⚖️SURXONDARYO IIB YURIST️


Гео и язык канала: Узбекистан, Узбекский
Категория: Право


Янги қонун ҳужжатлари, ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида тезкор маълумотлар тақдим этувчи канал

Связанные каналы

Гео и язык канала
Узбекистан, Узбекский
Категория
Право
Статистика
Фильтр публикаций


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахслар қўллаб-қувватланади

“Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш ҳамда хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-59-сон, 04.04.2024 й.) қабул қилинди

🔰Фармонга кўра, қуйидагилар ташкил этилади:

🔹 Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (Агентлик);

🔹Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасида 4 штат бирлигидан иборат бўлган Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўлими (Бўлим);

✅ Шунингдек, қуйидагилар киритилади:

🔸камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг ўринбосари – Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги директори лавозими;

🔸Ўзбекистоннинг Буюк Британия, БАА, Венгрия, Германия, Латвия, Польша ҳамда Япония давлатларидаги дипломатик ва консуллик муассасалари штат жадвалига қўшимча равишда 1 та штат бирлигидан иборат меҳнат миграцияси масалалари бўйича атташе лавозими.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадлари оширилади ва бандлиги таъминланади

“Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори (ПҚ-153-сон, 05.04.2024 й.) қабул қилинди

🔰Қарорга кўра, туман ҳокимликлари захирасидаги 60 минг гектар ер майдони электрон онлайн аукцион савдоларига қўйилиб, деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун ёшларга ижарага берилади ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан сотишгача бўлган занжирни қамраб олувчи қуйидаги янги тизим жорий этилади:

✅ 60 минг гектар ер майдонини ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдолари “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали “маҳалла еттилиги”нинг тавсияси билан шакллантириладиган рўйхатга киритилган ёшлар (талабгорлар) ўртасида ўтказилади.

🔘 Бунда:

🔹ер майдонларини ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдолари ғолибларига ер участкаси нархини 10 йил муддатга тенг улушларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади;

🔹закалат пули БҲМнинг 1 баравари (340 минг сўм) миқдорида белгиланади.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Айрим тадбиркорларга субсидия ажратилади

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини етиштирувчи, ишлаб чиқарувчи ва уларни экспорт қилувчи тадбиркорлар билан ўтказилган мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори (ПҚ-146-сон, 01.04.2024 й.) қабул қилинди

🔰 Унга кўра, Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш комплекс дастури доирасида 2024 йилда юқори даромадли ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, саралаш, қуритиш, қайта ишлаш ҳамда уларни экспорт қилиш билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан жами 1,5 триллион сўмгача бўлган миқдорда кредит ресурслари йўналтирилади.

✔️ Маҳаллий маҳсулотлар стендларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ихтисослашган нуфузли халқаро кўргазма ва ярмаркаларда жозибадор локацияларда жойлаштириш учун ариза киритиш ва Савдога кўмаклашиш жамғармасига амалда ажратилган маблағлар ҳисобидан олдиндан 100 фоиз тўлаб бериш тартиби жорий қилинади.

⚠️ Бунда, кўргазма ва ярмарка тадбирларида иштирок этиш харажатлари учун тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингидаги тоифасига мутаносиб равишда, жумладан “ААА” бўлганда 100 фоиз, “АА” – 95 фоиз, “А” – 90 фоиз, “ВВВ” – 85 фоиз, “ВВ” – 75 фоиз ҳамда “В” – 65 фоиз миқдорида субсидиялар ажратилади.

🗓 2024 йил 1 апрелдан:

🔹мева-сабзавот маҳсулотлари бўйича бир экспорт шартномаси доирасида келиб тушмаган валюта суммаси экспортга юкланган жами маҳсулот нархининг 10 фоизидан ошмаган тақдирда муддати ўтган дебитор қарздорлик ҳисобланмайди ва тадбиркорлик субъектига нисбатан жарима қўлланмайди;

🔹2026 йил 1 январгача маҳаллаларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғиб, фақат маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга сотиш билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида рўйхатдан ўтказишга рухсат берилади.

📁 Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари тегишли давлатда маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш ва реализация қилишда савдо агентлари фаолиятини йўлга қўяди.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Аҳолининг бизнес ташаббусларини молиялаштириш такомиллаштирилади

"Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини молиялаштиришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарори (ПҚ-149-сон, 02.04.2024 й.) қабул қилинди

🔰 Қарорга кўра, 2024 йил 1 апрелдан 2024 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахсларга (асосий иш жойига эга шахслар бундан мустасно) қуйидагича ажратилади:

🔹33 миллион сўмгача, бир йилдан сўнг ушбу қарз олувчининг тадбиркорлик фаолияти самарадорлиги, қарзнинг мақсадли ишлатилганлиги ҳамда заруратга қараб гуруҳ кафиллиги (камида 3 нафар фуқаро) билан қўшимча 50 млн сўмгача револьвер асосида;

🔹ушбу кредитлардан томорқани ривожлантиришнинг бир нечта йўналишларида (паррандачилик, қуёнчилик, чорвачилик, асаларичилик, балиқчилик ва ихчам иссиқхона) фойдаланиши учун;

🔹ер майдони 10 сотихдан ортиқ бўлган томорқа ер эгаларига ва ижарачиларга 50 млн сўмгача гаровсиз;

🔹10 сотихли ихчам иссиқхоналарни барпо этиш ва балиқчилик фаолиятини ташкил этиш учун 100 млн сўмгача гаровсиз.

✔️ Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ваколатли банклар билан биргаликда 2024 йил 1 июлдан маҳаллаларда дастурлар доирасида ажратилган кредитлардан мақсадли фойдаланилиши мониторингини ва уларнинг самарадорлигини баҳолаш механизмини жорий этади.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатилади

Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-923-сон, 02.04.2024 й.) билан Солиқ кодексига қўшимчалар киритилди

🔰Унга кўра:

▶️“Ҳамкорлик шартномалари”га асосан “20 минг тадбиркор –500 минг малакали мутахассис” дастурига киритилган тадбиркорларга (бундан Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари мустасно) айрим солиқларни ҳамда айланмадан олинадиган солиқни ушбу тадбиркорлар яратган янги иш ўринлари сонига қараб қуйидаги муддатларда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади:

🔹51 тадан 100 тагача янги иш ўрни яратилганда – 3 ойгача;

🔹101 тадан 200 тагача янги иш ўрни яратилганда – 6 ойгача;

🔹200 тадан ортиқ янги иш ўрни яратилганда –12 ойгача.

✅ Шунингдек, “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурига киритилган тадбиркорлик субъектлари юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини 2025 йил 1 январгача қуйидаги миқдорда пасайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди:

🔸51 тадан 100 тагача янги иш ўрни яратилганда – белгиланган солиқ ставкасининг 50 фоизи;

🔸101 дан 200 тагача янги иш ўрни яратилганда – белгиланган солиқ ставкасининг 75 фоизи;

🔸200 дан ортиқ янги иш ўрни яратилганда – ушбу солиқларни тўлашдан озод этилади.

📌Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси янада кучайтирилади

Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-922-сон, 18.03.2024 й.) билан айрим қонун ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди

🔰 “Ижара тўғрисида”ги Қонунга ижарачининг ногирон бўлиб қолганлиги ижара шартномасини тугатиш учун асос бўлишини бекор қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди.

☑️ “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, пенсионерга ҳисобланган, лекин унинг томонидан талаб қилиб олинмаган пенсия суммасини тўлаш муддати 12 ойдан 24 ойгача узайтирилди.

🌐 Шунингдек фуқароларга пенсия тайинлаш учун давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди.

✅ Бундан ташқари, Қонунда пенсиянинг энг кам миқдори энг кам истеъмол харажатлари даражасидан оз бўлмаслигини белгилаш, пенсиялар миқдорларини йил давомида товарлар ва хизматларнинг истеъмол нархлари индекси даражасининг ўсиш суръатларини инобатга олган ҳолда ошириб бориш тартиби аниқлаштирилди.

📄 Шу билан бирга “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунга фуқарода давлат пенсия таъминоти ҳуқуқи юзага келганлиги тўғрисида Пенсия жамғармаси томонидан Халқ банкига ахборот тизими орқали электрон шаклда юбориладиган маълумотлар фуқаронинг пенсия тўловларини олиши учун асос бўлишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Айрим тоифадаги жиноий қилмишлар учун жавобгарлик либераллаштирилди

Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-921-сон, 15.03.2024 й.) билан айрим кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди

🔰Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришга кўра:

🔘Учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, қуйидагича жазоланади:

➖БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача (8 млн 500 минг сўмдан 17 млн сўмгача) миқдорда жарима;
➖3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
➖3 йилгача озодликни чеклаш;
➖3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

✅ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қуйидаги қўшимчалар киритилди:

🔘Учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш, учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини мусодара қилиб, БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача (3 млн 400 минг сўмдан 6 млн 800 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

📝 Мазкур ҳаракатларни содир этган шахс, агар у учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини ўз ихтиёри билан топширса, маъмурий жавобгарликдан озод қилинади.

Илгари бу норма мавжуд эмас эди.

⚠️ Бунда, учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш учун аввал маъмурий кейин жиноят жавобгарлик белгиланди.

❗️Аввал тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик белгиланган эди.

📌Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Тадбиркорларга рақамли технологиялар соҳасида хизматлар кўрсатиш учун қулай шарт-шароит яратилади

“Тадбиркорлик субъектларига халқаро платформалар орқали рақамли технологиялар соҳасида хизматлар кўрсатиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори (ПҚ-129-сон, 15.03.2024 й.) қабул қилинди

🔰Қарорга кўра, ҳуқуқий эксперимент тариқасида рақамлаштириш соҳасида хизматлар кўрсатиш бўйича экспорт шартномавий ҳужжатларни халқаро платформаларда расмийлаштиришга рухсат берилади.

🗓 2024 йил 1 апрелдан ҳуқуқий эксперимент доирасида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT-парк) резидентлари томонидан рақамлаштириш соҳасидаги хизматлар (улар амалга ошириши рухсат этилган фаолият турлари рўйхатига мувофиқ) экспорти бўйича халқаро платформаларда электрон шаклда расмийлаштирилган қиймати 100 минг АҚШ долларигача (ёки ушбу эквивалентга тенг миқдоргача) бўлган шартномалар (келишув, ҳисобварақ-фактура, инвойс) электрон ҳужжат сифатида тан олинади ҳамда уларнинг қоғоз шаклидаги нусхаси талаб этилмайди.

☑️ Рақамлаштириш соҳасидаги хизматлар экспорти бўйича шартномаларни расмийлаштириш рухсат этиладиган халқаро платформалар рўйхати Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан тасдиқланади.

📜 Ҳуқуқий эксперимент доирасида IT-парк резидентлари учун ЯИДХП орқали Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига ташқи савдо битимлари бўйича тегишли маълумотларни киритиб бориш мажбурий ҳисобланади.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Жиноятчиликка қарши курашиш бўйича фаолиятнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилади

Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-920-сон, 13.03.2024 й.) билан айрим норматив ҳуқуқий ҳужжатларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди

🔰 “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонунга киритилган қўшимчага кўра, тезкор-қидирув тадбирлари ахборот-коммуникация технологиялари қўлланилган ҳолда, шу жумладан кибермаконда ва унинг имкониятларидан фойдаланилган ҳолда ўтказилиши мумкин бўлди.

📋 “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги Қонунга киритилган қўшимчага кўра, махсус қабулхоналардаги тезкор-қидирув фаолияти жиноятларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга барҳам бериш ва уларни фош этиш, шунингдек жиноятларга тайёргарлик кўришга ва уларни содир этишга дахлдор бўлган шахсларни аниқлаш, топиш ҳамда қидириш мақсадида, қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

📁 Шу билан бирга “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонунга жиноятларнинг ҳолатларини аниқлаш, жиноятларни содир этган шахсларни аниқлаш ва қидириш, шунингдек жазони ўташдан бўйин товлаётган ёки бедарак йўқолган шахсларни қидириш мақсадида оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан бепул фойдаланишга доир ички ишлар органларининг ҳуқуқларини аниқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш киритилди.

📌Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизими такомиллаштирилади

"Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Фармони (ПФ-49-сон 13.03.2024 й.) қабул қилинди

🔰Унга мувофиқ, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (КРI), уларга эришиш бўйича “йўл хариталари” ҳамда улар томонидан ҳудудларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури Ҳукумат томонидан тасдиқланади.

☑️ Самарадорлик кўрсаткичларига ўз вақтида ва сифатли эришилишини таъминлаш ва уларнинг бажарилишини мониторинг қилиш тизимини рақамлаштириш мақсадида:

🔹самарадорлик кўрсаткичлари бажарилиши тўғрисидаги маълумот ҳар чоракда “samaradorlik.uz” электрон платформасига киритилади ҳамда унда раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятининг самарадорлиги рейтинги шаклланади;

🔹ҳар бир самарадорлик кўрсаткичига белгиланадиган салмоқ ўлчови йиғиндисидан келиб чиқиб, самарадорлик кўрсаткичлари улар бажарилиши 70 фоиздан кам бўлганда – “қониқарсиз”, 70 фоиздан 85 фоизгача – “қониқарли”, 85 фоиздан 100 фоизгача – “яхши” ҳамда 100 фоиз ва ундан юқори бўлганда “аъло” деб баҳоланади.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Ёнғинлар профилактикаси самарадорлиги янада оширилади

Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-919-сон, 13.03.2024 й.) билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди

✅ Унга кўра, ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш, агар ёнғин чиқишига олиб келган бўлса, қуйидаги миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди:

➖фуқароларга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3 млн 400 минг сўмдан 5 млн 100 минг сўмгача);

➖мансабдор шахсларга БҲМнинг 20 бараваридан 25 бараваригача (6 млн 800 минг сўмдан 8 млн 500 минг сўмдан).

📋Шунингдек, шахснинг эҳтиётсизлиги ёки ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлиги туфайли уй-жой фондида одамларнинг соғлиғига зарар етиши ёхуд ўзганинг мол-мулки шикастланиши ёки унинг йўқ қилиниши билан боғлиқ бўлмаган тарзда ёнғин содир бўлганда мазкур шахс ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликдан озод қилинади.

📌Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Иш ҳақини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Конвенция ратификация қилинди

Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-918-сон, 12.03.2024 й.) билан Халқаро меҳнат ташкилотининг Конвенцияси ратификация қилинди

✅ Унга кўра, Халқаро меҳнат ташкилотининг Иш ҳақини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 95-сонли Конвенцияси (Женева, 1949 йил, 1 июль) ратификация қилинди.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Экспортбоп ва сердаромад экинлар экиш учун 54 та туманда ўқув-тажриба майдонлари ташкил этилади

“Аҳоли хонадонларида саноат усулида маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда томорқа ва деҳқон хўжаликларида янги захираларни ишга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарори (ПҚ-115-сон, 05.03.2024 й.) қабул қилинди

🔰Қарорга кўра:

🔹туманлар экспортбоп ва сердаромад экинлар экишга, шунингдек, кичик ишлаб чиқариш ва маҳсулот етиштиришга ихтисослаштирилади;

🔹2024 йилда экспортбоп ва сердаромад экинлар экиш ва аҳолининг мазкур соҳада билим ва кўникмаларини ошириш учун 54 та туманда намунавий ўқув-тажриба майдонлари ташкил этилади;

🔹2024 йилда мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 51 та туманда мева-сабзавотларни шок усулида музлатишни йўлга қўйиш бўйича янги лойиҳалар амалга оширилади;

🔹ишлаб чиқаришга оид лойиҳалар билан бир қаторда маҳсулот етиштириш билан боғлиқ лойиҳаларга, 100 миллион сўмгача гаровсиз кредитлар ажратилади;

🔹қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш бундан мустасно, музлатгичли омборхона, тайёр ҳолда иссиқхона, қадоқлаш, қуритиш ва қайта ишлаш цехлари аҳолига 12 ойга бўлиб тўлаш шарти билан лизингга берилади;

🔹ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига хонадонларда биогумус тайёрлаш фаолияти киритилади.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️БМТ принциплари миллий статистика тизимига жорий этилади

“Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори (ПҚ-114-сон, 04.03.2024 й.) қабул қилинди

🔰 Қарорга кўра, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг расмий статистика сифатини таъминлаш бўйича базавий принциплари миллий статистика тизимига жорий этилишини таъминлаш мақсадида 2024 йил якунига қадар:

🔹расмий статистикани тайёрловчилар томонидан тарқатиладиган статистика маълумотлари Статистика маълумотларини ишлаб чиқишнинг намунавий модели (GSBPM) асосида шакллантирилади;

🔹 БМТ томонидан тавсия этилган сифатни бошқариш бўйича қўлланмаларни тўлиқ жорий этиш доирасида зарур ташкилий чоралар кўрилади.

🔘Бунда:

➖расмий статистикани тайёрловчиларнинг ҳар бирида расмий статистикада сифат ва тарқатиш сиёсатлари ишлаб чиқилади;

➖БМТ томонидан маъқулланган қўлланма (NQAF) асосида Миллий сифатни бошқариш қўлланмаси ишлаб чиқилади;

➖миллий статистика тизимини глобал баҳолашдан ўтказиш ташкил этилади ва натижалари эълон қилинади.

🗓 2025 йил 1 январдан статистика кузатувларини амалга ошириш жараёнига консалтинг компаниялари, олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари жалб этилади.

🗂 2024 йил якунига қадар “Статистика” интеграллашган ахборот тизими ва “Электрон ҳукумат” тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформаси ўртасида электрон маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилади.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Суғурта полисларини қоғоз шаклида расмийлаштириш амалиёти бекор қилинади

“Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори (ПҚ-108-сон, 01.03.2024 й.) қабул қилинди

🔰Қарорга кўра, 2024 йил 1 сентябрдан:

🔹суғуртанинг барча турлари бўйича суғурта (қайта суғурта) шартномаларини ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали рўйхатдан ўтказиш ва суғурта полисларини ушбу тизим орқали расмийлаштириш мажбурий ҳисобланади;

🔹барча суғурта турлари бўйича суғурта полисларини фақат қоғоз шаклда расмийлаштириш амалиёти бекор қилинади;

🔹суғурта полисларини ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали расмийлаштирмаслик уларни ҳақиқий эмас деб топишга асос бўлади ҳамда суғурталовчи томонидан лицензия талаблари ва шартларини бир марта қўпол равишда бузиш ҳисобланади;

🔹Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги суғурталовчилар томонидан кўрсатиладиган суғурта хизматлари сифати бўйича суғурталовчилар рейтингини юритади ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.

🏢Қуйидагиларга шартномаларнинг ўз вақтида расмийлаштирилишини таъминлаш мажбурияти юклатилади:

➖Cолиқ қўмитаси ва Транспорт вазирлигига иш берувчининг ва ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаларини;

➖Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясига хавфли ишлаб чиқариш объектида авария юз берган тақдирда бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига ҳамда атроф-муҳитга зарар етказганлик учун фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаларини;

➖Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига объектларни давлат маблағлари ва ҳукумат кафолати остидаги кредитлар ҳисобига барпо этишда қурилиш таваккалчиликларини мажбурий суғурта қилиш шартномаларини.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ-917-сон, 29.02.2024 й.) қабул қилинди

🔰 Қонунга кўра, бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) мансабдор шахс бўлиб, у давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга оширади.

📜 Вакил ўз ваколатларини мустақил равишда ҳамда давлат органларига ва уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда амалга оширади ҳамда ўз фаолиятида Олий Мажлис палаталарига ҳисобдордир.

🗓 Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан 5 йил муддатга сайланади.

✅ Қонун билан, бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгилаб қўйилди, жумладан:

🔹мансабдор шахсларга бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишига йўл қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантиришлар юбориш;

🔹давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарларига бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилик бузилишлари, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

🔹ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигида бола ҳуқуқлари бузилганлиги аниқланган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли органларга илтимосномалар киритиш ҳуқуқига эга.

🏢 Вакил ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай Олий Мажлис палаталарига бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиш ҳолати ҳақида маъруза тақдим этади.

▶️ Вакил болага нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича чоралар кўради.

🌐 Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўзининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги вакилини тайинлайди.

📌Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-916-сон, 29.02.2024 й.) билан айрим қонун ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди

🔰Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартириш ва қўшимчага кўра, дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесишга, кундаков қилишга, шикастлантиришга ёки йўқ қилишга олиб келадиган лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиққанлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.

✔️ Шунингдек, дарахтларни қонунга хилоф равишда кесганлик, кундаков қилганлик ёки шикастлантирганлик учун маъмурий жазо чоралари кучайтирилиб, бир-бирини такрорловчи нормалар чиқариб ташланди.

✅ Бундан ташқари, "Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги Қонунида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини қонунга хилоф равишда кесган ёки йўқ қилган шахсларнинг қонунга хилоф равишда кесилган дарахт ва бута ўрнига компенсациявий дарахт ва бута кўчатларини айнан дарахт ва бута кесилган жойга экиш ҳамда уларни 3 йил давомида парвариш қилиш мажбурияти белгиланди.

📝 Шунингдек, дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини қонунга хилоф равишда кесганлик ёки йўқ қилганлик учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкциялар қўлланилиши белгиланди.

📌Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги давлат бошқаруви янада такомиллаштирилади

“Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги давлат бошқарувини янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-41-сон, 27.02.2024 й.) қабул қилинди

🔰 Унга кўра, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилди.

✔️ Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасини рақамлаштириш орқали самарадорлик ва натижадорликка эришиш, тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган давлат хизматлари турларини кенгайтириш, шаффоф ва коррупциядан холи самарали тизимни жорий этиш Агентлик фаолиятининг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди.

🗓 2024 йил 1 октябрдан ишлаб чиқарилган ва четдан олиб кириладиган хавфлилик даражаси юқори бўлган маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби жорий этилади.

❕Бунда, республика ҳудудига олиб кирилаётган маҳсулотлар давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома божхона ҳудудига келишидан аввал “Ягона дарча” божхона ахборот тизимига ва Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига импорт қилувчи томонидан жойлаштирилиши шарт.

📝 2024 йил 1 сентябрдан Инспекциянинг давлат инспекторларига тезкор назорат тадбирларини Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан олдиндан келишмасдан, ўтказилган текширув ҳақида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали текширув бошланган пайтдан бошлаб 24 соат ичида Вакилни мажбурий равишда хабардор қилган ҳолда амалга ошириш ваколати тақдим этилади.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️“Ўзбекистон – Туркманистон” эркин савдо зонаси ташкил қилинади

“Ўзбекистон – Туркманистон” эркин савдо зонасини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент Қарори (ПҚ-90-сон, 28.02.2024 й.) қабул қилинди

🔰Қарорга кўра, Хоразм вилояти Шовот туманида товарларни сақлаш, саралаш, сотиш, транспорт ва бошқа замонавий хизматлар инфратузилмасини ташкил этиш учун “Ўзбекистон – Туркманистон” эркин савдо зонаси ташкил қилинади.

🔘 Савдо зонасида:

🔹замонавий технологиялар асосида маҳсулотларни қабул қилиш, сақлаш ва саралаш хизматлари кўрсатилади;

🔹“ягона дарча” ва интерактив механизмлар асосида божхона, солиқ, сертификатлаш, фитосанитария, ветеринария, транспорт хизматлари, мавжуд инфратузилма ва имкониятларни ўрганган ҳолда, банк ва валюта айирбошлаш, мобил алоқа ҳамда мижозлар учун тиббий, меҳмонхона, автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва бошқа хизматлар йўлга қўйилади;

🔹фақат Ўзбекистон ва Туркманистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар савдоси ташкил қилинади;

🔹чакана савдо операцияларини амалга ошириш ҳуқуқи берилган “эркин божхона зонаси” божхона режими амал қилади;

🔹Ўзбекистон ҳудудида бўлган хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳаракатланиш ҳужжатлари асосида алоҳида назорат ўтказиш пункти орқали ўтади ва уларнинг ортга қайтишига фақат кирган назорат ўтказиш пункти орқали рухсат этилади;

🔹шахслар, транспорт воситалари ва юклар эркин ҳаракатланади.

🌐 Савдо зонасидаги бино ва иншоотлар тадбиркорларга электрон онлайн аукцион савдолари асосида ижарага беради.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-915-сон, 27.02.2024 й.) билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди

🔰Қонун билан давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга бундай ёрдам кўрсатиш учун жиноят, фуқаролик ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича ҳамда қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда адвокатнинг иштирок этишини таъминлаш тартибини белгилашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

✔️ Жумладан:

🔹Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган қўшимчага кўра:

🔍 Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқаётган ваколатли мансабдор шахс ёки суд маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахснинг илтимосига кўра, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатнинг ишда иштирок этишини таъминлаш чораларини кўриши шарт.

⏰ Бунда адвокатнинг ишда иштирок этиши тасдиқланган пайтдан эътиборан унга ишга киришиш учун камида 4 соат вақт берилиши керак.

🔹Фуқаролик процессуал кодексига киритилган қўшимчага кўра, суд даъвогарнинг ёки жавобгарнинг илтимосига кўра, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатнинг иштирок этишини таъминлаш чораларини кўриши шарт.

📌Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Показано 20 последних публикаций.