Хуллас, Моҳиранинг дилида ҳислар икки томон ажралиб бир-бирлари билан баҳслашишади.
Энди бироз Мансурдан совишган, тақдирига кўниккан. Лекин айрилиққа кўниколмасидан топилган бу одамга ўрганиши жуда қийин бўлаётганди. Гули боғдаги шафтолиларни териб, мураббо қилаётганди.
-Ёз пайтида қишлик ғамлаб қўйиш керак-да.
Моҳира ўғлининг ёнига чиқди. Бугун Расулдан ўғлини боғчага қўйишни илтимос қилмоқчийди. Иложи бўлса ўзиям бирон жойга ҳамшираликка кирса.Аммо бунга Расул рухсат берадими, йўқми ҳали.
Моҳира чиройли кийимларини кийиб, ясан-тусан қилиб, Расул келадиган пайт ҳовлида кутиб ўтирарди. Кўчадан машина сигнали эшитилди. Одатдагидай Гули опа ошхонада куймаланаётганди. Дарвозани ўзи бориб очди.
-Яхши келдингизми, чарчамадизми?
-Раҳмат, ўзларингиз зерикмай ўтирибсизларми?
Бу одатдаги сўрашув эди. Моҳирагаям шу керак эди.
-Зерикдим, ростданам. Муроджонам бугун кун бўйи морожнийга борайлик деб ҳалак қилди.
-Опчиқиб, оберсанг бўлмайдими?
-Сиздан сўрамай кўчага чиқишга кўнглим бўлмади.
Расул унга ялт этиб қаради,"Мана, ақлли хотин қанақа бўлади"деган фикр хаёлидан ўтди.
-Эртага шанба, Паркка обораман. Чархпалакка чиқамиз, кўлда қайиқда сузамиз. Яхши эслатдинг, бизниям дам олишга ҳақимиз бор-ку.
Расулни осонгина айтганига кўндирганидан хурсанд бўлган Моҳира аста-секин ҳужумга ўта бошлади.
-Расулжон ака, Муроджонни боғчага қўйсак яхши бўлармиди, боғчада яхши нарсаларни ўргатади-да.
-Болани боғчага қўйсангиз, ўзингиз зерикиб қоласиз-ку.
-Менам ҳамшираликка кирсам...
-Кейин мен сизни боқяпман ҳам дегин, шундайми? Ҳамшира бўлсанг, мени давола. Менга эътибор бер. Иш деганни жиним суймайди. Расул юқори чиқиб кетди.
"Кайфиятини бузиб қўйдим. Энди эртагаям паркни тушингда кўрасан, Моҳи" деб боласига расмли китобча кўрсатиб ўтирганди, Тепадан кийимларини алмаштириб, Расул тушиб келди.
-Овқатланамизми
-Сизни кутиб турибмиз.
Ошхонада овқатланишаркан, Расул келишув оҳангида деди,
-Сенинг ўрнингда бўлишни, биласанми, қанча гўзаллар ҳоҳлашади. Иш деганни йиғиштириб қўй. Телевизор кўр. Кабинетда китоб кўп, ўқи, болангнинг тарбиясига қара. Битта аёлни боқиб ололмасам, эркак бўлиб нима қилиб юрибман?
-Хўп, бир айтдим-қўйдим-да.
Овқатланиб бўлишди. Комил келгани сабабли, Расул кабинетга кирди."Нега бу одам ҳар кун келаверади, Гули опа чой ҳам оборади уларга, дастурхон тузайди"
Моҳира Расул ишдан келмасидан аввал ўғлини овқатлантириб, ўз хонасига, ўйинчоқлари олдига қўйганди. Унинг кабинетга ўтганидан фойдаланиб,ўғлининг ёнига борди.
Расулнинг кабинети билан Муроджоннинг хонаси ёндош бўлгач, очиқ эшикдан уларнинг гаплари эшитилиб турарди.
-Ишчиларнинг маоши бешинчида берилади. Йигирма кун давомида пулни айлантириб, йигирма бешинчи числога ташкилотларга ўтказдик. Йигирма кунда олинган фойда, бир миллион бўлди.
Бу гапларни эшитганидан қўрқиб кетди. Расул тинглаганимни сезмадимикин? Сезганида чиққан бўларди.
-Етти минг долларни арзон нархда олиб, валютчикларга бердик. Бунинг фойдаси, ярим миллиард бўлади деярли.
"Мана, Расулнинг бизнеси нимада экан? Давлат Америка валютасини пул муомаласидан олиб ташлаган. Қора бозорда чет эл валютасининг нархи бирдан беш баравар ошганди. Чет эл валютаси билан савдо қиладиган устомонлар пайдо бўлганди. Давлат нархи 17,6 манат бўлган бир доллар қора бозорда 85 манатдан сотилаётганди. Энди фойдани ҳисоблаб, Моҳиранинг кўзлари думалоқлашиб кетди. Албатта, бунинг ҳаммаси Расулнинг томоғидан ўтмайди. Ўзидан баландда турганларгаям беради, бу ишни амалга ошираётганларгаям бир-икки томчи тотиради. Қолгани эса, Расулнинг бизнеси.
Моҳира бу нарсаларга қизиқиб қолди.
"Нега ҳар оқшом Комил ошнаси Расулнинг уйига танда қўйган" деб ўйларди. Гап буёқда экан. Комил Расулнинг бўлимида ишлар, ишхонада ҳар қадамда камералар тургани учун бунақа гапларни гаплашиш имкони бўлмасди.
Расул Комилни ўзи бир амаллаб банкка жойлаштирган, ишхонада ўз одами бўлиши кераклиги учун. Яна битта Акмал дегани бор. У ҳар ҳафтада бир келади. Дўстлари келиши керак куни Расулни танк билан ҳам кўчага тортиб чиқариб бўлмайди.
📌
https://t.me/Ranoumidbaxsh❗
https://youtube.com/@rano_umidbaxsh-ijodi?si=zjwDQJqQ4BmYO31e