РЎЗА ҲАҚИДА САВОЛ ЖАВОБ
Савол: Ғусл вожиб бўлган киши бурнига сув олганда сув ичкарига кетиб қолса, рўза очиладими?
Жавоб: Ғусл буруннинг юмшоғигача сув етказиш фарз, қаттақ жойига сув етказиш эса суннат. Рўзадор рўзалигини билатуриб оғзига ёки бурнига сув олсаю, сув ичкарига кетиб қолса, рўзаси очилади, қазо лозим бўлади. Агар рўзадорлиги эсида бўлмаса, рўзаси очилмайди.
Савол: Сигарет, нос чекиш билан рўза очиладими?
Жавоб: Сигарет чекиш, тамаки ва носга ўхшаш воситаларни истеъмол қилиш билан рўза очилади.
Савол: Рўзадор одам тиш пастиси билан тишини тозаласа бўладими?
Жавоб: Рўзадор ҳолатда тиш пастасини ишлатиш макруҳ. Лекин томоғидан ичкарига ўтиб кетмаса, рўза очилмайди.
Бирор нарсани оғзига олиб, татиб кўриш макруҳ, лекин бунда рўза очилмайди (лекин татиб кўрган нарсасини ютиб юборса рўза очилади).
Савол: Укол (инъекЦия) қилиш билан рўза бўзиладими?
Жавоб: Уламолар мушаклар орасига, ёнбошга укол қилиш билан рўза бузилмаслигига иттифоқ қилишган. Тери орасидан ичкарига ёғ каби нарсаларнинг кириши рўзани очмайди.
Одатий йўллардан бошқа жойлар орқали терининг орасига нарса кириши, масалан, илон чақиб олиши (томирдан чақса ҳам), совуқ сувда ғусл қилиш натижасида бадан орасидан ичкарига сув ўтиши рўзани очмаслигига барча уламолар иттифоқ қилишган.
Савол: Ғарғара қилиш билан рўза очиладими?
Жавоб: Рўзадор кишининг ғарғара қилиши макруҳ. Ичкарига сув кетиб қолса, рўза очилади.
Савол: Ғийбат қилса, ёлғон гапирса рўза очилади деб ўйлаган киши ғийбат қилиб қўйиб, қасддан таом еса каффорат лозим бўладими?
Жавоб: Шундай деб ўйлаб, қастдан еб-ичиб юборса, қазо ҳам, каффорат ҳам вожиб бўлади.
Савол: Қўли билан шаҳватини қондирса, рўза очиладими?
Жавоб: Бу иш ҳар ҳолатда ҳам гуноҳ ҳисобланади. Қўли билан шаҳватини қондирса, маънан яқинлиқ ҳолати топилиб, суратан топилмагани учун рўза очилади ва қазо лозим бўлиб, каффорат вожиб бўлмайди.
Савол: Суриладиган дори (мазь) ва шу каби воситаларни баданга суртса рўза очиладими?
Жавоб: Рўза очилмайди. Терининг орасидан ёғ каби нарсаларнинг ичкарига кириши рўзани очмайди.
Савол: Рўзадор одам шўр сувда оғзини чайса бўладими?
Жавоб: Сув чучук бўлсин, шўр бўлсин, рўзадор таҳорат олса ҳам, оғзини чайса ҳам бўлади.
Савол: Рўзадор одам иситмалаб қолса, укол қилиш натижасида рўзаси очиладими?
Жавоб: Ҳар дори (таблетка) қабул қилиш билан рўза очилади, ёнбошга ёки мушакка укол қилинса очилмайди. Рўзани очувчи нарсалар одатий йўллардан кирадиган нарсалардир (одатий йўллар оғиз, бурун, қулоқ ва олд-орқа жинсий аъзолардир. Бундан бошқа жойдан кирган нарсалар рўзани очмайди).
Савол: Жароҳатларга дори қўйиш билан рўза очиладими?
Жавоб: Фуқаҳолар икки турдаги жароҳатга дори қўйилса, рўза очилади деб иттифоқ қилишган:
А) Бошнинг миягача етиб борадиган чуқур жароҳат;
Б) Ошқозонга етиб борадиган жароҳат;
Бу икки жароҳат мия билан ошқозонга бевосита нарса етиб боришига олиб борувчи жароҳатдир. Ошқозон ва мияга етиб борадиган чуқур жароҳатга қўйилган дори у жойга етиб борса, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг наздида рўза очилади. Булардан бошқа жароҳатлар, қандай ҳолатда бўлишидан қатъи назар, рўзани очмайди, -чунки бу жароҳатларга қўйилган дорилар тўғридан-тўғри ошқозон ва мияга етиб бормайди. Агар болдирнинг ичига дори етиб борса, шак-шубҳасиз рўза очилмайди. Чунки у ичкари аъзо ҳисобланмайди.
Савол: Рўзадорнинг кўзига дори қўйилса, рўзаси очиладими?
Жавоб: Ҳанафий масҳабига кўра рўза очилмайди. Лекин бошқа мазҳаб соҳиблари “рўза очилади” дейишади. Тиббиёт соҳасининг мутахассислари ҳам кўз орқали бурун, оғиз каби йўл борлигини таъкидлашади. Шунинг учун рўзадор ҳолатда кўзига дори томизадиганлар буни саҳарликдан олдинга ва ифторликдан кейинга кечиктирганлари афзал.
Савол: Эркак кишининг олд жинсий аъзосининг ичидан таҳлил (анализ) олинса ёки дори юборилса, рўзаси очиладими?
Жавоб: Очилмайди. Эркак кишининг олд жинсий аъзосининг ичига нарса томизилса, Абу Ҳанифа ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимолар наздида рўза очилмайди.
NAMOZ VAQTLARI KANALI 👇🏽
https://t.me/+RTXeCLAxz2CqNsbt