🏦
Марказий банк хабари😎Шу кунларда ижтимоий тармоқларда фуқароларимизнинг нотаниш телефон рақамларидан қилинган қўнғироқларга жавоб бериши билан уларнинг банк карталаридаги пул маблағлари автоматик тарзда ечиб олинаётганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалмоқда.
😎Бугунги кунда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган тижорат банклари ҳамда тўлов ташкилотлари мобил иловаларида фирибгарлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган хавфсизлик чоралари кўрилган.
😎Хусусан, фуқаро тижорат банки ёки тўлов ташкилоти мобил иловасидан фойдаланиш учун рўйхатдан ўтишда телефон рақамини кўрсатади ҳамда СМС-хабар шаклида келган тасдиқлаш кодини киритади, шунингдек, ўз шахсини тасдиқлаш мақсадида қўшимча биометрик идентификациядан ўтиши лозим. Рўйхатдан муваффақиятли ўтган фуқаро мобил иловада ўзига тегишли банк картасини бириктириш имконига эга бўлади.
😎Мобил иловага банк картасини бириктириши учун банк картасига уланган телефон рақамига бир марталик тасдиқлаш коди (ОТР) юборилади. Ушбу OTP код фуқаро томонидан мобил иловага тўғри киритилганидан кейингина унинг банк картаси иловага бириктирилади.
😎Бунда мобил иловада рўйхатдан ўтиш жараёнида киритилган телефон рақами ва банк картасига СМС-хабарнома орқали уланган телефон рақам бир хил бўлиши лозим, акс ҳолда банк картасини иловага бириктириш рад этилади.
😎 Шу билан бирга, тижорат банклари ва тўлов ташкилотлари мобил иловаларида янги рўйхатдан ўтган фойдаланувчиларга нисбатан иловага бириктирилган банк карталаридан фойдаланиш 1 соатгача чекланади.
❗️ Бироқ фуқаро ўзининг мобил иловадаги аккаунтини бошқариш ҳуқуқини берувчи логин ва пароль ҳамда телефон рақамига келган бир марталик OTP кодни бегона шахсларга (фирибгарларга) бериб қўйса ёки мессенжерлар орқали тарқалаётган зарарли APK файлларни мобил қурилмага ўрнатса, унинг банк картасидан ноқонуний равишда пул ечиб олиниши мумкин!
⚠️ Юқоридагилардан келиб чиқиб, Марказий банк аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини ижтимоий тармоқларда тарқалаётган тасдиқланмаган маълумотларга ишонмасликка чақириб, фақат расмий манбаларга таянишни тавсия этади.
............................................
©
Каналга аъзо бўлинг.