://t.me/erkinvohidovijodi
🌐 www.erkinvohidov.com