ЯЛДО КЕЧАСИБир қўшиқ урилар деразаларга
Ойналар зириллаб кетади нохос,
Оҳанг айланади зилзилаларга
Эшикни бузгудай солади уввос.
Илкис бош кўтарар аёл тўшакдан
Ёнига қарайди: гўдак ухлар тинч
Сирғалиб киради аста эшикдан
Қўшиқ қиёфали маккора соғинч.
Оҳанг чирпанади, бўзлайди симлар
Фалак тўлғоқ тутиб, икки айрилар,
Қирқ кокилни қўмсаб, титрар тақимлар
Ўсмани соғиниб, қошлар қайрилар.
Ожиз милтиллайди печканинг ўти
Аёл жунжикади, титрар нозик тан,
Уйқусин бузганди сеҳрли қути:
Ногоҳ ишлаб кетган “зангори экран”.
Оҳангдай чўзилар шафқатсиз кеча
Тугамас ҳижроннинг зилдай эртаги,
Энтикиб ётади аёл тонггача:
Эртага... келади...
Эртага!
Абдунаби Ҳамро
OLOTLIKLAR KANALIGA QO'SHILING
🌐 @Olot24_7