Камбағалнинг тийинини санаётган иқтисодий блок хусусийлаштирилаётган активлардаги давлат манфаатларига қарши ўйинларга эътибор қаратадими?Давлат манфаатларига зид равишда давлат улушининг ювилиб кетиши, хусусийлаштиришдан олдин давлат улуши бўйича дивидендларни чиқариб бермаслик, бўлиб тўлаш шартларида "хусусийлаштирилган" активлар токи келишилган эгаси назоратига тўлиқ ўтмагунча давлат улуши бўйича дивиденд тўламаслик одатий ҳолатга, деструктив схемага айланиб бўлган.
На давлат манфаатларини ифода этадиган акциядорлар, на кенгашдаги давлат манфаати учун қўйилган вакиллар бу зараркунанда, очиқ айтиш лозимки, ғирт коррупцион схемаларга қарши турмайдилар.
Йирик хусусийлаштириш жараёнлари ёпиқ кабинетларда, асосий талабгорларни турли усуллар билан четлаштирган ҳолда, сувтекинга ёки сопини ўзидан чиқариш схемаларида, консультантлардан тортиб баҳоловчиларгача "бошини қовуштириб" ўтишига тизим кўниктирилди. Номенклатура ичида бунга қарши турадиган ёки иштирок этмайдиган институтлар қолмади. Очиқ ва рақобатли танловда, эркин ва шаффоф курашда қўлга киритилмаган активлар барибир қайтадан миллийлаштирилади. Буни ўз тарихимизда кўрдик ва атрофимизда яна кўриб турипмиз. Майли, бунга тарих барибир баҳо беради. Тарих жазолайди. Тарих лаънатлайди.
Лекин хусусийлаштирилган давлат улушлари ва давлат улушлари бўйича дивидендларни тўлаттириш бугунги кун масаласи. Бу пуллар халқнинг пули, халқнинг улуши.
Иқтисодий блок бюджетда пул йўқ, борини тежаш керак, дея ижтимоий қатламларнинг нонини яримта қилишни, ўзи қисилган ижтимоий ёрдам каналларини қисишни жуда хуш кўради. Осон шу чунки. Чунки ижтимоий қатламларнинг қарор қабул қилувчилар орасида вакиллиги ва овози йўқ.
Айни шу пайтда бюджетга тушиши керак бўлган, якунда етим-есирнинг, меҳнаткашнинг, пенсионернинг ҳаққи бўлган юзлаб миллиард ва триллионлаб дивидендлар келишилган чўнтакларга ўтиб кетаяпти ёки уларнинг ихтиёрида қолдирилмоқда. Шуми сизнинг адолатингиз?