Яхшимисан? Сўрайди ҳамма,
Шу саволдан ҳар кун тамомман.
Нолимайман, аҳволим яхши,
Лекин ўзим жуда ёмонман.
Овозини қўйиб борича,
Мазза қилиб йиғлар болакай.
Менинг эса кўз ёшларимдан
Бахт қулагай, бардош қулагай.
Қизил томлар, ғалат одамлар,
Етим гўдак кўнглидек чўкдим.
Куз келмасдан бир савол билан
Дарахтларнинг сочини тўкдим.
Яхшимисан? Сўрар Сирдарё
Тошкентга сир бермас қизидан.
Мен яхшиман, хавотир олманг,
Худойимнинг асрандисидан.
@reallik_sari