Бир жамоа яратаётган хавфли вазиятларни таҳлил қилишда бу вазиятлар характерини аниқлаб олиш муҳим. Бу мавжуд муаммога тўғри баҳо бериш ва ечимлар излашда катта аҳамиятга эга.
Хавфли вазиятларни икки турга ажратиш мумкин. Биринчиси, жамоа тўғри ҳужум қилиб, хавфли вазиятлар яратади ва хавфли зарбалар йўллайди. Аммо рақиб дарвозабонининг ўта муваффақиятли ўйнаши, омадсизлик натижасида гол бўлмайди. Бу ерда жиддий муаммо йўқ, агар жамоа шундай ўйнашда давом этса, натижалар яхши томонга ўзгаришини кутиш мумкин.
Иккинчиси, жамоа ўйин давомида жуда кўп хавфли вазиятлар яратади, жуда қулай позицияларга эга бўлади, аммо кўнгилдагидек фойдалана олмайди. Нотўғри қарорлар қабул қилиши, зарбани яхши ижро эта олмаслиги мумкин. Қоғозда жуда кўп вазиятлар яратилаётгандек кўринса-да, муаммо бор – ҳужумчилар билан ишлаш керак.
Мана шу фарқлиликни аниқлаш учун xG дан ташқари, xGOT кўрсаткичи бор.
xG ни жуда яхши биламиз. Дарвозага йўлланган ҳар бир зарбанинг ижро пайтидаги хавфлилик даражасини аниқлайди. Масалан, зарба ижро этилаётганда 1) масофа 2) тўпнинг ҳолати, қай даражада қулайлиги, ҳаводан, тез келаётган, бош билан, ва ҳоказо 3) зарба йўналишида рақиб футболчиларининг кўплиги, дарвозабон позицияси эътиборга олиниб, xG ҳисобланади.
xGOT фақат аниқ зарбалар га эътибор қаратиб, унинг қай даражада кучли чиққани, дарвозанинг хавфли нуқтасига боргани муҳим ҳисобланади. Яъни, масалан, яқин масофадан, дарвозабон билан яккама-якка ҳолатда ҳужумчи тўпни осмонга тепиб юборса, xG баланд бўлади, аммо xGOT нолга тенг. Агар зарба аниқ бўлса-да, кучсиз ва дарвозабон учун қулай берилса, xG баланд бўлади, xGOT эса жуда паст ҳисобланади. Ёки айтайлик, узоқроқ масофадан дарвоза бурчагига ўта кучли зарба берилиб, дарвозабон даҳшат сейв қилса, xG паcт бўлади, xGOT эса юқори. Ҳар қандай пеналти xG да 0,79 га тенг, аммо xGOT да зарбанинг сифатига қараб ҳар хил. 2024 йилнинг энг чиройли голи бўлган Гарначонинг чалқанча зарбаси xG да атиги 0,08 чунки, узоқдан, чалқанча зарба билан гол уриш қийин, аммо xGOT да баланд, 0,48, чунки тўп борган нуқта ва зарба кучли чиққанидан, бундай борган тўпларнинг қарийб ярми голга айланади. Демак, қайсидир маънода xG жамоа яратган зарба учун қулай позицияларни, xGOT ўша позициялардан қай даражада хавф ярата олганини билдиради. Менимча, тушунарли.
Энди мана шу ўлчовда “Манчестер Юнайтед”нинг сўнгги ўйинлардаги вазиятларига эътибор берилса, аниқроқ картинага эга бўламиз. “Тоттенҳэм” ва “Борнмут”дан кейин кўп ўқияпман – “МЮ” кўп вазият яратмоқда ва бу ўйинларда мағлубиятга учраган бўлса-да, рақибидан XG да устунликка эга бўлди. Демак аслида ўйин яхши бўлаётгани ва фақат омад туфайли ҳисоб бошқача бўлаётганини айтиш мумкинми?
“Тоттенҳэм” билан ўйинда xG бўйича “МЮ” 2.56-0.67 устунликка эришган. Яъни тўрт баробардан кўпроқ устунлик. Лекин xGOT га қаралса, 2.67-2.20 – устунлик унчалик яққол эмас, деярли тенглик. “Борнмут” билан ўйинда xG бўйича ҳисоб 2.28 – 1.63 МЮ фойдасига, аммо xGOT бўйича 1.45-2.34, “Борнмут” фойдасига. Масалан, “Тоттенҳэм”га қарши ўйинда “Челси” худди “МЮ” каби XG яратган, аммо xGOT икки баробар кўп – 4.19 га тенг. “Челси” ўз вазиятларидан икки баробар хавфлироқ, голга яқинроқ зарбалар ижро эта олган.
Бу шу деганики, “Манчестер Юнайтед” яхши вазиятларга, қулай позицияларга кўпроқ чиқаётгани билан, ижро жуда ёмон – жуда кўп яхши вазиятлар ноаниқ ёки унча хавфли бўлмаган зарбалар билан кўкка совурилмоқда. “МЮ” вазиятларни голга айлантира олмаётгани рақиб дарвозабонининг супер ҳаракатлари оқибатида эмас, ҳужумчиларда маҳорат етишмаётганидан келиб чиқмоқда. Демак, бу ерда кейинчалик голларга айланиши мумкин бўлган омадсизлик эмас, ростан ҳам ҳал қилиниши лозим бўлган муаммо бор. Ҳужумчиларнинг ўйин маҳорати, совуққонлиги ва услуби борасида анча ишлаш ёки керакли транферларни амалга ошириш керак.
@aslanov_futbol