Аёл тенгсиз латофат ва нафосат соҳибаси, эзгулик ва фидойилик рамзи, хонадонларимизнинг файзу фариштасидир
ЎзЛиДеП Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан 8 март Халқаро хотин-қизлар байрами кириб келиши муносабати билан тадбир ташкил этилди. ЎзЛиДеП Тошкент шаҳар Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фазилов Равшан Абдулхайевич тадбирни очиб берди ва аёлларни табриклади. Жумладан, бугунги кунда мамлакатимиз тараққиётида, ижтимоий-иқтисодий ривожланишда, халқимиз фаровонлигини таъминлашда аёлларнинг ўрни беқиёс. Айниқса, ЎзЛиДеП сафидаги хотин-қизларимиз жамиятимизда фаол фуқаролик позицияси, ташаббускорлиги ва фидойилиги билан ривожланишга улкан ҳисса қўшиб келмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёев таъкидлаганидек: "Хотин-қизлар ва оила масаласи – бу нафақат бугунги кунимиз, балки эртанги келажагимизни ҳам белгилаб берадиган ҳал қилувчи омилдир. Агар биз меҳр-оқибат ва садоқат тимсоли, хонадонларимиз фариштаси бўлган аёлларга битта яхшилик қилсак, ҳеч шубҳасиз, бу ўнта яхшилик бўлиб қайтади". Сўнгги йилларда хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга катта эътибор қаратилмоқда: Хотин-қизлар учун тадбиркорлик дастурлари кенгайтирилди. "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари" орқали минглаб хотин-қизлар қўллаб-қувватланди. Шунингдек, таълим ва илм-фан соҳасида хотин-қизлар учун имтиёзли таълим кредитлари, давлат грантлари ҳамда "Аёллар ва қизлар академияси" орқали уларнинг билим олиш имкониятлари оширилди. Партиямиз сафидаги фаол аёлларимиз – бизнинг ифтихоримиз! Бугун ЎзЛиДеП аёл фаоллари ўз ташаббуслари билан жамиятда намуна бўлиб, Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичига чиқишига улкан ҳисса қўшмоқда. Давлат ва жамият бошқарувида аёлларимизнинг иштироки ошиб бораётгани, уларнинг сиёсий жараёнлардаги фаоллиги барчамиз учун катта ифтихордир. Дарҳақиқат, ҳеч кимга сир эмас, аёл зоти ҳақида, унинг қандай тенгсиз латофат ва нафосат соҳибаси экани, эзгулик ва фидойилик рамзи, хонадонларимизнинг файзу фариштаси экани ҳақида тарихимизда не-не улуғ мутафаккирлар, шоир ва алломалар қанча-қанча дил сўзларини баён этганлар. Бу ҳақда гапирганда, аввало, буюк Алишер Навоий бобомизнинг “Жаннат оналарнинг оёғи остидадир” деган мазмундаги ҳикматли сўзларини яна бир бор эслаймиз ва меҳрибон, муқаддас Она сиймоси олдида барчамиз бош эгиб таъзим қиламиз.
Тадбирда сўз олган партия фаоллари бўлган аёллар ўзларини дил сўзларини ва фикрларини билдириб ўтишди. Тадбир жараёнида хотин-қизларга байрам совғалари топширилди.