#xayrlikech #munosabat
БЕВАҚТ ТУҒИЛГАН ОШНАМ-А... Эшитгансиз-а, шундоқ ривоят бор. Алқисса, бир одам ўн йилча машқ қилиб, ипни узоқдаги игнанинг тешигидан ўтказишни ўрганади. Ана сўнг бориб, ҳунарини саройда намойиш этади. Шунда подшо нима қилади? Бу кишимни мукофотлаш ўрнига, тезда тутиб, оёғидан осишни буюради. Нимамиш, шунча вақтини кетказиб, фойдасиз ҳунарни ўрганган эмиш...
Бу одамни эсларканман, мен эса “Эҳ, шўр-а! Шўрликкина ошнам-а!” деган ҳасратли ўйларга чўмаман. Палакатинг қисиб, қаерданам ўша қадим даврларда туғилдинг?! Менинг замонамда туғилганингда эди, “ютуб”, “фейсбук”, “твиттер”, "тик-ток"... лардан ўзингга саҳифа очар ва шубҳасиз, атрофингда миллионлаб ўзингга ўхшаган эрмакталаблар йиғиларди...
Улар сени олқишларди...
Кўча-кўйларда учратиб, “селфи”ларга тушишарди...
Дилбузарнинг тонгги дастурларига чақиришар, ёшлар ўзига қаҳрамон санаб, турли тақлидлар қилиб чиқишарди...
© Байрам АЛИ👉
@BeshinchiTomon