AdvokatNews


Гео и язык канала: Узбекистан, Узбекский
Категория: Право


"Advokat" журнали ва "Advokat-Press" газетасининг расмий телеграм-канали

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Гео и язык канала
Узбекистан, Узбекский
Категория
Право
Статистика
Фильтр публикаций


Адвокатлар фаолиятига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этишга доир қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади – президент

Президент Шавкат Мирзиёев Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш фаолияти юзасидан кенгайтирилган йиғилишда айрим идоралар томонидан судга таъсир ўтказишга уринишлар ҳали-ҳануз давом этаётганини таъкидлади. Шунингдек, давлат раҳбари одил судловни амалга ошириш учун – адвокатларга ҳимоясидаги фуқарога ўз вақтида ёрдам кўрсатишига имконият яратиш кераклигини айтди.

Президентга кўра, суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш доимо диққат марказида бўлиши лозим.

Йиғилишда судлар мустақиллигини таъминлаш бўйича катта ислоҳотлар амалга оширилганига қарамай, судяларни мажлисга чақириш, уларга ваколатига кирмайдиган вазифаларни юклаш ҳолатлари ҳам учраб тургани қайд этилди. Шунингдек, айрим идоралар томонидан судга таъсир ўтказишга уринишлар ҳали-ҳануз давом этаётгани кўрсатиб ўтилди.

“Барча раҳбарларни қатъий огоҳлантираман. Судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш одил судловга соя солиш деб баҳоланади. Бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлади”,

деди Шавкат Мирзиёев.

Шу билан бирга одил судловни амалга оширишда адвокатлар ўрни жуда муҳимлиги, бу борада адвокатларга ҳимоясидаги фуқарога ўз вақтида ҳуқуқий ёрдам кўрсата олишлари учун имконият яратиш кераклиги қайд этилди.

“Мутасаддиларга уч ой ичида сифатли юридик ёрдам кўрсатилишида адвокатлар фаолиятига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш бўйича қонун лойиҳасини киритиш топширилди”,

дейилади президент матбуот хизмати хабарида.


Репост из: O’zR ADVOKATLAR PALATASI
🛎ЭЪЛОН!
Ҳурматли ҳамкасблар!


Ўзбекистонлик ёш адвокатларни В.Д.Спасович хотирасига бағишланган халқаро нутқ ва ёзма ишлар танловида иштирок этишга таклиф қиламиз. Ушбу танлов Россия Федерациясининг Федерал адвокатлар палатаси ва Санкт-Петербург давлат университети томонидан ташкил этилмоқда ҳамда О.Е.Кутафин номидаги Москва давлат юридик университети “Адвокатура кафедраси” ҳамда “Россия ёш адвокатлари Иттифоқи” томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Иштирок этиш шартлари:

📝Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо давлатларнинг адвокатура соҳасидаги Таянч ташкилоти келишувига аъзо бўлган давлатларнинг40 ёшдан ошмаган адвокатлар танловда иштирок этишлари мумкин бўлади.
Танловда адвокат ёрдамчиси, адвокатлик мақоми тўхтатилган ёки 40 ёшдан ошган адвокатлар иштирок эта олмайди.

Танлов босқичлари:

🗓Саралаш босқичи (сиртқи, ёзма): 2025 йил 10 февралдан 1 апрелга қадар.
Финал босқичи (ёзма ва нутқ): 2025 йил 25 июнь, “Ёш адвокатлар V Конгресси” доирасида бўлиб ўтади.
Танлов мавзуси: Иштирокчилардан В.Д. Спасовичнинг суд нутқини ижодий таҳлил қилиш талаб этилади. Иштирокчи адвокатнинг барча чиқишлари таҳлил қилиниб, унинг кучли ва заиф жиҳатларини аниқлаш шунингдек, турли риторик усулларни қўлланиши ва мантиқий асослантириш баҳоланади.
Саралаш босқичидан ўтган иштирокчилар 2025 йилнинг 25-26 июнь кунлари, “Ёш адвокатлар V Конгресси” доирасида ўтказиладиган танловнинг якуний босқичида иштирок этиш учун таклиф қилинади ва ўз ишларини халқаро майдонда тақдим этиш имкониятига эга бўладилар.

Қўшимча маълумот:

Танловни ўтказиш бўйича Низом қуйидаги ҳаволада https://fparf.ru/upload/medialibrary/dc0/6nd9g080s9mbzkuou3zb2t417e6ey2yr/Polozhenie-o-mezhdunarodnom-konkurse-pismennykh-i-ustnykh-rabot_-posvyashchennom-pamyati-V.D.-Spasovicha.docx

Ёзма ишлар Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг расмий 📩 inter@paruz.uz электрон почтасига, адвокатнинг Ф.И.Ш ва телефон рақами кўрсатилган ҳолда юборилиши лозим.


Бу йил мини-футбол бўйича Адвокатлар палатаси раиси кубоги Наманганда ўтказилади

2025 йил 16-18 май кунлари Наманган шаҳрида мини футбол бўйича Адвокатлар палатаси раиси кубоги мусобақаси ўтказилади. Бу ҳақда Палатанинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилмоқда.

Турнирда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлар жамоалари иштирок этиши мумкин. Бошқа ҳудудлардан борган футбол жамоалари аъзоларининг меҳмонхонада яшаш харажатлари Адвокатлар палатаси ҳисобидан қопланади.

Регламентга кўра, мусобақанинг гуруҳ босқичида 16 та жамоа 4 гуруҳга бўлинган ҳолда кураш олиб боради. Ҳар бир жамоа таркиби 9 нафар адвокатдан иборат бўлиши лозим, адвокатлик мақомига эга бўлмаганларнинг жамоага олинишига йўл қўйилмайди.

Адвокатлар палатаси раиси кубогида ҳар бир ҳудуддан биттадан ва Тошкент шаҳридан 3 та жамоа қатнашиши кўзда тутилган. Бирон ҳудуд ажратилган квотадан ортиқ жамоа билан қатнашиш истагини билдирган тақдирда ўша ҳудуд учун 2025 йил апрель ойида саралаш баҳслари ўтказилади.


Мусобақада қатнашиш учун ҳар бир жамоа 9 кишилик рўйхат билан 2025 йилнинг 1 апрель кунига қадар Адвокатлар палатасида рўйхатдан ўтиши лозим. Рўйхатдан ўтиш учун топшириладиган аризада жамоа номи, либоси ранги, жамоа аъзоларининг Ф.И.Ш., адвокатлик тузилмаси номи, адвокатлик гувоҳномаси рақами ва берилган санаси ҳамда телефон рақамлари кўрсатилган ҳолда ҳар бир ўйинчининг адвокатлик гувоҳномаси нусхаси илова қилинади.

Қўшимча саволлар билан Телеграм ижтимоий тармоғи орқали +99890-943-93-99 рақамига мурожаат қилишингиз мумкин.


РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Сўнгги кунларда “Адвокатга нисбатан зўравонлик ишлатилди” сарлавҳаси остида ижтимоий тармоқларда кўплаб баҳс-мунозарали ҳолатлар кузатилмоқда.

Хусусан, Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи "BARRISTER" адвокатлик фирмаси адвокати А.Н.Шакаров 2025 йил 12 февраль куни ҳимояси остидаги шахсга тегишли хонадонда Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ терговчиси катта лейтенант Б.У.Каримов томонидан ноқонуний тинтув ўтказилаётганини унинг турмуш ўртоғи қўнғироқ қилиб айтганини ва тез етиб келишини илтимос қилганини, адвокат у ерга борганида терговчи Б.Каримов аллақачон тинтувни бошлагани маълум бўлганини, шунда у уй эгасидан “терговчи сизни тинтув ўтказиш тўғрисидаги суд ажрими билан таништирдими” деб сўраганида у “йўқ, мени таништирмасдан уйимга кириб, тинтув бошлади” деб айтганлигини, терговчига дарҳол қонун доирасида суд ажрими билан таништириши кераклиги ҳақида айтганлигини, шунда терговчи қўпол муомалада бўлганини ва “кимга шикоят қилсангиз қилинг, мен таништирмайман” деб дарҳол хонадондан чиқиб кетишни талаб қилганини, акс ҳолда Яшнобод туман ИИО ФМБ профилактика инспекторига буюриб куч билан чиқаришини айтганини, шундан сўнг уй эгаси ажрим билан таништирилганидан кейингини чиқиб кетишини айтганлигини, терговчи Б.Каримов ўзбек тилида ёзилган суд ажримини ўқишни бошлаганида уй эгаси ўзбек тилини тушунмаслигини айтишига қарамасдан “ўзим таржима қилиб бераман керак бўлса” деб қўпол муомалада бўлганини, терговчининг жаҳли чиқиб, уни қўли билан итариб, ИИБ ходимларига уни олиб чиқиб ташлашини айтганини, Яшнобод туман ИИО ФМБ ХПБ ходимлари унга куч ишлатиб, қўлидан ушлаб сиқиб, хонадондан итариб чиқариб ташлашганини, унинг қўлига енгил жароҳат етказилгани бўйича ТошТА шифохонасининг маълумотномаси мавжудлигини билдирган.

Адвокатлар палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси адвокатга нисбатан ички ишлар ходимлари томонидан ўтказилган тазйиқ, зўравонлик ва жароҳат етказилганлик ҳолатлари бўйича муносабат билдиришни сўраб Тошкент шаҳар прокурори ва Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғига расмий хат билан мурожаат қилди. Мурожаатлар жавоби қўшимча равишда маълум қилинади.

Ҳудудий бошқарма шаҳримизда адвокатларнинг касбий фаолиятига тўсқинлик қилиш, уларга тазйиқ ўтказиш ёки куч ишлатишнинг ҳар қандай кўринишини қатъиян қоралайди.

Адвокатлар палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси


Репост из: O’zR ADVOKATLAR PALATASI
Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг “ДЎСТЛИК” хонасида,  Буюк шоир ва олим,  давлат арбоби,  Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 14 февраль куни 542 йиллигига бағишлаб Адвокатлар палатасининг ходимлари шоирнинг ижод намуналаридан ўқиди.


РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Сўнгги кунларда адвокатлар ўз ҳимояси остидаги шахслар билан учрашиш учун тергов ҳибсхоналарига боришганида муассасалар ходимлари Ўзбекистон Республикасининг “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасига зид равишда улардан ўзларига тегишли алоқа воситалари ва қўлларидаги смарт-соатни ечиб КППда қолдиришни талаб қилиши ҳолатлари учраяпти, бу эса адвокатларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётир.

Жумладан, “ILMAR LEGAL EXPERTS” адвокатлик фирмаси адвокати Г.Бобожонова 2025 йил 11 февраль куни ҳимояси остидаги шахс билан учрашиш учун у сақланаётган Марказий тергов ҳибсхонасига борганида муассаса маъмуриятининг тўсқинлиги сабаб ичкарига кира олмаганини, Қоровул қўшинлари ходими Жумабоев Муҳаммад Юсуф ўғли ундан қўлидаги смарт-соатни КППда қолдиришни талаб қилганлигини, “телефон билан киряпсиз, бўлди, смарт-соатни қолдиринг, буйруқ шунақа” деб шарт қўйганлигини, адвокат эса “сизларнинг ноқонуний талабингизга бўйсунгандан кўра ичкарига кирмайман”, деб ҳимоясидаги шахс билан учраша олмаганидан хафа бўлиб қайтиб кетганлигини, муассаса ходимлари томонидан адвокатлик фаолиятига тўсқинлик қилинганини билдириб, АП ҳудудий бошқармасидан ушбу масалада амалий ёрдам беришни сўради.

Адвокат Г.Бобожонованинг ушбу мурожаати бўйича Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Адвокатура тўғрисида”ги ҳамда “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонунларга таяниб ва адвокатнинг қонун билан қўриқланадиган дахлсизлиги, касбий фаолиятининг кафолатларига оид талаблар бузилмаслигига эътибор қаратган ҳолда, адвокатга тегишли ашёларнинг КППда олиб қолиниши ҳамда адвокатлик фаолиятига тўсқинлик қилинганлиги ҳолати юзасидан Марказий тергов ҳибсхонаси ҳамда муассасада хизмат олиб бораётган Қоровул қўшинлари масъул ходимларига нисбатан тегишли муносабат билдиришда амалий ёрдам кўрсатишни сўраб Ўзбекистон Республикаси ҳарбий прокурорига, Тошкент шаҳар прокурорига ҳамда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД раҳбарига расмий хат билан мурожаат қилинди.

Бугун яна бир неча адвокатлар ҳам тергов ҳибсхоналари ва вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида худди Г.Бобожонова дуч келган муаммога тўқнаш келишгани ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали маълум қилишди. Бу эса муаммо кенгая бошлаганини кўрсатмоқда. Ҳудудий бошқарма адвокатларнинг касбий фаолиятига аралашиш ва профессионал вазифаларини амалга оширишга тўсқинлик қилиш ҳолатларини қоралайди ва уларни бартараф этиш учун барча қонуний чораларни ишга солади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 6 февраль куни Жазони ижро этиш департаменти биносида ҳудудлардаги адвокатлар, тергов ҳибсхоналари ва колониялар раҳбарлари “онлайн” тарзда иштирок этган очиқ мулоқотда адвокатнинг мақоми, дахлсизлиги, унинг ўз ҳимояси остидаги шахс билан ҳоли учрашувлар ўтказишга ҳеч қандай тўсқинликлар бўлмаслиги кераклиги ҳақида тушунтиришлар берилган, шунингдек, адвокатлик фаолиятига доир қонун ҳужжатларига қатъий риоя этиш юзасидан таклифлар ва фикр-мулоҳазалар билдирилган эди.

Адвокатлар палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси, шаҳримизда фаолият юритаётган адвокатлар томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида олиб бораётган касбий фаолиятларида омадлар тилайди.

Адвокатлар палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси


Олий малака комиссияси аъзоларига ташаккурномалар топширилди

Бугун 12 февраль куни, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳузуридаги Олий малака комиссия аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувни Палата раисининг ўринбосари Аслиддин Махаммадиев олиб борди.

А.Махаммадиев Олий малака комиссиясининг сўнгги 2 йиллик фаолияти самарали ўтганлигини, комиссия томонидан кўриб чиқилган ишларнинг сифат даражаси ошганлигини, 2023-2024 йиллар якуни бўйича ўтказилган умумлаштиришлар ҳудудий бошқармалар ҳузуридаги малака комиссияларининг фаолияти билан солиштирилганда бир хил амалиёт жорий қилиш бўйича доимий ишлар олиб борилганлиги кузатилганини таъкидлади.

Учрашув якунида Олий малака комиссияси аъзоларига Адвокатлар палатасининг ташаккурномалари топширилиб, касбий фаолиятида муваффақиятлар ҳамроҳ бўлиши ҳақида тилаклар билдирилди.

Ўз навбатида Олий малака комиссияси раиси Жасур Неъматов юксак ишонч ва эътироф учун Адвокатлар палатаси раҳбариятига комиссия номидан миннатдорлик изҳор қилди.


Репост из: Advokat Komilova
“Ё телефон, ё смарт-соат билан кирасан”. “Тоштурма”да адвокат фаолиятига тўсқинлик қилинди

“Ilmar legal experts” а/ф адвокати Гулмира Бобожонова ҳимояси остидаги шахс билан учрашиш учун у сақланаётган Марказий тергов ҳибсхонаси (“Тоштурма”)га борганида муассаса маъмуриятининг тўсқинлиги сабаб ичкарига кира олмаганини айтмоқда. Воқеа бугун, 11 феврал куни содир бўлган.

Адвокатга кўра, киришда Қоровул қўшинлари аскари (Жумабоев Муҳаммад Юсуф ўғли) ундан қўлидаги смарт-соатни КППда қолдиришни талаб қилган. “Телефон билан киряпсиз, бўлди, смарт-соатни қолдиринг, буйруқ шу”, деб шарт қўйган.

Гулмира Бобожонова ҳибсхона бошлиғи Эшқобил Дўсановга қўнғироқ қилса, у адвокатнинг сўзини охиригача тингламай, гўшакни қўйиб қўяди. Шундан сўнг адвокат ҳолат ҳақида Палатанинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бошлиғи Сардор Маматқуловга маълум қилган. Маматқуловнинг ўзи Дўсанов билан боғланганида эса у: “Бу менинг ваколатимдаги иш эмас, кириш-чиқишга Қоровул қўшинлари жавоб беради”, деб масъулиятни ўзидан соқит қилган.

“Шундан кейин, сизларнинг ноқонуний талабингизга бўйсунгандан кўра ичкарига кирмайман, деб қайтиб кетдим. Ҳимоямдаги шахс билан учраша олмаганимдан хафаман, унинг фойдаси учун ҳам соатимни қолдириб кирсам бўларди. Аммо бугун уларнинг битта сохта талабига рози бўлсак, эртага янгисини ўйлаб топишади. Адвокатлик мақоми қаерда қолади унда? Мен ўз ҳақ-ҳуқуқларимни ҳимоя қила олмасам, бировни қандай ҳимоя қиламан?!”,

дейди адвокат.

Яқиндагина, 6 феврал куни Жазони ижро этиш департаментида адвокатлар билан мулоқот ўтказилган эди. Ҳудудлардаги адвокатлар, тергов ҳибсхоналари ва колониялар раҳбарлари “онлайн” тарзда иштирок этган мазкур тадбирда асосан адвокатнинг мақоми, дахлсизлиги, унинг ўз ҳимоясидаги шахс билан учрашувлар ўтказишига ҳеч қандай монеликлар бўлмаслиги кераклиги ҳақида сўз борган. Мулоқотда Гулмира Бобожонова ҳам қатнашган.

“Департаментнинг бошқарма бошлиқлари, раҳбар ходимлари ва ҳудудлардаги муассасалар раҳбарлари билан адвокатнинг касбий ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида жуда кўп гаплашдик, ҳимоячи ва маҳкум/маҳбус учрашувига ҳеч қанақа тўсқинликлар бўлмаслиги кераклигини ҳижжалаб тушунтирдик. Бошқарма бошлиғи Дилшод ... бу борада мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида эртаси куни ЖИЭДнинг умумий йиғилишида маъруза қилмоқчи эди. Департаментнинг шундоқ биқинидаги “Тоштурма”да аҳвол бунақа бўлса, демак, мулоқотда айтилган шунча гапларимиз ҳаво учибди-да”,

дейди куюниб Гулмира Бобожонова.

Адвокат ўз касбий ҳуқуқлари бузилгани ҳақида Палатага ариза берган.


Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай

Бугун буюк бобокалонимиз Мир Алишер Навоий таваллудига роппа-роса 584 йил тўлди.

Мўътабар манбаларда ёзилишича, адолат икки хил бўлади. Булардан бири инсон ва Яратган ўртасидаги адолат бўлса, иккинчиси инсоннинг бошқа инсонлар билан бўлган адолатидир. Инсоннинг Яратган билан адолати-ку маълум, аммо инсоннинг бошқа инсонлар билан адолати қандай бўлади? Бу шундай адолатки, бошқаларни эшитади, уларга зулм қилмайди, уларнинг манфаатларини юзага чиқаришда ёрдам беради.

Дарвоқе, инсонларнинг дардини эшитиш, мушкулини осон қилиш азалдан халқимизда эъзозланган юксак инсоний фазилатлардан. Бир эҳтиёжманд инсоннинг дарду ташвишини эшитиб, унинг кўнглини олиб, хурсанд қилиш Каъбани обод қилиш билан баробар дейилади. Шу хусусида мутафаккир бобомиз ҳазрати Мир Алишер Навоий шундай битади:

Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай.

Дарҳақиқат, бир киши бошқа бир кишига тўғри маслакдош бўлса, уни қийнаётган масалани ўзаро ҳал қилиб, мушкулини осон қилса, унга шерик бўлиб қайғусини аритса, ўзининг ҳам қайғуси кетади, бировга ёрдам бердими, унга ҳам ёрдам берилади. Бу йиллар давомида синалган ҳаётий ҳақиқатлардан бири. Буюк бобокалонимиз ана шу олижаноб мақсадни ўзларига ҳаётий шиор деб билдилар.


Новые препятствия работе адвокатов

Тамила РАХМАТУЛЛАЕВА,
Руководитель адвокатского бюро «TamiLaw» г. Ташкента

Недавно, при рассмотрении аппеляции в Ташкентском городском суде по уголовным делам, мне и моему подзащитному, находящемуся в следственном изоляторе №1, так же известному как Таштюрьма, предстояло знакомиться с материалами дела. Это стандартная процедура, однако она обернулась неожиданными сложностями. На этот раз меня сопровождала стажёр адвоката, официально оформленная в соответствии с законодательством и имеющая удостоверение. Несмотря на это, помощник судьи отказался допустить её к материалам дела, ссылаясь на необходимость получения дополнительного разрешения от судьи. Помощник отметил при этом, что стажёр может присутствовать на судебных заседаниях.

Ситуация абсурдна, ведь согласно действующему законодательству стажёры адвокатов имеют право участвовать во всех процессуальных действиях под руководством своего наставника. Об этом говорится в «Положении о порядке организации деятельности стажера и помощника адвоката». Согласно статье 22 Положения стажер имеет право «совместно с руководителем стажировки принимать участие в судебных заседаниях, следственных действиях с разрешения соответствующего суда или следователя». Однако ознакомление с материалами дела — это процессуальное действие.

Ознакомление с делом — неотъемлемая часть практической подготовки будущего адвоката. Как же стажёр сможет обучаться, если ему отказывают даже в элементарных вещах? Подобные решения, основанные на произвольных интерпретациях, создают искусственные барьеры в работе адвокатов и подрывают процесс обучения будущих специалистов.


(Подробности – в газете «Avokat Press» #1 2025 г.)


Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
“Бугун энг кучли талабаларимиз адвокат бўламан дейишяпти” – ТДЮУ ректори в.в.б. Исломбек Рустамбеков

Тошкент давлат юридик университетида Адвокатлар палатаси билан ҳамкорликда Адвокатура хонаси (аудиторияси) очилди.

Ушбу ташаббус юридик таълим ва амалиёт ўртасидаги боғланишни мустаҳкамлайди ва бўлажак ҳуқуқшуносларда адвокатлик фаолиятига кўпроқ қизиқиш уйғотиб, соҳани янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Очилиш маросими баҳонасида ташкил қилинган учрашувда Адвокатлар палатаси раиси ва ТДЮУ ректори ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, биргаликда адвокатура соҳасидаги муаммоларни тадқиқ қилиш ва бир қатор лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдилар.


“Давлат адвокат аёллар кўпроқ бўлишини истаса, уларнинг ижтимоий таъминоти масаласини албатта кўриб чиқиши керак”

«BUSINESS LAWYERS GROUP» адвокатлик фирмаси адвокати Дилшодбек Кенжабоев билан суҳбатдан:

Адвокатлик касбига гендер нуқтаи назаридан қандай қарайсиз – бу касбда аёллар ва эркакларнинг имкониятлари қанчалик тенг?

Бу ажойиб савол. Хорижий мамлакатлар адвокатураси тарихини ўргансангиз, ривожланган Европа давлатларида яқин ўтмишда аёлларнинг адвокат сифатида суд ишларида қатнашишига тақиқлар бўлган. Негаки, аёллар ўз латофати билан эркак судьяларнинг қонуний тўхтамга келишига таъсир ўтказади ва эркак судьялар аёл адвокат ҳимоя қилаётган тараф манфаатига қарор қабул қилиб қўйиши мумкин деган, қараш бор эди.

Бунинг яққол ифодасини италян киноижодкорлари томонидан суратга олинган «The Law According to Lidia Poet» сериалида ҳам кўриш мумкин. Шунга кўра, менинг фикримча, адвокатлик соҳасида аёллар эркаклардан бир оз устунликларга эга.

Ўз фаолиятимда ҳам бунга бир неча бор дуч келганман: эркак судья менинг талабларим қанчалик асосли бўлмасин, қарши тараф манфаатини ҳимоя қилаётган аёл адвокатнинг гапларини бирмунча диққатлироқ эшитган.

Бироқ масаланинг иккинчи томони ҳам борки, бу аёлларнинг адвокатурага қизиқишини бироз сусайтирмоқда.

Бу ижтимоий таъминот масаласи, яъни адвокатура ўзини ўзи таъминловчи тузилма бўлганлиги сабабли, давлат муассасаларидан фарқли ўлароқ, аёлларга таътиллар, айниқса ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари бера олмайди. Натижада аёл адвокатлар ёки бундай таътилларни унутиб фақат ишлашлари керак, бундай таътиллардан фойдаланмоқчи бўлса, даромадсиз қолишга кўнишлари керак. Натижада аёл юристлар адвокатликдан кўра кўпроқ давлат ишини, яъни таътилга чиқса ҳақ тўланадиган ва иш ўрни сақланадиган ишни маъқул кўришмоқда.

Давлат аёлларнинг адвокатурага кўпроқ жалб қилиниши тарафдори бўлса, уларнинг ижтимоий таъминоти масаласини албатта кўриб чиқиши керак.

(Суҳбатни “Advokat-Press” газетасининг 2025 йил январь сонида ўқинг).


Репост из: O’zR ADVOKATLAR PALATASI
Бугун, 28 январь куни, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раиси Шухрат Садиковнинг таваллуд топган кунлари, Ҳурматли Шухрат Шавкатович! Адвокатлар палатаси жамоаси ва республикамизда фаолият юритаётган адвокатлар номидан Сизни ушбу муборак кун билан табриклаймиз. Бугунги кунда адвокатура соҳасини янада ривожлантириш, амалга оширилаётган ислоҳотлар йўлида Сизга куч-қувват ва соғлик саломатлик тилаймиз. Таваллудингиз муборак бўлсин!


Адвокатлар палатаси Бошқарувининг 5-сонли йиғилиши: асосий маълумотлар

2025 йилнинг 25 январь куни Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасида 5-сонли Бошқарув йиғилиши бўлиб ўтди. Палатанинг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, йиғилишда қатор муҳим қарорлар қабул қилинган. Жумладан:
➖“Адвокатлар томонидан жиноят ишларида ҳимоячи сифатида иштирок этиш стандарти”да белгиланган нормаларни адвокатлар фаолиятида қўллаш механизмларини ишлаб чиқиш бўйича Олий малака комиссияси томонидан ўрганиш ўтказилиши ва натижалари бўйича малака комиссияларига тушунтиришлар ишлаб чиқилиши белгиланган.
➖Адвокатлар палатаси ва унинг ҳудудий бошқармаларининг 2024 йилдаги фаолияти юзасидан якуний ҳисоботлари Палата раиси ва ҳудудий бошқарма бошлиқлари томонидан ўқиб эшиттирилиб, муҳокамага қуйилган ва қониқарли деб топилган.
➖Адвокатлар палатаси Уставининг 38-бандида кўрсатилган вазифалар ижроси бўйича Бошқарув аъзоларининг 2024 йил давомидаги фаолиятлари юзасидан ҳисоботлари муҳокамага қўйилиб, маъқулланган.
➖Муҳокамалар натижасига кўра, барча ҳудудий бошқармаларда бошлиқ ўринбосари лавозимини бекор қилиш, шунингдек Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасида охирги йилларда иш ҳажми кескин камайганлигини, Касб-этика бўлимида бир йилда 120 та, бир ойда 10 та қўшимча ўрганиш амалга оширилганлигини, бўлимда 3 нафар ходим ишлашини ва битта ходимга 3 та (аввалги даврда 20-30 та) қўшимча ўрганиш тўғри келаётганлигини ҳисобга олиб, битта штат бирлигини қисқартириш тўғрисида қарор қабул қилинган.
➖Адвокатлар палатаси бош бухгалтери Шерзод Усмоновнинг Адвокатлар палатаси ва унинг ҳудудий бошқармаларининг 2025 йил учун харажатлар сметаси лойиҳаси бўйича маърузаси тингланиб, штатлар жадвали ва 2025 йил учун харажатлар сметаси лойиҳаси бир овоздан маъқулланган.
Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг 2025 йилга мўлжалланган жорий ва истиқболли режалари “Йўл харитаси” тасдиқланган.
➖Адвокатларни спорт мусобақалари орқали жипслаштириш мақсадида, Футбол бўйича Адвокатлар палатаси раиси кубогини 2025 йил май ойида Наманган шаҳрида ўтказиш ва ушбу турнирни ўтказиш учун пул маблағи ажратиш ҳақида қарор қабул қилинган.
➖Адвокатлар палатаси ҳузуридаги Этика комиссияси “Адвокатнинг касб этикаси қоидалари”га оид кенгайтирилган мажбурий тушунтиришлар ишлаб чиқиб Бошқарувнинг кейинги йиғилишига тақдим этиши белгиланган.


“Восприятие себя как слабого субъекта имеет свойство материализоваться”

Зафар ТУХТАШОВ,
адвокат, управляющий партнер АФ «ESTE»


“Думаю, самая большая проблема адвокатуры – это сами адвокаты, как бы странно эти не звучало. Некоторые коллеги имеют привычку жаловаться на свой низкий статус, обижаться на игнорирование со стороны следователей или судей, пенять на нехватку процессуальных полномочий. К сожалению, восприятие себя как слабого и ни на что не влияющего субъекта имеет свойство материализоваться.

Представьте, что в кабинет к следователю шаркающей походкой вошел человек с втянутой в плечи головой. Он мямлит, что является адвокатом такого-то подозреваемого и хочет с ним встретиться. А теперь мысленно нарисуйте картину, что в этом же кабинете появляется солидный и уверенный в своей позиции человек, который доходчиво и обоснованно объясняет, что ему необходимо увидеть подзащитного. У кого из этих адвокатов больше шансов добиться своего? Ответ очевиден.


Если ситуацию масштабировать до адвокатуры в целом, то сложится аналогичная ситуация. Каждый наш коллега обязан воспринимать себя как профессионала, равного любому должностному лицу судов и следственных органов. Адвокат, на стороне которого закон, – это огромная сила. Просто реализация этой силы требует немного больших усилий: изучения еще нескольких актов законодательства, подготовки новых обращений, обходов дополнительных организаций и т.д.”.


Репост из: O’zR ADVOKATLAR PALATASI
Адвокатлар палатасининг Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган "Шайхонтоҳур адвокатлари" Адвокатлар ҳайъатининг адвокати, Ҳабибулла Олимжоновнинг куни кеча "Адвокат"номли роман-эссеси нашрдан чиқди. Шу муносабат билан ижодкор адвокатимизга Республика Адвокатлар палатаси раҳбарияти номидан миннатдорчилик билдириб, Устоз-адвокатга соғлик-саломатлик тилаймиз. Китобда 1991–2024 йиллар даври мобайнида чоп этилган ўнта энг сара мақолалари ҳам жой олган. Китобхон дўстларимизни ушбу роман-эссени олиб ўқишларига чорлаймиз!

👉ҳавола


Репост из: Advokat Komilova
“Ҳимоямдаги шахс тиз чўктирилган ҳолатда эди”

Туман ИИБ бошлиғи ўринбосари гумонланувчини ҳимоячи иштирокисиз сўроқ қилган ва адвокатини ҳайдаб чиқарган

“Advokat Yakubov” адвокатлик бюроси адвокати Даврон Якубов кеча, 19 январь куни Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани ИИБга ўз ҳимоясидаги шахснинг терговида иштирок этиш учун борганида туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари уни ҳайдаб чиқарган, адвокат унинг хизмат хонасига кирганида ҳимоясидаги шахс тиз чўктирилган ҳолатда ўтирганини кўрган. Бу ҳақда Даврон Якубов ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида видеомурожаат қолдирди.

Адвокатнинг сўзларига кўра, ҳимоясидаги шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, иш терговга оширилганини эшитгач, Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБга борган. Дастлаб уни терговчи ҳузурига йўллашган, аммо терговчи жиноят иши ҳали унга келмаганини айтиб, жиноят-қидирув бўлимига учрашишни маслаҳат берган.

“Жиноят-қидирув бўлимига бориб, бир эшикни очдим. Бу ИИБ бошлиғи биринчи ўринбосарининг хизмат хонаси экан. Қарасам, ҳимоямдаги шахс тиз чўктирилган ҳолатда, биринчи ўринбосар эса у билан қўпол муомала қилиб турибди. Буни мен ўз кўзим билан кўрдим”,

дейди адвокат.

Даврон Якубов айтишича, ордер ва гувоҳномасини кўрсатганида бошлиқ ўринбосари “ҳозир мен гаплашяпман, сиз терговда қатнашасиз”, дея уни чиқариб юбормоқчи бўлган.

“Мен ундан: “Сиз ўзингиз кимсиз? Нега гумонланувчи билан ҳимоячи иштирокисиз суҳбат қиляпсиз? Нега менинг адвокатлик фаолиятимга тўсқинлик қиляпсиз?” деб сўрадим. Гапимга қулоқ солмай, мени хонасидан ҳайдаб чиқарди. Бошқарма биноси ичида, йўлакларда камералар бор эди. Агар ўчириб ташлашмаган бўлса, ҳолат ёзиб олинган бўлиши керак”, давом этади адвокат.

Даврон Якубов ташқарига чиққач Ички ишлар вазирлигининг ишонч телефони (1002)га қўнғироқ қилиб, Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ бошлиғининг биринчи ўринбосари устидан шикоят қилганини билдирди (шикоят натижаси ҳозирча маълум эмас).

Адвокат мазкур ҳолатда биринчидан, шахснинг Конституцияда кафолатланган ҳимоя ҳуқуқи бузилганини, иккинчидан мансабдор шахс томонидан адвокатлик фаолиятига тўсқинлик қилинганини таъкидлайди.

“Шахснинг ҳимоя ҳуқуқига риоя қилишингиз шунчалик қийин бўлаётган экан, келинг, Конституция ва қонунларга ўзгартириш киритиб адвокатурани тугатиб қўяқолайлик”, дея аччиқ киноя қилади адвокат.


Либусни эслаб

Адвокат Усмонхон САЛОҲИДДИНОВ:

“Израил Аронович Либус (1926-2022) ниҳоятда ўткир адвокат эди. Гоҳида унинг маърузаларини тинглаш учун атай суд процессларига борардим. Либуснинг чиқишлари, тактикаси, ўзини тутиши, нутқи биз учун катта мактаб бўлган.

Бир гал суд мажлиси бошланишидан олдин Израил Аронович раислик қилувчидан: “...Судланувчига бир саволим бор, майлими? Шахсни аниқлашга доир савол...” – дея илтимос қилди ва рухсат олгач, судланувчига қараб:

“Айтинг-чи, “УКа” дегани нима?”, – деб сўради.

Судланувчи ўйлаб ўтирмай: “Аканинг укасини ука дейди-да...”, – деб жавоб берди.

И.А.Либус: “Сиз русчани биласизми, ўқий оласизми?” деб сўради ва судланувчидан рад жавобини олгач судга юзланиб, шундай деди:

“Судланувчи русчани умуман тушунмайди, саволга у томонидан берилган жавобдан ҳаммаси маълум. Жиноят иши рус тилида юритилган, судланувчининг ўз она тилида кўрсатув бериш ҳуқуқи таъминланмаган. Шу ҳолда жиноят ишини судда кўриб чиқиш мумкинми? Албатта йўқ! Шундай экан, судланувчининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш учун жиноят ишини терговга қайтаришингизни илтимос қиламан”.

Суд унинг илтимосини қаноатлантирди – жиноят ишини терговга қайтариш ҳақида ажрим чиқарди. Мен қойил қолиб, қарсак чалиб юборганимни билмай қолдим!!

Израил Аронович ана шундай маҳоратли адвокат эди! Унга ҳавас қилиб шу касбни танлаган кўпларни биламан...”


Репост из: Advokat Komilova
Қийноққа солиш ҳолатлари энг кўп ички ишлар тизимида кузатилмоқда

Бош прокуратура Ички ишлар органларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармасининг ТҚФ натижасида инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилганлиги тўғрисида келиб тушган ариза ва шикоятлар таснифига кўра, терговга қадар текширув, суриштирув ва тергов масалалари юзасидан 2020 йилда 5816 та, 2021 йилда 10333 та, 2022 йилда 11271 та мурожаатлар келиб тушганлигини маълумот тариқасида билдирган.

Мазкур статистик маълумотлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралардан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини бузиш ҳолатлари энг кўп ички ишлар тизимида учраётганлигидан далолат беради.

Ўзбекистоннинг 2022 йилдаги инсон ҳуқуқлари бўйича ҳисоботида “ҳуқуқ-тартибот идоралари, тергов ва жазони ижро этиш муассасаларида айбланувчи, судланувчиларнинг айбига иқрор бўлишида ёки жиноят процессида фойдаланиш мумкин бўлган маълумотларни олиш мақсадида қийноққа солиш ва шафқатсиз муомалада бўлиш давом этмоқда”, дея хулосага келинган”. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан қийноқ ва бошқа тазйиқлар ўтказилганлиги ҳақида 2022 йилда 268 та, 2021 йилда 309 та, 2020 йилда 276 та ариза ва хабарлар келиб тушган.

Адвокатлик амалиётидан маълумки, инсонни қийноққа солиш аксар ҳолларда шахс ушланганидан бошлаб 24 соат ичида тезкор қидирув ходимлари томонидан содир этилади. Асосий мақсад ундан иқрорлик тушунтириш хатини олиш бўлади ва ушбу жараёнда ҳимоячи иштирок этмайди. Олинадиган тушунтириш хати процессуал ҳужжат, яъни далил ҳисобланмаса-да, унда кўрсатилган ҳолатлардан келиб чиқиб кейинчалик суриштирувчи ёки терговчи томонидан гумон қилинувчини сўроқ қилиш баённомаси шаклида далил расмийлаштирилади. Қолаверса, суд ва тергов органлари дастлабки тушунтириш хатини айбланувчининг айбдорлиги исботи сифатида баҳолаши мумкин.

Ушланган шахсни қийноққа солиш учун аввалдан синалган ва қўлланиб келинаётган яна бир тактик усул мавжуд: жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахс маъмурий ҳуқуқбузарлик (масалан, майда безорилик, ички ишлар органлари ходимининг ўз хизмат бурчини бажаришига каршилик кўрсатиш ёки 15 суткагача муддатга маъмурий камоққа олишга сабаб бўладиган бошқа хатти-ҳаракатларни) содир этишда айбланиб, суд орқали маъмурий қамоққа олинади, сўнгра қийноққа солиш орқали ундан иқрорлик кўрсатуви олинади ва у гумон қилинувчи ёки айбланувчи мақомига ўтказилади.

Бундай ҳолатларда маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс камдан кам ҳоллардагина адвокатнинг юридик ёрдамидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Чунки, биринчидан, фуқаронинг ҳуқуқий онги юқори бўлмаганлиги сабабли, у ўз ҳақ-ҳуқуқларини, хусусан, сукут сақлаш ҳуқуқини, берган кўрсатуви уни айблаш учун ишлатилиши мумкинлигини ёки ҳимоячининг иштирокисиз кўрсатув бермаслик ҳуқуқини билмайди ёхуд, билган тақдирда ҳам турли сабабларга кўра ундан фойдаланишга жазм қилмайди. Иккинчидан, шундай ҳуқуқлари борлиги мутасадди шахслар томонидан уларга деярли тушунтирилмайди.

(Ю.ф.д. Баҳром Саломовнинг “ҚИЙНОҚЛАРГА ҚАРШИ КУРАШИШ: Халқаро ҳужжатлар имплементацияси ва миллий қонунчиликни такомиллаштириш масалалари” мақоласидан. “Advokat” журнали, 2024 йил 6-сон).


Бугун – Ватан ҳимоячилари ва Ўзбекистон Қуролли кучлари ташкил топган кун.

Муқаддас бурчини ҳалол ва фидокорона адо этаётган барча эр йигитлару жасур қизларимизни ушбу қутлуғ сана билан табриклаймиз!

Показано 20 последних публикаций.