Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, томорқа ер эгалари, қишлоқ хўжалиги ходимлари!
Аввало, сиз, азизларни, сизлар орқали ўз ҳаётини қишлоқ хўжалиги соҳасига бағишлаган барча заҳматкаш инсонларни қутлуғ байрам – Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Барчамиз яхши тушунамизки, ҳозирги ўта мураккаб иқлим шароитида кўплаб синов ва қийинчиликларга қарамасдан, ердан мўл ҳосил етиштириш – бу чинакам жасорат ва матонат намунасидир.
Ҳар биримиз сиздек миришкор деҳқон ва фермерлар, моҳир сувчи ва ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизатор ва агрономлар, тажрибали чорвадор ва пиллакорлар тимсолида ана шундай фидойи инсонларни кўрамиз ва эл-юрт дастурхонини тўкин қилиш йўлидаги шарафли ва олижаноб меҳнатингизни юксак қадрлаймиз.
Айнан сизларнинг саъй-ҳаракатларингиз билан ғалла, пахта, пилла, мева ва сабзавотлар етиштирилиб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга катта ҳисса қўшмоқдасизлар.
Ана шундай фидокорона меҳнат ва улкан натижалар учун сизларга эл-юртимиз номидан ҳар қанча таҳсин ва тасаннолар айтсак арзийди, албатта.
Азиз дўстлар!
Хабарингиз бор, кейинги йилларда ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчилигида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларининг асосий эътибори сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни фаол жорий этиш, хўжалик ва корхоналарнинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, энг муҳими, деҳқон ва фермерларнинг оғирини енгил қилишга қаратилган.
Айниқса, соҳага рақамлаштириш жараёнлари, томчилатиб суғориш технологиялари, инновациялар жадал кириб бормоқда.
Шунда илғор хорижий технологияларни жорий этиш ишларини намуна сифатида туманимиздан бошланиши ҳар биримизга юксак ғурур бағишлайди.
Албатта, давлатимиз Раҳбари томонидан соҳани янада равнақ топтириш, сизларнинг шарафли меҳнатингизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қишлоқ аҳлининг ҳаётини обод ва фаровон қилиш учун бор имкониятлар яратиб берилмоқда. Сизлар ҳам бундай эътибор ва ғамхўрликларга фидойиликларингиз билан муносиб жавоб беришингизга ишонаман.
Сиз, азизларни бугунги байрам билан яна бир бор қутлаб, жонажон юртимизнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш йўлидаги эзгу фаолиятингизда улкан ютуқлар тилайман.
Хонадонларингизни хурсандчилик, тинчлик-хотиржамлик ва файзу барака ҳеч қачон тарк этмасин!
Доимо соғ-омон бўлинг, азизлар!
Шавкат Дарвишев,
Дўстлик тумани ҳокими.
📍Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
🌍 Web sayt | ✅ Do'stlik hayoti| ✅Tuman hokimligi | 💬Facebook| 📹Youtube