Дилга мактублар!..


Гео и язык канала: Узбекистан, Узбекский
Категория: не указана


Сизнинг борлигингиз нақадар яхши
Дунёда, борлиги каби Худонинг!..
Шеърият, дилдаги гаплар, мулоҳазалар...

Фикр ва мулоҳазалар учун:
@tiiamea

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Гео и язык канала
Узбекистан, Узбекский
Категория
не указана
Статистика
Фильтр публикаций


МАРТГА ҚАРАБ БОРЯПМИЗ

Мартга қараб боряпмиз, моҳим,
Қорлар қандай эрияпти, боқ.
Ортилгандек менинг гуноҳим,
Мунғаяди бунча Бойсунтоғ...

Мартга қараб боряпмиз, гулим,
Ниҳоя бор музлашимизга.
Бойчечаклар ер остида жим,
Интиқ ётар излашимизга.

Биз бахтиёр эдик барибир,
Энтикаман эслаган оним.
Баҳор келар – бағри тўла сир,
Мартга қараб боряпмиз, жоним.

Нега ҳануз нигоҳингда муз,
Бу фаслдан ким бездирди, ким?
Ҳамма мартга боряпти-ю, биз
Ортга қараб боряпмиз, жоним...

Ким бахтли, деб сўрама, асли
Бахтни кутиб ётмаган бахтли.
Қақшатувчи қаҳратон фасли
Сира совуқ қотмаган бахтли.

Ишқ изҳори битган хатини
Ёр қўлига тутганлар бахтли.
Музламаган муҳаббатини
Мартга олиб ўтганлар бахтли!

Жўрабек Рамазон

https://t.me/dilgamaktublar


– Сен – баҳор,
Мен – дарахт.
Лаҳзалар рангин,
Ўрнингни бермайсан ўзга фаслга.
Сен мудом яшилсан, мен мудом яшил,
Биз шундай яралдик аслида.

– Мен – Одам,
Сен – Ҳавво!
Олтин қовурғам,
Биз мудом яшилмиз қиёмат қадар.
Боғлар яратамиз нафасимиздан,
Бир мева ақлингни олмаса агар.

– Пешонангга сурат ишлади ғамлар...
Умримиздан юриб лаҳзалар ўтди.
Оғриқни сездингми чап қовурғангда –
Мен мева емасдан дунёдан ўтдим.

Башорат ОТАЖОНОВА

https://t.me/dilgamaktublar


Икки ёноқ юраксувдан шудгорлиги учун раҳмат!.
Бу орада икки кулгич абгорлиги учун раҳмат.

Мен ўзимни Иброҳимдай ташлаб келдим Балх тахтидан,
Йўқлигимга Еру осмон иқрорлиги учун раҳмат.

Ишонганим, суянганим – байтларимнинг жилоси ҳам,
Дудоғингда умрим каби инкорлиги учун раҳмат.

Севгим расул янглиғ етди, мен етмаган бўсағангга,
Соғинчларим шу элчига чорёрлиги учун раҳмат.

Кўксимдаги чилдирма, ёр, таранг тортди оловлардан
Чертилмаган туйғуларим бедорлиги учун раҳмат.

Сенсизликда оғу ичиб, оғиз ёпдим саҳарларда,
Қош қорайгач, Изтиробинг ифторлиги учун раҳмат.


Алибек Анварий

https://t.me/dilgamaktublar


****
Мен пастга тушмадим, сиз чиқмадингиз –
Ҳаёт эшиклари очилмай қолди.
Дарду ҳолим билан қизиқмадингиз,
Хаёлимни буткул юлдузлар олди.

Ҳолбуки, ҳар недан изладим маъни,
Кунлар оқиб борар қолдиролмай из.
Ҳисобмас соатнинг минғирлагани,
Азизим, барибир, яшолмаяпмиз...

Самовий ўйлардан чалғийман бир оз,
Остона ортида ёқимли дупур.
Энтикаман холос, шошаман холос,
Эшик тақиллайди. Худога шукур!


Беҳзод Фазлиддин

https://t.me/dilgamaktublar

522 0 12 52 11

***
Қуёш бўлиб осмондан боқдинг,
Зор қилдинг-ку, йўлингга — келгин!
Мен ҳаммани оловда ёқдим,
Фақат ўзим музладим, севгим...

Усмон Азим

https://t.me/dilgamaktublar


Мажнунтол…

Aсрлар ўтдиким, эгикдир бошинг,
Ҳамон таъзимдасан, эсса ҳар шамол.
Наҳот тугамаган сабру бардошинг,
Бошинг кўтарасан қачон мажнунтол...

Не учун бунчалар маҳзун, мустарсан,
Нимани ўйлайсан, қаддинг мудом дол.
Балки рўёдан бир мадад истарсан,
Тангримга илтижо этган қул мисол.

Сени ҳам яратган шу кўҳна башар,
Қуёшнинг меҳрига ташнасан, иллоҳ.
Бас, энди уйғонгил, яшиллан, яшар!
Қисматинг қарғама, этма дил сиёҳ.

Яшамоқ маъносин англагил бироз,
Эгилма, дол бўлма, ўй сурма пинҳон.
Ғуруринг топтама, мағрур бўл, ўктам,
Қад ростла, ўзлигинг айла намоён.

Зилола Хўжаниёзова

https://t.me/dilgamaktublar


***

Сайқалланди бу йўлда сабрим,
дийдам қотди лаҳзама-лаҳза.
Сўнди лов-лов ёнган ҳисларим,
тошбағирга айландим аста.

Ой чиқмаган зулмат ортидан
шарпа каби тентираб кетдим.
Тунларимни ёритар нурни
излайвериб бир ерга етдим.

Гоҳ тақводор зоҳид сингари
бошим эгиб рукуъда турдим.
Гоҳ шайтоннинг шериги бўлиб
эртаю кеч ғафлатда юрдим.

Гоҳ югуриб,
гоҳо эмаклаб
самум каби саҳрода елдим.
Ёҳулаган девона мисол
дунёсига меҳмонга келдим.

Меҳмонингга лутф айла дунё,
Самоъ тушай,
ўртани очинг.
Ҳой, Одамлар
мана мен келдим,
йўлдан қочинг,
           йўллардан қочинг!

Орифжон КОМИЛ

https://t.me/dilgamaktublar


#таъзия

Ўзбек адабиёти яна бир истеъдодли шоиридан айрилди...
Баҳодир Исо 69 ёшида оламдан ўтди.

Шоирнинг оила аъзолари ва яқинларига сабр тилаймиз

https://t.me/dilgamaktublar


***
Йўқотган пулини излайди кимдир,
Йўқотган йўлини излайди кимдир.
Пулга ҳам, йўлга ҳам солмасдан назар,
Йўқотган кўнглини излайди кимдир.

Баҳодир Исо

https://t.me/dilgamaktublar


КУЗНИ БЕЛГИЛАМАС

Кузни белгиламас биттагина қуш,
Қайғурманг бир дона япроқ сарғайса.
Ҳали боғингизда куртак отар ниш,
Ернинг ҳовуридек чайқалар майса.

Тасодиф деб билинг ранжитган бўлсам,
Пайқамасдан янги кўйлагингизни.
Эҳтимол хаёлга чўмганман бир дам,
Соғиниб баҳорий бўйларингизни.

Эсингизда борми?
Ҳеч ким йўқ эди,
Ҳеч нарса йўқ эди севгидан бўлак.
Қорнимиз муҳаббат билан тўқ эди,
Севгимиз – бошпана, севгимиз – кўйлак.

Тўпидан эртароқ учар тентакқуш,
Эртароқ сарғаяр энг заиф япроқ.
Фожиа эмасдир ёлғиз хўрсиниш,
Ишқ шаъмин ўчирмас биттагина оҳ.

Аммо эслайсизми?
Қўқон шамоли
Сочингизни ҳамроҳ айлаган пайти
Юзингизни икки кафтимга олиб,
Илк бор исмингизни бошқача айтдим.

Эслолмайсиз.
Майли, куюнманг зинҳор,
Жовдираб осмонга, боғларга боқманг.
Ёдимда, ўшанда бошланган баҳор
Битта сўз, битта қуш, битта япроқдан.

Иқбол МИРЗО

https://t.me/dilgamaktublar

853 0 10 2 11

Айрим кишиларнинг нималарни қадрлашини билгач, уларга қадрли бўлишдан нафратланиб қоласан...

Илхом Хасанов
"Тунги ўйлар" туркумидан

https://t.me/dilgamaktublar


***
Дашт каби ётардим, бепоён эдим,
Осмон гувоҳ эди – бир жаҳон эдим.
Устимдан телбалар тепиб ўтдилар,
Мен ҳам ўзни телба – беморга солдим.

Кўнгли ўксимасин ҳасадда куйган,
Бир кун шу хор кўнгил обод бўлар-да...
Умидим – умиди узилмасин, деб,
Ўзимни ноилож, ночорга солдим.

Мендан нима кетди, қўлларим сахо,
Камайиб қолмайман – берган-ку Худо.
Ё, Раббим! Шу банданг кир кўнгли учун
Ўзимни шу бугун беорга солдим.

Юрак топганини тутади менга,
Бир ғамгин шод бўлса – етади менга.
Онажон! Қайғурма, қисмат бичилган,
Шу боис бу дилни бозорга солдим.

Барқарор не бордир, таслим бўлгали,
Сафарим тупроқдан сопол қилгали,
Собит бир имон бор – силжитолмаслар,
Бу дилни шу сабаб бедорга солдим.

Дашт каби ётардим, бепоён эдим,
Ўзимни тугунлаб бир ғорга солдим.
Билмасликка олди – шуниси хушдир,
Ўзимни бемор-у ночорга солдим.

Шодмонқул САЛОМ

https://t.me/dilgamaktublar


****

Кўзларинг бунчалар қаролар,
Кўрганни ўқсиз ҳам яролар.
Шу икки бошимга балолар,
Мунчоққа ўхшайди, ўхшаса.

Мавжидан нигоҳлар қамашган,
Тўлқиндан таърифин талашган,
Сочларинг шунчалар ярашган,
Денгизга ўхшайди, ўхшаса.

Лабингдан гулга ранг олинган,
Таъмидан асалга солинган,
Бежирим, иккига бўлинган,
Анорга ўхшайди, ўхшаса.

Юзинга бир боққан гирифтор,
Кирман деб дод солар оппоқ қор,
Ром этар, лол этар сеҳр бор.
Зиёга ўхшайди, ўхшаса.

Сўзларинг топмайман луғатдан,
Ёқамни тишлайман ҳайратдан,
Тошни ҳам сув қилган қуд
ратдан,
Тўфонга ўхшайди, ўхшаса.

Қошингни ким шунча қайирган,
Бирисин салгина уюрган,
Ошиқни ҳушидан айирган,
Камонга ўхшайди, ўхшаса.

Минг ботир нигоҳинг қўриқлар,
Кўтариб-тушириб кўприклар,
Ҳар замон бир тушган киприклар,
Шаҳидга ўхшайди, ўхшаса.

Қоматинг таърифи бир ғазал,
Минг ғазал ё камдир, алхазар,
Сабабки дунёда энг гўзал,
Суратга ўхшайди, ўхшаса!


Малика Салимова

https://t.me/dilgamaktublar


* **

Ер уйқуда.
Боғлар ҳориган,
Тун чўзилиб ётар нарида.
Енгилгина кўтарилар чанг
Шамолларнинг шиппакларидан.
Осмон йиғлар баногоҳ хўнграб,
Дарахтларга ваҳима тушар.
Бир оздан сўнг...
Бир оздан сўнгра —
Учиб кела бошлайди қушлар.
Пайдо бўлар қайдандир зиё,
Бош кўтарар Ерга жон кириб.
Кетиб қолар қайгадир Дунё
Тонгни ижарада қолдириб.

Хосият Рустамова

https://t.me/dilgamaktublar


Сўз кимга керакдир?
Лаб очмагин.
Жим.
Тақдир сўзга лойиқ қолдирмади сир –
Мен ҳам ёмғир каби бир ёғиб ўтдим,
Сен ҳам ёмғир каби йиғлаб ўтдинг бир...

Усмон Азим

https://t.me/dilgamaktublar


***
Эзилиб-эзилиб ёмғирлар ёғди,
Эзилиб-эзилиб адо бўлди жон.
Кечани гоҳида чақмоқлар ёқди,
Гоҳида “оҳ” урдинг – ўртанди жаҳон.

Умрнинг қоронғу кўчаларида
Муҳаббату нафрат ҳорғин кезинди.
Баҳорнинг ёмғирли кечаларида
Эзилди... эзилди... юрак эзилди.

Тақдирнинг беомон шиддат ёмғири
Айтар видомизни айтди тонггача.
Энди бу ёмғирнинг йўқдир охири –
Эзилиб йиғлайди сўнгги онгача.

Сўз кимга керакдир? Лаб очмагин. Жим.
Тақдир сўзга лойиқ қолдирмади сир –
Мен ҳам ёмғир каби бир ёғиб ўтдим,
Сен ҳам ёмғир каби йиғлаб ўтдинг бир...

Усмон Азим

https://t.me/dilgamaktublar


Деразамга қарши хонада
Ҳалигача ўчмаган чироқ.
Балки, шоир ёзмоқдадир шеър,
Балки ошиқ ёзмоқда нома,
Балки, Она айтмоқда алла...

Деразамга қарши хонада ҳалигача ўчмаган чироқ...

https://t.me/dilgamaktublar


Ёлғондир менинг ҳам ўртанганларим
Ҳеч кимга – ҳеч қачон топинмаганман.
Ишонинг, ёлғондир, оҳ чекканларим –
Ҳеч кимни сизчалик соғинмаганман...

Замира Эгамбердиева

https://t.me/dilgamaktublar

895 0 14 1 14

Узун тунларимда ором берасиз,
Кўзингиз тўрт бўлиб кутасиз мени.
Ширин тушларимга ҳар кун кирасиз
Соғиниб кетдим-ку, онажон, сизни!

Мажнун ишқига ҳам алишмас эдим,
Сизнинг бир лаҳзалик қувончингизни.
Мен ахир, Шеър учун, соғинч симирдим –
Ёниб асраяпман ишончингизни.

Бир дунё умид-ла кетгум уйқуга,
Бедор тунлар учун ўзим-ку айбдор.
Энди ишонмайман ишқнинг кучига,
Севги азоблари ҳаммаси бекор.

Ёлғондир менинг ҳам ўртанганларим
Ҳеч кимга – ҳеч қачон топинмаганман.
Ишонинг, ёлғондир, оҳ чекканларим –
Ҳеч кимни сизчалик соғинмаганман.

Севги бекатида тўхтамам энди,
Сиздан узоқларда ҳеч қололмайман.
Онажон, ўзингиз энг буюк севги –
Ўзга муҳаббатни тан ололмайман.

Замира Эгамбердиева

https://t.me/dilgamaktublar


***
Қайта туғилгиси келар одамнинг,
Баъзан шу келади хаёл-ҳушингга.
Тартибни бузмоқчи бўласан гоҳи,
Учиб ҳам кўрасан гоҳи тушингда.

Кейин сўроқларни ҳайдайсан қувиб,
Шу тахлит осмонга узатасан қўл.
Бир йўл кўринади "борса-қайтмас"дай,
Энг сўнгги чорадай кўринар бу йўл.

Аммо ҳаммасидан кечган лаҳзада,
Бир хаёл эргашар қўлингдан тутиб.
Ана шу хаёл деб кетмаслик мумкин,
Ўлмай туриш мумкин кимнидир кутиб.

Борлиги қанчалар гўзалдир унинг,
Ва буни ҳис қилиш нақадар лаззат.
Кечасан, кетасан, етасан, аммо –
Биргина ишқ учун яшамоқ шарт!
Шарт!

Дадахон Муҳаммадиев

https://t.me/dilgamaktublar

Показано 20 последних публикаций.