Advokat G’aniyev


Гео и язык канала: Узбекистан, Узбекский
Категория: Право


Муҳим ҳуқуқий масалалар бўйича таҳлиллар, саволларга жавоблар, юридик фактлар ва шахсий қарашлар. Мурожаат учун @Ganiyevgamurojaat_bot

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Гео и язык канала
Узбекистан, Узбекский
Категория
Право
Статистика
Фильтр публикаций


Репост из: Bahodir Ahmedov
Адвокатга нусха кўчиришга бермаган терговчи жавобгарликка тортилган

Суд ҳужжатларига кўра, "DIGESTS GLF" адвокатлик фирмаси адвокати А.Акрамходжаев фуқаро У.Файзиевнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиб келган. Кейинчалик дастлабки тергов ҳаракатлари давомида ИИВ Тергов департаменти терговчиси У.Ҳамдамов адвокат А.Акрамходжаевни номаълум сабабларга ишда иштирок этишдан четлаштириш тўғрисида қарор чиқарган.

Шундан сўнг, Акрамходжаев мазкур қарордан нусха олишни сўраб мурожаат қилган лекин мазкур сўровга жавоб олмаганлигини билдириб, судга мурожаат қилган.

Президентнинг 2018 йил 18 майдаги “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”Фармонининг 2-бандида “адвокат сўровига кўра маълумотларни ўз вақтида тақдим этмаслик, ёлғон ёки нотўғри маълумотларни тақдим этганликда айбдор мансабдор шахслар адвокатнинг судга тўғридан-тўғри мурожаатига асосан белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилади” деб белгиланган.

Суд терговчи У.Ҳамдамовнинг ушбу ҳаракатларини МЖтК 197-1-моддаси адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиш деб баҳолаб, БҲМнинг 2 баравари миқдорида жарима қўллаш тўғрисида қарор чиқарган.

#sudishi

👉 @bahodirahmedoff 👈


Яхшиси шикоятингизни қайтариб олинг!

Жиноят ишлари бўйича қабул қилинган суд ҳужжатларига нисбатан апелляция, кассация ва тафтиш тартибида шикоят берганингизда суд муҳокамасида бевосита иштирок этишингизга тўғри келади.

Шикоятингиз 3 та судьядан иборат таркибдаги судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилади, ўртадаги судья судлов ҳайъатига раислик қилувчи, икки ёндаги судьялар эса ҳайъат судьялари ҳисобланадилар.

Шу 3 та судьядан қайси бири маърузачи эканлигини аниқлаб олиш жуда ҳам муҳим ҳисобланади. Агар судлов ҳайъатига раислик қилувчи “маърузачи ўзим бўламан” деса, иш бўйича қандай суд ҳужжатлари қабул қилинганлиги, улардан кимлар ва нима учун норози эканлиги ҳақида ахборот беради.

Агар маърузачи ундан бошқа судьялар бўлса, худди ўша ахборотни айнан ўша судьялардан эшитасиз.

Шикоятингизда юқори суд томонидан муқаррар инобатга олиниши лозим бўлган важларни баён қилган бўлсангиз (масалан, фирибгарлик билан судланиб, қамалган шахснинг моддий зарарни тўлаганлиги ёки қонуннинг енгиллашганлиги каби), маърузачи киму, судлов ҳайъатига ким раислик қилади, буни билиш шарт эмас.

Лекин шикоятда бошқа важ ва асосларни баён этган бўлсангиз, ишни кўришда маърузачининг ўзини тутишига, Сиз баён этаётган важларга қандай муносабатда бўлаётганига алоҳида эътибор қаратинг. Агар маърузачи Сиз келтираётган важлар бўйича қизиқмаётган, тарафларга саволлар бермаётган ва суд муҳокамасини имкон қадар тезроқ якунлашга ҳаракат қилаётган бўлса, билингки шикоятнинг оқибатсиз қолдирилиши аллақачон ҳал этиб бўлинган.

Бундай ҳолларда, судьялар маслаҳатхонага киргунига қадар шикоятингизни қайтариб олишни, орадан маълум вақт ўтгач, яна такроран шундай шикоят билан мурожаат қилишни тавсия қиламан. Чунки, апелляция шикоятини қайтариб олсангиз, кассация тартибида шикоят қилиш ҳуқуқингиз сақланиб қолади. Кассация ва тафтиш тартибида берилган шикоятларни қайтариб олсангиз ҳам, келгусида худди шундай шикоятлар билан яна мурожаат қилишингиз мумкин бўлади.

Кун келиб, шикоятингиз албатта шижоатли ва адолатпарвар, фақат қонунга бўсунадиган, том маънода мустақил бўлган судьянинг иш юритувига тушади ҳамда оқибатсиз қолдирилмайди.

Каналга уланиш
Advokat G’aniyev


Ерга оид жиноятлар бўйича янги Пленум қарорининг ижобий жиҳати амалга татбиқ этилмоқда

Мана бу постда Олий суд Пленумининг янги, 2024 йил 16 декабрь кунги 36-сонли қарорининг бир ижобий жиҳати, яъни 11-банди 6-хатбошисида “Зарарни ҳисоблашда ўзлаштирилган ҳудуддаги фойдаланишга яроқли ҳудуд чегирилиб, ҳақиқатдан ҳам нобудгарчиликка йўл қўйилган (қурилиш ости) ер майдонидан келиб чиқиш лозим”лиги ҳақида раҳбарий тушунтириш берилгани ҳақида ёзган эдик.

Чунки тергов ва суд амалиётида моддий зарар ушбу тушунтиришгача қурилиш ости ер майдонидан эмас, балки ўзлаштирилган жами ҳудуд ҳажмидан келиб чиқиб ҳисобланар эди.

Наманган вилоят суди ЖИБ судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 1-1610-2402/236 сонли жиноят иши бўйича 2025 йил 28 январь кунги ажрими (интернетга жойланган) билан 1-босқич судининг 2024 йил 9 октябрь кунги ҳукми ўзгартирилган.

Яъни, юқоридаги тушунтиришга амал қилиниб, ЖКнинг 229-1(прим1)-моддаси 2-қисми билан судланган Б.Д.нинг зарари 45,7 млн. сўмдан 11,5 млн. сўмга ва Х.Н.нинг зарари 68,6 млн. сўмдан 5,7 млн. сўмга туширилган.

Каналга уланиш
Advokat G’aniyev


Прокуратура ходимларининг хизмат кийими

Давлат раҳбарининг 2019 йил 15 июль кунги ПҚ-4394-сонли қарорига мувофиқ, прокуратура ходимлари:

расмий, байрам, тантанали ва халқаро тадбирларда, суд мажлисларида, оммавий ахборот воситалари билан учрашувлар ва интервьюларда, шунингдек, ўқув машғулотларида— тантанали формали кийим-бош;

хизмат вазифаларини бевосита хизмат хоналарида (бино, транспорт воситаси, ҳарбий қисм) амалга ошириш вақтида — махсус (маҳкама) формали кийим-бош кийиб юриш ҳуқуқига эгадирлар.

Бош прокурор буйруғи билан тасдиқланган “Хизмат кийимини кийиш тартиби”га оид умумий қоидаларда ходимлар хизмат вазифаларини бажариш вақтида белгиланган шаклдаги хизмат киймини кийишга мажбурдирлар деб кўрсатилган.

Судларда прокурор иштирокини таъминлаш – ходимларнинг хизмат вазифаларини бажариш вақти деб ҳисобланса ва юқоридаги Тартиб ҳали ҳам амалда бўлса, Наманган ва Тошкент вилояти судларида прокурор иштирокини таъминлаган ходимлар белгиланган шаклдаги хизмат кийимида бўлмаганликлари учун ҳеч бўлмаганда огоҳлантирилишлари керак бўлади.

Каналга уланиш
Advokat G’aniyev


Қамоққа олиш ҳақидаги суд ажрими устидан берилган апелляция шикояти (протести) эндиликда якка тартибда кўрилади

2025 йил 28 январь кунги қонун билан (ЎРҚ-1022) ЖПКнинг 241-моддаси 2-қисми учинчи жумласи янги таҳрирда баён қилинди ва қамоққа олиш ҳақидаги суд ажрими устидан берилган апелляция шикоятининг эндиликда якка тартибда кўрилиши белгиланди (бунгача апелляция инстанцияси суди томонидан 3 та судьядан иборат таркибда кўрилар эди).

Яъни, суриштирув ёки дастлабки тергов босқичида қамоққа олиш, уй қамоғи, гаров тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллаш ҳақидаги ёки қамоқда сақлаш, уй қамоғи муддатини узайтириш тўғрисидаги ёхуд уй қамоғи бўйича қўшимча тақиқ (чеклов) белгилаш ҳақидаги масала юзасидан суднинг ажрими устидан мазкур ажрим чиқарилган кундан эътиборан 72 соат ичида апелляция тартибида шикоят берилиши, протест билдирилиши мумкин.

Шикоят, протест ажрим чиқарган суд орқали берилади, ушбу суд уларни 24 соат ичида материаллар билан бирга апелляция инстанцияси судига юбориши шарт.

Апелляция инстанцияси судининг судьяси мазкур материалларни улар шикоят ёки протест билан бирга келиб тушган пайтдан эътиборан 72 соатдан кечиктирмай якка тартибда кўриб чиқиши керак.

Каналга уланиш
Advokat G’aniyev




Тезкор-қидирув органининг ушбу буйруғи Олий суд раҳбариятини ажаблантирмади!

ЖКнинг 251-1(прим1)-моддаси 3-қисми (таркибида кучли таъсир қилувчи модда бўлган, лекин оздирувчи ҳисобланган “Фатзорб” воситасини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан айбланиб, 3 йил муддатга ОМҚ жазоси тайинланган ҳимоямдаги А.А.нинг манфаатида 2024 йил 2 октябрь куни Олий суд раисининг 1-ўринбосари И.Муслимов ва 13 декабрь куни Олий суд раиси Б.Исламов қабулида бўлдим.

Жиноят иши қўзғатилишига ҳимоямдаги А.А. ва яна бир судланувчи М.М.га нисбатан текшириш учун харид қилиш, назорат остида олиш кўринишида ўтказилган тезкор-қидирув тадбири натижалари асос бўлган.

“Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддаси 5-қисмида, текшириш учун харид қилиш, назорат остида олиш - тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи орган раҳбари томонидан тасдиқланган қарор асосида ўтказилиши, текшириш учун харид қилиш, назорат остида олиш прокурор билан албатта келишилган ҳолда амалга оширилиши белгиланган.

Жиноят ишида мавжуд бўлган Департамент Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғининг 2023 йил 27 январь кунги 14-сонли буйруғида эса, таркибида кучли таъсир қилувчи модда мавжуд бўлган маҳсулотларни қонунга хилоф муомаласига қарши эмас, балки ноқонуний валюта олди-сотдисини аниқлаш мақсадида тезкор тадбирлар ўтказиш белгиланган, бундан ташқари тадбирнинг прокурор билан келишилганлигига оид ҳужжат йўқ.

Олий суд Пленумининг 2018 йил 24 август кунги 24-сонли қарори
8-бандида, қонунчиликда белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган тезкор-қидирув тадбири давомида олинган далиллар мақбул эмас деб ҳисобланади деб тушунтириш берилган.

Қабулда келтирган яна бир важимиз: назоратли харидда иштирок этган махсус харидор Ш.Н.ни дастлабки терговда ҳам, 1-босқич, апелляция ва тафтиш инстанциялари судларида ҳам гувоҳ сифатида сўроқ қилиш имконияти бўлмаган (уни мажбурий келтириш ҳақида қарор ва ажримлар чиқарилганига қарамай).

Бироқ, суд ҳужжатларига нисбатан берган тафтиш тартибидаги шикоятимиз раис томонидан ҳам, унинг 1-ўринбосари томонидан ҳам қаноатлантирилмади ва ҳатто жавоб хатларида ушбу 2 та важимиз ҳақида умуман сўз юритилмаган.

Каналга уланиш
Advokat G’aniyev


⚡️Тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатлари янада кучайтирилади

Қонун (ЎРҚ-1022-сон, 28.01.2025 й.) билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

🔰 Унга кўра, тергов судьялари томонидан жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритиш босқичида процессуал қарорларга санкция бериш ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш масалаларини қонунчиликда белгилаш мақсадида тергов судьяларининг ваколатлари жумласига киритилган ишларни кўриб чиқиш асослари ҳамда тартибини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

✔️ Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, тергов судьясининг ваколатлари белгиланиб, тергов судьяси якка ўзи иш тутиб, Кодексда назарда тутилган тартибда судга қадар иш юритиш босқичида шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан суд назоратини амалга оширади.

📋 Шунингдек, тинтув ўтказиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳамда уни кўриб чиқиш асослари белгиланди.

❕ Бунда, тинтув ўтказиш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда прокурор, терговчи ёки суриштирувчи тинтув ўтказиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақида уни ўтказиш учун асосларни баён этган ҳолда қарор чиқаради.

📞 Телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туришни, улар орқали узатиладиган ахборотни олишни амалга ошириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш асослари белгиланди.

✳️ Бундан ташқари, мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш тартиби белгиланди.

📜 Бунда, мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимоснома суриштирув ёки дастлабки тергов юритилаётган жойдаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг тергов судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.

Каналга уланиш:
Advokat G‘aniyev


Қобил Дўсовнинг қилмиши суд томонидан нотўғри малакаланган (бизнингча)...

Бизнингча, биринчи ва апелляция инстанцияси судлари томонидан Қ.Дўсовнинг Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Ф.Боқиевни интернет тармоғида ҳақорат қилганлиги ҳолати ЖКнинг 140-моддаси 3-қисми “а” банди билан нотўғри малаканган.

Ушбу бандда кўрсатилган жиноятнинг объектив томони жабрланувчи шахснинг ўз хизмат бурчини бажариши муносабати билан ҳақоратланиши билан ифодаланади.

ЖКнинг махсус қисмида қўлланилган “хизмат вазифаси” ва “хизмат бурчи” атамалари бир-бирига яқин тушунчалар ҳисоблансада, улар ўртасида муайян фарқлар мавжуд.

Хизмат бурчи деганда давлат органида ишловчи шахснинг умумий масъулияти тушунилса, хизмат вазифаси эса аниқ лавозимда бажариладиган ишларни ифодалайди.

Масалан, ҳарбий хизматчининг Ватанни ҳимоя қилиш бурчи ёки давлат хизматчисининг фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш бурчи бу хизмат бурчи ҳисобланади.

Хизмат вазифасига эса, ўқитувчининг дарс ўтиши ёки ҳисобчининг молиявий ҳужжатларни юритиши мисол бўла олади.

Қонунчилик маълумотлари миллий базаси орқали “хизмат бурчи” атамаси қўлланилган норматив ҳуқуқий ҳужжатларни изласангиз, барчаси ҳарбий хизмат, ички ишлар, миллий гвардия, давлат солиқ ва божхона хизматига алоқадор бўлган 12 та қонунчилик ҳужжатини топасиз.

Суд амалиётида ҳам ички ишлар, миллий гвардия ходимларининг ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни олдини олиш бўйича хизмат бурчларини бажариш чоғида ҳақорат қилинганликлари юзасидан ЖКнинг 140-моддаси 3-қисми “а” банди билан чиқарилган айблов ҳукмлари кўп учрайди.

Қ.Дўсовга тегишли эканлиги айтилаётган ижтимоий тармоқларда вазир ўринбосари лавозимида ишлаётган Ф.Боқиевга нисбатан бирор конкрет хизмат бурчини бажариши муносабати билан эмас, балки унинг иш фаолиятига, билимига, салоҳиятига, ишчанлик қобилиятига, бошқа жиҳатларига баҳо берувчи умумий ҳақоратли сўзлар ишлатилган.

Агар Қ.Дўсов суд ҳужжатларига нисбатан тафтиш тартибида шикоят бериб, ишни қайта кўриш чоғида асосий урғуни - вазир ўринбосари Ф.Боқиев бирор хизмат бурчини бажариши муносабати билан ҳақорат қилинмаганига қаратса, бизнингча мақсадга мувофиқ бўлади.

Каналга уланиш
Advokat G’aniyev


Қобил Дўсовга оид суд ҳукми апелляция инстанцияси суди томонидан ўзгаришсиз қолдирилган

Интернет тармоғига жойланган 2024 йил 19 декабрь кунги суд қарорига кўра (1-1006-2402/1058 сонли жиноят иши), Қ.Дўсовни ЖКнинг 140-моддаси 3-қисми “а” банди билан айблаш ҳақидаги ЖИБ Чилонзор туман судининг 2024 йил 22 ноябрь кунги ҳукми Тошкент шаҳар суди ЖИБ судлов ҳайъати апелляция инстанцияси томонидан ўзгаришсиз қолдирилган.

Қ.Дўсов апелляция инстанциясида: интернетда чиққан лавҳалар унга тегишли эмаслигини, унинг номига очилган каналларга бошқа шахслар кириб, ҳар хил маълумотларни ёзганини, бу текширилмаганини, унга нисбатан иғво уюштирилганини билдириб, суд ҳукмини бекор қилиб, оқлов ҳукми чиқаришни сўраган.

Қ.Дўсовнинг қилмиши ўз хизмат бурчини бажараётган жабрланувчига, яъни Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Ф.Боқиевга нисбатан содир этилган ҳақорат қилиш жинояти сифатида баҳоланган ҳамда унга нисбатан ЖКнинг 140-моддаси 3-қисми “а” банди санкцияси назарда тутилган энг оғир жазо (1 йил муддатга озодликни чеклаш) танланган (бошқа муқобил жазолар мавжуд бўлишига қарамай).

Жиноят иши доирасида Ҳ.Сулаймонова номидаги РСЭМ ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан бир нечта суд-лингвистика экспертизалари ўтказилган.

Экспертиза хулосаларида: Қ.Дўсовнинг “Telegram”, “Facebook” ижтимоий тармоқларида жойлаштирган постларида - фикр ёки эътибор қаратилаётган адресатга нисбатан ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан таҳқирлаш аломатлари мавжудлиги, Ф.Боқиевга нисбатан “аҳмоқ” сўзини қўллаш ёрдамида уни ҳақорат қилиш ҳолати борлиги баён қилинган.

Каналга уланиш
Advokat G’aniyev


Интернетдан фойдаланиш юзасидан тақиққа (чекловга) риоя этилиши устидан назоратнинг ўзига хос хусусиятлари

Интернетдан фойдаланиш бўйича суд белгилаган тақиққа риоя қилмаганлиги учун собиқ депутат Қобил Дўсовнинг жазоси 2025 йил 24 январь куни оғирроқ жазога (ОМҚга) ўзгартирилганидан хабардорсиз.

"Пробация тўғрисида"ги қонуннинг 40-моддасига кўра, Интернетдан фойдаланиш юзасидан суд белгилаган тақиққа (чекловга) риоя этилиши устидан назорат мазкур тақиққа (чекловга) риоя этилиши тўғрисида ушбу шахс билан профилактик суҳбатлар ёки текширувлар ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Ушбу турдаги тақиққа (чекловга) пробация назоратидаги шахс томонидан риоя этилишини текшириш мутахассисларни жалб этган ҳолда, махсус техник воситалар ёрдамида амалга оширилади.

ОАВда берилган хабарларда ҳам Қ.Дўсовнинг интернетдан фойдаланганлиги ИИВ Тезкор қидирув департаментининг Киберхавфсизлик маркази мутахассислари томонидан аниқланганлиги қайд этилган.

Алоҳида ҳолларда, Интернетдан фойдаланиш юзасидан суд белгилаган тақиққа (чекловга) пробация назоратидаги шахс томонидан риоя этилиши туман (шаҳар) пробация бўлинмаси ходимининг сўровига кўра тезкор-қидирув тадбирлари доирасида текширилиши мумкин.

Каналга уланиш
Advokat G’aniyev


Репост из: GENERALISSIMUS
Сенат бир йилдан кўпроқ муддатдан сўнг ҳуқуқ-тартибот ходимлари видеоларини обрўсизлантириш мақсадида бузиб тарқатишни тақиқловчи қонунни маъқуллади. Тегишли модда билан айбдор деб топилган шахслар 10 суткагача маъмурий қамоқ билан жазоланиши мумкин.

Айтганча, ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси собиқ бошлиғи генерал-майор Қутбиддин Бурхонов ҳозирда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси бўлиб ишламоқда.

Fayzboguz ясаган бу мем ҳар доимгидек олий даражада😁.

Бу қонуннинг умуман олганда фақат бир нуқтаси—яъни санкциясига қаршиман, маъмурий қамоқ эмас, фақат жарима қолдирилганда эди, адолатли бўларди.

Гарчи, ҲМҚО ходимларини фото ва видеога олиш ҳуқуқи сақлаб қолинган бўлсада, амалиётда бу нормага қанчалик риоя қилиниши ёки судлар томонидан қанчалик тўғри талқин қилиниши масаласи бизни хавотирга солади.

Чунки, амалиётда кўрмоқдамизки, айрим ҳолларда ҲМҚО томонидан олиб борилган асоссиз материаллар асосида одил судларимиз шундоққина қамоққа равона қилиб юбормоқда.

Маълумот учун, Қирғиз Республикасида депутатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини суратга ва видеога олишни тақиқловчи қонун лойиҳасини яқиндагина рад этишди.

Умидимиз Давлат раҳбаридан ёки одил судларимиздан, бошқа иложимиз йўқ, дўстлар.

@generalissimo_marshal


Хизмат текшируви ўтказилган вилоят суди раиси ўринбосари лавозимидан озод этилди

Судьялар Олий кенгашининг 2024 йил октябрь ойида берган баёнотида, Наманган вилоят суди раисининг ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси А.Сафаевнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилганлиги, унинг хулосаси муҳокама қилиниб, тегишли қарор қабул қилиш учун Судьялар олий малака ҳайъатига юборилганлиги маълум қилинган эди.

Аввалроқ Кун.уз сайтида эълон қилинган хабарда эса, А.Сафаевнинг Наманган шаҳри, Навоий кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлардан биридаги ўзганинг эгалигида бўлган хонадонни сохта ҳужжатлар билан ўз номига расмийлаштириб, бошқа бир одамга сотиб юборгани айтилган эди.

2025 йил 23 январь куни айнан ўша мулозимнинг, яъни А.Сафаевнинг ўз ёзма аризасига асосан лавозимидан озод этилганлиги хабар қилинди.

Лекин юқоридаги ҳолат юзасидан бирор ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи томонидан терговга қадар текширув ўтказилган ёки ўтказилмаганлиги, ўзганинг мулкини талон-торож қилиш ёхуд ҳужжатни қалбакилаштириш аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган-қўзғатилмаганлиги ҳозирга қадар очиқланмади.

Каналга уланиш
Advokat G’aniyev


Репост из: Advokat Qosimov
Шунақасиям бўларкан

Бу ҳафта бир жиноят ишимиз Тошкент вилоятида апелляция инстанциясида тамомланди. Иш бўйича 6 та судланувчидан 3 таси шикоят берган. Аввалги судларда барча процессуал ҳаракатлар амалга ошириб бўлинган, фақат судланувчиларнинг охирги сўзи қолган.

Судланувчиларнинг охирги сўзи эшитиб бўлингач, раислик этувчи “4-судланувчи Мусулмонқулов қани?” деб сўради.

Ҳамма ҳайрон, чунки аввалги судларда у судланувчи қатнашмаган.

“У очиқда” деди, судланувчилардан бири.

Раислик этувчи: Биламан, лекин у ҳам шикоят ёзган, охирги сўзини эшитишимиз керак.

Мен: У шикоят ёзмаган, аввалги судларда ҳам у қатнашмаган, ишни уларга оид қисми кўрилмайди дегансизлар.

Раислик этувчи: “Мана шикояти турибди, ҳой нимага чақирмадинг уни, чақириб қўйсанг бўлмайдими”, деб судья ёрдамчисига юзланди. Кейин “Бўлди, қолдирамиз, 4-судланувчини чақиртир, бир ҳафтадан кейин давом эттирамиз” дедида, чиқиб кета бошлади.

Шунда ишда қатнашаётган судья ёрдамчиси судлов ҳайъатини олдига келиб, иш ҳужжатларини варақлай бошлади. Ниманидир топиб, раислик этувчига кўрсатди.

Расилик этувчи уни кўриб, “Э бўлди, у шикоятини қайтариб олган экан” деб суд маслаҳатга киришини айтиб, судлов ҳайъати алоҳида хонага чиқиб кетди.

Мени ҳайрон қолдиргани бу гап-сўзларга маърузачи судья умуман аралашмади. Ким шикоят қилган, ким қайтариб олган, ўзи қанақа иш кўриляпти, унга алоқаси йўқдек.

Шунчаки ўтириб бериш учун кирган учинчи судьяку майли, лекин агар маърузачи судья иш билан таниш бўлганда эди, ким шикоят берган, ким қайтариб олганлигини у билиши керак эди.

Яхшиям, судья ёрдамчиси ишни раислик қилувчидан ҳам, маърузачидан ҳам яхшироқ биларкан (Шунақа ёрдамчилар кейинчалик судья бўлса, келажакка ишонч бордек).

Менимча, иш бўйича ажрим матнини ҳам шу судья ёрдамчиси ёзиб берса керак, яна билмадим.

Каналга уланиш👇
👉@advokatqosimov👈


Репост из: Advokat Komilova
“Сен қаматавер. Оқлангунича ўтириб туради”

Кеча иш юзасидан бир туман ИИБ терговчиси билан гаплашиб қолдим. Беш-бегона одам, биринчи марта кўриб турибман. Ёшгина йигит. Тўлиб юрган экан, адвокатман дейишим билан ҳасрат қилиб кетди. Терговчи зоти, умуман ички ишлар ёки прокуратура ходимлари бегонага кўнглини очиб-сочмайди. Айниқса адвокатларга. Шунинг учун жуда ҳайрон бўлдим.

Унинг дабдурустдан дардини тўкиб солишини аввал ёшлик соддалигига йўйгандим, кейин тушундимки, ишхонасидаги муҳит чидаб бўлмай қолган.

“Пора-ку олмайман, опа, лекин ўз ойлигим ҳам татимаяпти. Болаларимга топ-тоза, ҳалол ризқ едиряпман деб айтолмайман”, деди суҳбатдошим. Кейин бир оз тин олиб, давом этди:

“Одамнинг айби борми йўқми, бўлса – қанақа эҳтиёт чорасига ёки жазога тортади – қизиқ эмас. Қаматасан, деб буюришади, вассалом. Бажармасанг, бошинг балодан чиқмайди. “Айб йўқ-ку, судда оқланиб кетади-ку барибир, биз қилмаганимиз билан суд 83-модда 2-қисмини қўллайди-ку?” деб эътироз билдирсам, жавоб битта: “Оқлангунича ўтириб туради”.

“Ишимдан безиб кетдим, очиғи. Ташлаб кетай десам, кўзим қиймайди, яхши орзулар билан танлаганман шу касбни. Бунинг устига ҳали жуда ёшман”,
дея ҳасратини якунлади терговчи йигит.


Репост из: DUAYEN COUNSELLORS
🏹Реал воқеликдан сабоқлар
 
“Насиҳат кор қилмаса, кун келиб танангда хис қиласан”
 
Туманлардан бирида судья эдим. Бир иш юзасидан оқлов ҳукми чиқардим. Прокурорлар мендан хафа. Прокурор ўринбосари менга: “Қози, шу оқлов нотўғри бўлдида, бизникилар билан муроса қилсангиз бўларди”🤦‍♂️-деди.
 
🗓️Орадан икки ярим йил ўтди
 
Ўша прокурор дўстимиз лавозимда юқорилади, мен эса адвокатман. Унинг банк раҳбари лавозимида ишлайдиган укаси бор эди. Прокуратура банк камомади юзасидан укасини қамаб қўйган экан. Ўша прокурор прокуратурага қарши мен билан шартнома тузди.
Иш билан танишиб чиқиб, фикримни айтдим: “Укангизни ҳаракатида ЖКнинг 167-моддаси йўқ, банк мулкини емаган.
Аммо, прокуратура ҳам, биринчи инстанция ҳам, апелляция суди ҳам прокурорнинг укаси банк мулкини ўзлаштирган деган хулосага келишди. Шунда прокурор: “Нега сиз айтгандай бўлмади?”-деб сўради. Мен эса: “Шунчаки, судьялар сизникилар билан муроса қилишди”🤝- дедим
 
🗓️Орадан икки ярим ой ўтди

Олий суд менинг фикримга қўшилди 💪 ва прокурорнинг укасини озод килди.
 
🗓️Орадан яна икки ярим йил ўтди
 
Бир судда ўша прокурор дўстимиз билан тўғри келиб қолдик. Пора олишда айбланаётган шахсни жон куйдириб ҳимоя килишимни кўриб, “Нега чираняпсиз, ҳаммаси аниқ-ку...”-деди. Мен эса: “Укангизни ҳимоя қилганимда ҳам шундай чиранган эдим.”-деб қўя қолдим.
 
🗓️Орадан икки ярим ой ўтди

🌎Ижтимоий тармоқларда, ўша прокурорни пора билан ушлангани ҳақида хабарлар тарқалди
 
Хулоса: атроф тўла ҳикмат, фақат Сиз унга қалб кўзингиз билан боқинг. Боқишни хоҳламасангиз, танангизда ҳис қилишга мажбур бўласиз.



©️Адвокат Э.Тожибоев


Суд залида судланувчининг қўлкишани ечилиши керакми?

“Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўрисида”ги қонуннинг 48-моддаси 3-қисми мазмунига кўра, қамоққа олинганларни бошқа ерга кўчириш, қўриқлаб бориш ва қўриқлаб туришда — қамоқдан қочишнинг олдини олиш учун қўлкишанлар қўлланилиши мумкин.

Олий суднинг 2021 йил якуни бўйича берган баёнотида, судланувчиларнинг суд залида бўлишларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш мақсадида суд залларида мавжуд 182 та темир қафаслар замон ва хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб берадиган, инсонпарварлик тамойилларига мос ойнаванд қафасларга ўзгартирилганлиги, айни пайтда жами 336 та суд залларида ойнаванд қафаслар ўрнатилганлиги кўрсатилган.

Унча оғир бўлмаган жиноятни содир этганликда айбланаётган ҳимоямдаги У.А.га оид жиноят иши кўрилаётган ЖИБ Риштон туман судида ҳам худди шундай ойнаванд қафаслар мавжуд. 2024 йил 26 декабрь куни ўтказилган суд муҳокамасида У.А. ушбу ойнаванд қафасда сақланган бўлсада, ундан қўлкишаннинг ечилишига конвой ходимлари розилик бермадилар.

Ҳатто ходимлар суд мажлисига раислик қилувчининг қўлкишанларни ечиб қўйиш ҳақидаги талабларига ҳам бўйсунмадилар. 2025 йил 9 ва 16 январь кунги суд мажлисларида ҳам У.А.га нисбатан қўлкишан қўлланилиши давом этди.

Бизнингча, замон ва хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб берадиган ойнаванд қафасда қўриқлаб турилган судланувчига нисбатан уни қўриқлаб туриш учун қўшимча равишда қўлкишан қўлланилиши қонунчиликка ҳамда инсонпарварлик тамойилларига мувофиқ эмас (бу ҳолат - судланувчининг суд залида бўлган қариндошлари кўз олдида айниқса ўта ёқимсиздир).

Каналга уланиш
Advokat G’aniyev


Маҳкумлар учун 20 дақиқалик видео-учрашув

Жиноят-ижроия кодексининг 76-моддаси 8-қисмига кўра, маҳкумнинг илтимосига кўра узоқ ва қисқа муддатли учрашувлар масофали видео-учрашувларга алмаштирилиши мумкин.

Ушбу норма қонунчиликка 2020 йил 30 июнь куни киритилган (ЎРҚ 625).

Бугун жазони ижро этиш муассасаларидан бирида ОМҚ жазосини ўтаётган ҳимоямдаги А.А. билан учрашганимда, юқоридаги норма 2024 йил декабрь ойидан бошлаб амалга татбиқ этилаётганини, маҳкумлар қисқа муддатли учрашувга бўлган ҳуқуқларини масофали видео-учрашувга алмаштиришаётганини, ўзи ҳам 2025 йил январь ойида шундай қилганини маълум қилди.

Масофали видео-учрашув 20 дақиқадан иборат бўлиб, ҳимояланган алоқа каналлари орқали видеоконференция тизими воситасида амалга оширилмоқда ҳамда бу жараён пуллик ҳисобланиб, маҳкум номига очилган ҳисоб рақамдаги маблағ эвазига ташкил қилинмоқда экан (1 дақиқаси 3000 сўмдан).

Муқаддам: Парламент қуйи палатаси депутатлари томонидан 2024 йил декабрь ойидаги мажлисда озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг масофали видео-учрашувга бўлган ҳуқуқини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилгани ҳақида хабарлар тарқаган эди.

Каналга уланиш
Advokat G’aniyev


“Instagram”даги “Jasjan” 5 суткага қамалди

Интернет тармоғига жойланган ЖИБ Шайхонтоҳур туман судининг 2025 йил 13 январь кунги қарорига кўра (3-1003-2504/291), Ж.Шодиев ва С.Саидова 2025 йил 11 январь куни соат 12:00ларда “Hilton” меҳмонхонаси олдида, жамоат жойида бўла туришиб, ўзаро жанжал қилишганлиги, бир-бирларини ҳақорат қилишганлиги ҳақида видео лавҳа олишиб, шу ерда бўлган фуқароларнинг тинчлигини бузиб, майда безорилик ҳуқуқбузарлигини содир этишган.

Судда айбига иқрор бўлиб тушунтириш берган Ж.Шодиев ва С.Саидова, “Hilton” меҳмонхонаси олдида “салбий қиз ва салбий бола” ролини, бир-бирларини ҳақорат қилиб, ўзаро жанжаллашганлик ҳолатини видеога олишганини баён қилган.

Суд Ж.Шодиевга (“Jasjan”га) 5 сутка маъмурий қамоқ, С.Саидовага БҲМнинг 1 баравари миқдорида маъмурий жарима жазоси тайинланган.

Сюжетида шахсларнинг бир-бирларини ҳақорат қилганликлари ёки ўзаро жанжаллашганликлари каби воқеа-ҳодисалар мавжуд бўлган видео лавҳаларни тасвирга олиш учун рухсатнома олишни назарда тутувчи бирор норма бор ёки йўқлигига суд қарорида аниқлик киритилмаган.

Каналга уланиш
Advokat G’aniyev


Ерга оид жиноятлар бўйича янги Пленум қарорининг бир ижобий жиҳати ҳақида

2024 йил февраль-март ойларида Б.С.ни ЖКнинг 229-6(прим6)-моддаси 3-қисми “а” банди (Суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш ерларга жуда кўп миқдорда зарар етказишга сабаб бўлса) билан айблаш ҳақидаги жиноят ишида ҳимоячи сифатида қатнашган эдим.

Дастлабки тергов органи ерга етказилган нобудгарчилик ҳажмини ҳисоблашда деҳқон хўжалиги эгалигидаги 2 га ернинг тўлиқ майдонидан келиб чиқиб, 2 млрд. 315 млн. 328 минг сўм миқдорда моддий зарар етказилган деб, ҳимоямдаги Б.С.ни ЖКнинг 229-6(прим6)-моддаси 3-қисми “а” банди билан айблаган эди (8 йилдан 10 йилгача ОМҚ жазоси назарда тутилган).

Ўшанда интернет тармоғига жойланган бир нечта суд ҳукмларини ўргангач, ерга етказилган нобудгарчилик ҳажми деҳқон хўжалигига бириктирилган жами ер майдонидан эмас, балки суғориладиган ернинг қурилишлар амалга оширилган қисмидан келиб чиқиб ҳисобланишини важ қилиб, қайта ҳисоб-китоб ўтказиш хусусида илтимоснома киритган эдим.

1-инстанция суди илтимсономани қаноатлантиргач, моддий зарар суғориладиган ердаги қурилиш ости майдонидан келиб чиқиб қайта ҳисобланган ва моддий зарар миқдори 124 млн. 101 минг сўм эканлиги маълум бўлган (ушбу зарар судда тўланган).

Натижада, ҳимоямдаги Б.С.нинг қилмиши ЖКнинг 229-6(прим6)-моддаси 3-қисми “а” бандидан шу модданинг 2-қисми “а” бандига қайта малакаланиб, унга ОМҚ билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишига эришилган эди.

Ушбу ижобий амалиёт Олий суд Пленумининг янги, 2024 йил 16 декабрь кунги 36-сонли қарори 11-банди 6-хатбошисида қуйидаги тушунтириш шаклида акс эттирилибди:

“Зарарни ҳисоблашда ўзлаштирилган ҳудуддаги фойдаланишга яроқли ҳудуд чегирилиб, ҳақиқатдан ҳам нобудгарчиликка йўл қўйилган (қурилиш ости) ер майдонидан келиб чиқиш лозим.”

Каналга уланиш
Advokat G’aniyev

Показано 20 последних публикаций.