ТО ТИРИК ЭКАНСАН КИМДИР РАНЖИЙДИ, Кимдир кийиб олар тўнини чаппа.
Кимнидир билмасдан думин босасан,
Душманга айланар у ҳам албатта.
Бу худди кўчани ўтгандек кесиб,
Эътибор бермасдан қизил чироққа.
Кимнидир омадинг юборар эзиб,
Мардлигинг ҳам малол келар қўрқоққа.
Оғир кунларингда йўқ эди ҳамдам,
Ёлғиз ошагансан қайғу ошини.
Умринг давомида бир кун кулсанг ҳам,
Кимлардир чимириб турар қошини.
Очиғи, ўзимни қилмасман хафа,
Дилни шод этгани – май бор, газак бор.
Ё қишлоқ томонга қилурман сафар,
У ерда хотиржам мол бор, хашак бор.
У ерда жавобсиз қолган севгим бор,
У дарахт мисоли кўкка бўй чўзган.
Бечора муҳаббат дарахтини ҳам
Кимдир арралаган, япроғин узган.
Ё Ватан ҳақида куйладимми оз?
У билан боғладим умр йўлимни.
Шу ҳам ранжитади кимнидир бироз,
Жавобсиз қолдирар чўзган қўлимни.
Арази ёзилмас темурийларнинг,
Ота фарзандидан, ака укадан…
Суратин танийман қасоскор элнинг –
Отасин олдида тушмаган отдан,
Эй халқим, сен нодон ўғилми эдинг?
Ё ўғлин устига қўшин тортгувчи
Дунёга ҳирс қўйган отамисан сен?
Кўплашиб Туроннинг бошини единг!
Асрлар ўтса ҳам кетмаган бу хун
Боши бирикмаган элнинг қонидан.
Қўрқаман,
Қўрқаман,
Мен наҳот бир кун
Жой оламан Улуғбекнинг ёнидан!
То тирик экансан кимдир ранжийди,
Гўрингга ғишт қалаб туради кимдир.
Дардим тушунмаган отамми менинг?
Жонимга қасд қилган
Наҳот ўғлимдир?!Бек АЛИ2024 йил. Декабрь.
Telegram |
Facebook |
Instagram|
YouTube